Ислом Уммати икки оғир мусибат гирдобига тушиб қолди: бузғунчи ҳукмдорлар ва бузуқ тузум

43
0

 

Матбуот баёноти

Ислом Уммати икки оғир мусибат гирдобига тушиб қолди: бузғунчи ҳукмдорлар ва бузуқ тузум

Иккаласи ҳам бир вақтнинг ўзида йўқ қилиниши шарт!

2025 йил 26 июл куни Куала-Лумпурда мисли кўрилмаган халқ норозилик намойиши бўлиб ўтди. Намойишчилар Малайзия бош вазири Датук Сери Анвар Иброҳимнинг истеъфосини талаб қилдилар. Бу чиқиш халқнинг раҳбариятга нисбатан тобора кучайиб бораётган ғазаби ва умидсизлигини яққол намоён этди. Чунки мазкур раҳбарият ислоҳотлар бўйича берган ваъдаларини бажаришда нафақат муваффақиятга эриша олмади, балки солиқларни ошириш, электр тарифларини кўтариш ва асосий истеъмол товарлари нархини қимматлатиш орқали халқни янада оғир аҳволга солиб қўйди.

Халқнинг ғазаби кун сайин кучаймоқда. Бу эса Анвар Иброҳимнинг иккиюзламачи сиёсатини кенг жамоатчилик аниқ кўриб тургани билан боғлиқ. Анвар ўзини гўё коррупцияга қарши қатъий кураш олиб бораётган раҳбар сифатида намоён қилмоқда. Бироқ амалда у коррупционерларни ҳимоя қилиб, уларни юқори лавозимларга тайинламоқда. Шу билан бирга, у қайта-қайта қимматбаҳо хорижий сафарлар уюштирмоқда. Бу сафарларни у кўпинча миллиардлаб долларлик хорижий сармоялар жалб қилиш ҳақидаги ваъдалар билан оқлаяпти. Аммо улар аслида ҳеч қандай ҳақиқий натижа бермаган, қуруқ ва мазмунсиз шиорлардан иборат холос.

Гарчи мухолафат халқ ғазабидан фойдаланиб, норозилик намойишини уюштиришга эришган бўлса-да, аммо ҳукмдорнинг ўрнига ҳақиқий ва аниқ альтернатива таклиф қила олмади. Яъни, агар Анвар истеъфога чиқса, унинг ўрнига ким келиши ҳақида ҳеч қандай аниқ таклиф йўқ. Норозилик ҳаракати эса фақат бош вазирни четлатишга қаратилган бўлиб, халқни сиёсий ечимлар асосида эмас, ҳиссиётлар орқали йўналтиришда давом этмоқда. Ачинарлиси, муаммони фақат Анвар Иброҳим шахси билан боғлаш – халқни чалғитувчи ва юзаки қарашдир. Чунки асл муаммо ҳукмдор шахсида эмас, балки анча вақтдан бери амал қилиб келаётган ботил ва бузуқ тузумнинг ўзидир.

Малайзия 1957 йил мустақиллик эълон қилганидан буён президент ва бош вазир лавозимини ўн киши эгаллади, ҳокимият эса Миллий Фронт, Умид Иттифоқи, Миллий Иттифоқ каби турли сиёсий партиялар ҳамда ҳозирги Маданий ҳукумат қўлида бўлди. Гарчи аҳолининг жуда кичик қисми нисбатан фаровон ҳаёт кечираётган бўлса-да, аксарият халқ учун иқтисодий қийинчиликлар тобора оғирлашмоқда. Ижтимоий муаммолар ҳам хавотир уйғотадиган даражада кескинлашган. Таълим соҳасидаги муаммолар ҳалигача бартараф этилгани йўқ. Жиноятчилик даражасида эса пасайиш эмас, балки даҳшатли ўсиш кузатилмоқда, ҳатто полиция тизими ичида ҳам. Сиёсий саҳна эса доимги можаролар, коррупция, омонатга хиёнат, ҳокимият учун курашлар ва турли номақбул сиёсий хатти-ҳаракатлар билан булғанган. Бунинг доимги жабрланувчиси эса халқ бўлиб келмоқда.

Қисқаси, йиллар давомида ҳукмдорлар неча марта алмашмасин, халқ на чинакам хотиржамликни, на ҳақиқий фаровонликни кўрди. Ҳар бир сиёсий даврда халқ ҳукумат зулмига қарши кўтарилиб, ўз ҳақларини талаб қилди. Доктор Маҳатир Муҳаммаднинг илк бош вазирлик давридан то бугунгача бош вазирлар ўз партиялари ва ташқи кучлар босими остида истеъфога мажбур қилинган. Бироқ ҳар сафар янги раҳбар тайинланса ҳам, халқ орзу қилган ҳақиқий ўзгаришлар рўёбга чиқмади. Ўзгармасдан мустаҳкам қолаётган ягона нарса мустамлакачилар томонидан мамлакат мустақиллигига қарши мажбуран ўрнатилган демократик тузум бўлмоқда.

Кофирлар томонидан ўрнатилган ва Ислом аҳкомларига мутлақо зид бўлган тузум наҳотки Ислом Уммати учун ҳақиқий ечим тақдим эта олса?! Мусулмонлар шу асосий ҳақиқатни англаб етмоқлари шарт: тузумни ўзгартирмасдан, фақат бош вазирни алмаштириш Уммат бошидан кечираётган асил муаммоларни ҳаргиз ҳал қилмайди.

Бу ҳақиқат фақат Малайзияда эмас, балки Ислом оламининг барча бурчакларида кузатиляпти. Тунис, Миср, Яман ва Ливияда Араб баҳори давомида халқ қўзғолонлари содир бўлиб, ҳукмдорлар ағдарилди, бироқ тузумлар ўзгармади, улуғвор қўзғолонлардан кейин ҳам халқ азоб-уқубатда яшашда давом этди. Судан, Туркия, Покистон, Бангладеш, Индонезия ва бошқа кўплаб исломий юртларда ҳукмдорлар неча бор алмашди, аммо мустамлакачилик давридан қолган секуляр тузумларга ҳеч ким тегмади. Шу боис Умматнинг аҳволи ҳеч қачон тубдан ўзгармади.

Уммат битта ковакдан икки марта чақтирмаслиги кераклигини англамоғи шарт. Ачинарлиси, Малайзияда бу хато бир ёки икки марта эмас, балки неча бор такрорланди. Демократик тузум остида ҳокимиятга келганлар Исломни татбиқ этишда нафақат муваффақиятсиз бўлган, балки умуман бу ишни хоҳламаслиги ҳам қайта-қайта исботланган. Шунингдек, мустамлакачилардан мерос бўлиб қолган демократия Исломга зид бўлибгина қолмай, балки қасддан Исломни ҳаётдан ажратиш мақсадида тузилган. Бошқача айтганда, у Исломни ҳаётда татбиқ этишга йўл қўймаслик учун қасддан ўрнатилган.

Бугун Ислом Умматини ҳалокат домига тортаётган ҳақиқий фожиа икки йўналишдан келмоқда: бир томондан бузғунчи ҳукмдорлар, иккинчи томондан асосидан бузуқ бўлган тузум. Ҳар иккисининг ҳам бузуқ эканига мутлақо шубҳа йўқ.

Бузғунчиликка асосланган тузумлар фақат бузғунчи ҳукмдорларни етиштириб чиқаради. Бу ҳукмдорлар эса айнан шу бузуқ тузумларни сақлаб қолиш ва бардавом қилиш учун ҳаракат қиладилар. Масалан, коммунизм – коммунизмни асраб-авайлайдиган ва ҳимоя қиладиган коммунист ҳукмдорларни, капитализм эса капитализмни асраб-авайлайдиган ва ҳимоя қиладиган капиталист ҳукмдорларни етиштириб чиқаради. Демократия ҳам худди шу йўсинда, ўзини мустаҳкамлаш учун, фақат ўзига хизмат қиладиган ва уни ҳимоя қиладиган ҳукмдорларни етиштириб чиқаради. Демак, ҳукмдор ва тузум битта танганинг икки томони бўлиб, бири иккинчисини қувватлайди ва ҳимоя қилади.

Шу боис, Умматнинг бу оғир мусибатлардан қутулиш йўли ҳукмдорларни ҳам, тузумни ҳам бир вақтнинг ўзида ўзгартиришдир. Чунки Исломда шаръий раҳбар – халифадир, шаръий тузум ва давлат эса Халифаликдир. Ҳизб ут-Таҳрир ана шу Халифаликни барпо этиш йўлида бутун дунё бўйлаб тинмай ҳаракат қилмоқда. Биз эса Умматни шу йўлга чорлаймиз: Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни барпо этиш учун биз билан бир сафда туриб, биргаликда ҳаракат қилсин.

 

Абдулҳаким Усмон

Ҳизб ут-Таҳрирнинг

Малайзиядаги расмий нотиғи

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here