Россия Қирғизистонда ўз таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда

23
0

Россия Қирғизистонда ўз таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2 июл куни Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Бу учрашув Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Қирғизистонга расмий ташрифи ортидан кутилмаган ҳолда ташкил этилди. Одатда, давлат раҳбарларининг расмий учрашувлари олдиндан белгиланиб, учрашув куни эълон қилинар эди. Бироқ, Жапаровнинг ушбу сафари ҳақида оммавий ахборот воситалари ҳам бир кун олдин хабар топди. Бундан ташқари, расмий учрашув форматида кўп эътибор қаратиладиган мавзулар ҳам кўтарилмади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Қирғизистон ташқи сиёсатида Россияга боғликлигини биринчи ўринга қўймоқда. Қирғизистон ҳукуматининг бундай қадам ташлашига Россиянинг сўнгги пайтларда мухолифат кучларини қўллаб-қувватлаётгани ва муҳожирларга босимни кучайтиргани сабаб бўлди. Чунки Кремл минтақадаги бошқа ўйинчилардан фарқли ўлароқ, ўз таъсири остидаги мамлакатларда босим ўтказиш ва қўрқитиш сиёсатини олиб боради.

Украинага очилган уруш ва Ғарб санкциялари туфайли Кремлнинг Марказий Осиёдаги таъсири заифлашди. Яқин Шарқда уруш оловининг алангаланиши ва Ғарбнинг, хусусан Американинг асосий диққатини Хитой ва Яқин Шарққа қаратиши Россияга бироз енгил нафас олиш имконини берди. Шу боис Россия илк саъй-ҳаракатларини Марказий Осиёдаги қулай давлат бўлмиш Қирғизистонда ўз таъсирини кучайтиришдан бошлади. Шу мақсадда у ўзининг олдинги сиёсатидан бироз фарқли ўлароқ, сақофатини кучайтиришга эътибор қаратмоқда. Масалан, икки президентнинг учрашув чоғида маданият ва таълим соҳасидаги ҳамкорликка эътибор қаратилди. Айни пайтда Қирғизистонда 200 нафар рус ўқитувчиси ва 200 нафар муаллим фаолият юритмоқда. Улар мамлакатда рус тилини мустаҳкамлаш ва давлат таълим тизимини Россия таълим тизимига мослаштириш доирасида иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, рус тилида таълим берадиган мактаблар сонини кўпайтириш мақсадида Россия маблағлари ҳисобидан мактаблар қурилмоқда. Ҳозирда 9 та мактаб қуриб битказилди. Айни пайтда Қирғизистон-Россия Славян университети ислоҳ қилиниб, катта кампус қурилиши бошланди. Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасининг раҳбари Қамчибек Ташиев мактаб васийлик кенгашига раислик қиладиган бўлди. Шу боис Путин Қирғизистонда рус тилига “алоҳида мақом берилгани” учун Жапаровга миннатдорчилик билдирди.

Қирғизистонда қирғиз тилининг таъсирини кучайтириш учун қабул қилинган қонунлар ҳамда ғарб маданиятининг кучайиши ва мусулмонларнинг Ислом маданиятини ўрганишга қаттиқ интилиши Россиянинг бундай қадам ташлашига туртки бўлди. Чунки, сақофат муайян мафкурага тегишли илм бўлиб, у шу мафкуранинг тарихи, қонуни, адабиёти ва тилини ўз ичига олади.

Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва савдо алоқалари ҳам стратегик аҳамиятга эга. Ўтган йили Россия-Қирғизистон ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 11 фоизга ошган бўлса, жорий йилнинг тўрт ойида бу кўрсаткич 17 фоиздан ошди. Россия Қирғизистонга асосан нефт, қурилиш материаллари, ўғитлар, дон маҳсулотлари, дори-дармонлар экспорт қилади. Қирғизистон эса Россияга асосан қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат маҳсулотларини экспорт қилади. Икки давлат ўртасидаги йиллик товар айирбошлаш ҳажми 3,5-4 миллиард долларга етади. Қирғизистон ташқи савдосининг деярли тўртдан бир қисмини Россия билан амалга оширади. Россия Қирғизистонни ўз таъсири остида ушлаб туриш учун сиёсий жиҳатдан МДҲдан, иқтисодий жиҳатдан ЕОИИдан, ҳарбий жиҳатдан эса ОДКБдан фойдаланиб келади.

Мумтоз Маваруннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here