ЕОИИ Россиянинг экспансионистик қуролидир

30
0

ЕОИИ Россиянинг экспансионистик қуролидир

2025 йил 14 август куни Қирғизистоннинг Чўлпон-Ата шаҳрида Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг саммити бўлиб ўтди. Мазкур саммит Россиянинг Марказий Осиёдаги ташқи сиёсатининг ажралмас қисмига айланган стратегик устунлигини яна бир бор намоён қилди. Имзоланган ҳужжатлар турли иқтисодий интеграция масалаларини қамраб олган бўлса-да, аслида улар Кремлнинг минтақадаги сиёсий ва иқтисодий ҳукмронлигини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларининг яққол далилидир. Бу ҳаракатларни Россиянинг одатий мустамлакачилик сиёсатининг давоми сифатида кўриш мумкин. Кремл ЕОИИ доирасидаги иттифоқ ва интеграция кўринишида Марказий Осиёдаги асосий жараёнларни назорат қилиш учун ўзининг иқтисодий ва сиёсий қудратидан фойдаланмоқда.

Саммитнинг энг муҳим қарорларидан бири ЕОИИ ягона товар бозорида биржа савдосини ривожлантириш дастурини тасдиқлаш бўлди. Бу қарор, минтақа мамлакатларидан аввал, биринчи навбатда, Россия учун фойдалидир. Глобал иқтисодий ва сиёсий санкциялар шароитида ҳамда Ғарб томонидан қўйилган тўсиқларни ҳисобга олинганда, Россия ўз бозорини ЕОИИ доирасида ўраб олиш орқали биржа савдосида устунликка эришмоқчи. Бундай ёндашув Москвага ички бозорда ўз мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда нархлар ва савдо оқимларини назорат қилиш имконини беради.

Трансчегаравий бозорлардаги рақобатга доир битимларни қабул қилишнинг аҳамияти ҳам бундан кам эмас. Рақобат қоидаларининг бузилишига қарши кураш бўйича белгиланган янги чоралар биринчи навбатда Россия учун фойдалидир. ЕОИИ ичидаги энг йирик иқтисодиёт сифатида Россия ўз ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш учун ушбу механизмлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Аниқ кўриниб турибдики, Москва бу бозорларда ўзи учун иқтисодий устунликни таъминлашга ва ташқи ўйинчиларнинг рақобатбардошлигини назорат қилишга интилмоқда. Бундай қадамлар хорижий маҳсулотларга қарамликни камайтириш ва Ғарбдан мустақиллик билан ички барқарорликни таъминлашга қаратилган.

Божхона тўловларини тақсимлаш масаласи ҳам эътиборга молик қарорлардан бири бўлди. Россия, албатта, бу механизмлардан ресурсларни ўз манфаатлари йўлида тақсимлаш ва босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланишга интилади. Божхона тўловларидан тушган даромадлар ЕОИИга аъзо давлатлар бюджетларига бевосита таъсир қилади. ЕОИИ доирасида ташқи савдода пешқадамлик қилаётган Россия учун бундай қарорлар унинг Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти устидан ҳукмронлигини мустаҳкамлашга замин яратади. Россия ўз “мустамлакаларининг” иқтисодиётини бошқариш учун мана шундай молиявий қарамликдан фойдаланиб келади.

Яна бир муҳим масалалардан бири – ЕОИИ доирасида тиббий ускуналар ва дори-дармонларнинг ягона бозорини ривожлантиришдир. Бундай интеграция Россияга стратегик аҳамиятга эга бўлган соҳада Ғарбга қарамлигини камайтириш имконини беради. Шу билан бирга, Москва минтақада тиббиёт саноатидаги ролини янада кучайтиради. Дарҳақиқат, Россия ушбу товарларни етказиб берувчи тарафга айланиб бормоқда, чунки у “иттифоқдошларини” зарур ресурслар билан таъминлаш учун ўзининг махсус шартларини қўймоқда. Бу кетишда Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам кучайиши аниқ.

Транспорт ва логистика йўлаклари масаласи ҳам Россия сиёсатининг асосий жиҳатларидан бири бўлиб қолмоқда. Транспорт сиёсати бўйича “йўл харитаси”га киритилган ўзгартиришлар Москва минтақадаги инфратузилмани яхшилаш йўлларини излаётганини кўрсатмоқда. Бу унга Марказий Осиё мамлакатлари учун муҳим бўлган транспорт оқимларини назорат қилиш учун қўшимча ричагларни қўлга киритиш имконини беради. Россия ҳозирда товарлар ва хомашёларнинг асосий транзит маркази бўлиб қолмоқда. Шуниндек ЕОИИ доирасида транспорт алоқаларини ривожлантиришга қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракатлар Москвага минтақадаги иқтисодий ва геосиёсий етакчилигини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Охирги муҳим масала Евроосиё иқтисодий комиссиясига номзодларни белгилаш ва тасдиқлаш бўлди. Россия ЕОИИ олий ҳукумат органларидаги муҳим лавозимларга ўз одамларини тайинлашга интилмоқда. Бу унга долзарб мавзуларни белгилаш ва фақат Москва учун фойдали бўлган қарорлар қабул қилиш имконини беради. Бундай жараён Россияга нафақат иттифоқ доирасида, балки халқаро миқёсда ҳам ўз мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шу билан бирга, Москва муҳим иқтисодий ва сиёсий қарорларни қабул қилишда ўз ҳукмронлигини сақлаб қолади.

Хулоса қилиб айтганда, бу қарорлар Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири кенгайишини яққол кўрсатиб турибди. “Ўзаро манфаат” ва “иқтисодий интеграция” баҳонасида Москва ўзининг назорат сиёсатини амалга оширишда давом этмоқда. Бу сафар янги сиёсий ва иқтисодий воситалар орқали эски мустамлакачилик усулларидан фойдаланмоқда. ЕОИИ бундай ёндашув учун қулай платформага айланди. Бу шунчаки иқтисодий иттифоқ эмас, аксинча Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳукмронлигини сақлаб қолишга қаратилган кучли геосиёсий стратегик иттифоқдир.

Худжад Жамия

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here