АҚШ ва Россия Арманистон-Озарбайжон тақдирини қандай ҳал қилмоқда?
2025 йил 8 август куни Арманистон ва Озарбайжон ўртасида дастлабки тинчлик шартномаси имзоланди. Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги навбатдаги декларациянинг имзоланиши Доналд Трампнинг урушларни жиловлаш йўлида сиёсий очко тўплашга уринишларидан бирига айланди. Аниқроғи, бу орзу қилинган тинчлик мукофотини олиш йўлидаги навбатдаги ғалаба бўлди. Бу воқеа Жанубий Кавказнинг янги геосиёсий босқичида ҳам бурилиш нуқтасига айланди.
Имзолаш маросими АҚШ президенти Доналд Трампнинг иштирокида Оқ уйда бўлиб ўтди. Унинг таъкидлашича, Арманистон ва Озарбайжон ўзаро барча адоватларни тўхтатиб, очиқ савдо, туризм ва дипломатик муносабатларни йўлга қўйишга, шунингдек, бир-бирининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга интилади. Трамп, шунингдек, АҚШ ҳар иккала давлат билан ҳам энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришганини, эндиликда Вашингтон Арманистон ва Озарбайжон орқали транзит йўлагини ривожлантириш устида иш олиб боришини маълум қилди. Ўз навбатида Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдиришди.
Ташқаридан қараганда тинчликни ифодаловчи бу келишув, аслида Жанубий Кавказ каби стратегик муҳим минтақада буюк давлатлар ўртасидаги янги сиёсий курашнинг бошланишидир. Ушбу келишувнинг имзоланиш жараёни, афсуски, ўртадаги низонинг тугашини англатмайди. Аксинча, бу воқеа АҚШ, Россия ва Хитой каби йирик давлатлар учун сиёсий ўйинлар майдонини кенгайтирмоқда. Ҳар бир ўйинчи ушбу минтақада ўзининг сиёсий, иқтисодий ва стратегик манфаатлари учун кураш олиб боради.
Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можаросининг тарихи XIX асрга бориб тақалади. Бу можаро СССР парчаланганидан кейинги ўн йилликларда яна-да кучайди. Тарихда Усмонли халифалиги таркибига кирган бу ерларда бир пайтда арманлар ҳам, озарбайжонлар ҳам яшаб келган. 1991 йилда (СССРдан) мустақилликка эришгандан сўнг, Арманистон-Озарбайжон можароси маҳаллий тўқнашувлардан бошланиб, 1992-1994 йилларда кенг кўламли урушга айланди. Бу уруш 2020 йилда яна қайта авж олди. Минтақада стратегик таъсирга эга бўлган Россия расман Арманистон хавфсизлиги учун кафил бўлишга ҳаракат қилди. Бироқ Туркиянинг Озарбайжонга тўғридан-тўғри дастак бериши ва АҚШнинг қўллаб-қувватлаши сиёсий харитани ўзгартириб юборди.
Россия ўзининг анъанавий усулига кўра, минтақада ўз таъсирини сақлаб қолиш учун “музлатилган можаролар”дан фойдаланишда давом этаверади. Кремл можароларни тугатишдан эмас, балки ўз статус-квосини сақлаб қолишдан манфаатдор, чунки бу унга доимо воситачи ва “барқарорлик кафолати” бўлиш имконини беради. Бундай стратегия Россияга тинчликпарвар кучлар, ҳарбий базалар ва иқтисодий босим орқали вазиятни назорат қилиш, шунингдек, минтақа давлатларининг унинг таъсиридан бутунлай чиқиб кетишининг олдини олиш учун шароит яратади. Бу борада “музлатилган можаро” Кремлнинг қўлидаги назорат қуроли ҳисобланади. Агар унинг манфаатларига қандайдир зиён етадиган бўлса, “музлатилган низолар”дан ўз мақсади йўлида фойдаланади. Бироқ Туркия ва АҚШнинг Озарбайжондаги таъсири кучайгани сари Россиянинг мавқеи заифлашиб, бу Москвани хавотирга солмоқда. Ўз мавқеини йўқотиш хавфи муқаррар равишда Кремлни жавоб қайтаришга ундайди ва у сиёсий ва ҳарбий манипуляция орқали ўз ҳукмронлигини тиклашга ҳаракат қилади.
АҚШ эса энергия маркази сифатида стратегик аҳамиятга эга бўлган ва Россияни жиловлаш сиёсатининг муҳим қисми ҳисобланган Озарбайжонни фаол қўллаб-қувватламоқда. Вашингтон узоқ вақтдан бери Москвага қарши минтақавий шерик сифатида Озарбайжондан фойдаланиб, эътиборини Европага энергия етказиб беришни диверсификация қилишга қаратиб келади. Сўнгги пайтларда АҚШ Озарбайжонни Иброҳим келишувларига қўшиш ғоясини очиқ қўллаб-қувватлаб, шу орқали минтақада ўз таъсири ва назоратини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, АҚШ Озарбайжонни Россиянинг таъсирини камайтиришга қаратилган стратегиянинг асосий элементи сифатида кўради.
Туркия Озарбайжонни қўллаб-қувватлаш билан бирга, АҚШга ҳам маъқул сиёсат юритиб, Кавказда ўз таъсирини кенгайтиришга интилмоқда. 2020 йилги уруш Туркиянинг Озарбайжон учун нақадар муҳим эканлигини кўрсатди. Анқаранинг стратегик мақсади Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёда ўз таъсирини кучайтириш, шунингдек, Зангезур йўлаги каби инфратузилма лойиҳаларида иштирок этишдир. Бу йўлак ресурслар ва юкларни ташиш учун янги йўналишларни очади ҳамда Озарбайжон ва Туркманистон билан иқтисодий алоқаларни яхшилайди.
Эрон эса Туркия ва АҚШнинг минтақадаги таъсирининг кенгайишидан хавотирга тушиб, Арманистонни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Эрон учун Жанубий Кавказ муҳим буфер зона ҳисобланади. Бу ерда Туркия ёки АҚШ таъсирининг кучайиши унинг ички барқарорлиги ва сиёсий хавфсизлигига таҳдид солади. Шунингдек, ўз ҳудудини четлаб ўтувчи янги энергия йўлларининг пайдо бўлиши ҳам Эронни хавотирга солади, чунки бу унинг транзит давлат сифатидаги стратегик аҳамиятини сусайтиради.
Хитой эса Жанубий Кавказни “Бир камар, бир йўл” стратегиясининг асосий қисми деб билади. Минтақадаги инфратузилма ва энергетика лойиҳаларини ривожлантириш Хитойга Яқин Шарқ ва Марказий Осиёда ўз таъсирини кучайтириш, янги савдо ва энергия йўналишларини яратиш имконини беради. Бу унинг халқаро майдондаги ролини кучайтиради.
Мана шундай шароитда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида дастлабки тинчлик битимининг имзоланиши узоқ муддатли геосиёсий ўйиннинг дастлабки натижаси дейиш тўғри бўлади. Можарони тўлиқ ҳал қилиш учун асосий ўйинчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиш керак. Уруш расман тўхтатилган бўлса-да, бу минтақада бошқа қарама-қаршиликлар бўлмайди, дегани эмас. Аксинча, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги зиддият, шунингдек, Зангезур йўлаги бўйича тўқнашувлар таъсир талашишда кураш манбаи бўлиб қолади, бунда йирик давлатларнинг манфаатлари тўқнашади.
АҚШ, Туркия ва Хитой минтақадаги ўз позицияларини мустаҳкамлашда давом этади. Россия эса расман тинчликпарвар сифатида намоён бўлса-да, ҳақиқатда мағлубиятга учраган томон сифатида қийин аҳволда қолиб, ўзининг стратегик ҳукмронлигини тиклашга ҳаракат қилади. Эрон ҳам ўз манфаатларини ҳимоя қилиб, Арманистонни қўллаб-қувватлайди ҳамда Туркия ва АҚШ таъсирининг кенгайишига қарши курашади. Бу давлатлар учун Жанубий Кавказ қимматли стратегик минтақа ҳисобланиб, уларнинг ҳар бири ўз манфаатлари йўлида уни назорат қилиш учун у ердаги чексиз зиддиятлардан фойдаланади.
Натижада, Арманистон ва Озарбайжон каби давлатлар ички низолари билан йирик давлатлар манфаатларига йўл очишда давом этиб, ташқи кучлар қурбони бўлиб қолаверади. Бу ўлкаларнинг доимий барқарорликка эришиши ҳам гумонлигича қолмоқда ва уларнинг ташқи таъсирларга қарамлиги уларнинг ички ва ташқи сиёсатини белгиловчи асосий омил бўлиб қолмоқда.
Абду Шукур