Жапаров “Дин тўғрисида”ги қонунни имзолади

20
0

Жапаров “Дин тўғрисида”ги қонунни имзолади

Қирғизистон президенти Садир Жапаров жамоатчиликнинг кескин қаршилигига учраган “Дин тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Жапаров ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, динни маҳкам ушлаган фуқаролар бу қонунга ўз эътирозларини билдириб, уни қайтаришни сўрашган. Шу билан бирга, уни имзолаб, кучга киритишни сўраган секуляр фуқаролар ҳам бўлган. Унга кўра, секуляр кўзқарашдаги фуқароларнинг сони динни маҳкам ушлаган фуқаролар сони билан тенг экан.

“Қонунда фақат битта аниқ белгиланмаган масала бор. Бу – уйма-уй юриб даъват қилиш масаласидир. Бу масалани Муфтиёт ва уламолар кенгаши тартибга солиб, ким даъватга чиқади, қайси орган унга гувоҳнома беради, ким назорат қилади ва ҳоказо каби режаларни аниқ ёзиб, бизга таклиф қилсангиз, қайта кўриб чиқамиз”, деди. – деди Жапаров.

Президент мамлакатда суд томонидан тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” ва шу каби 20та ташкилот ва ҳали таъқиқланмаган 14та жамият фаолият юритаётгани, уларга қўшилаётганлар сони кундан-кунга ортиб бораётганини қўшимча қилди.

Изоҳ:

Жапаров ўз баёнотида жамоатчилик эътиборини уйма-уй юриб даъват қилишга қаратиш орқали қонун лойиҳасидаги Исломга қарши моддаларни яширишга уринмоқда. Масалан, янги қонун лойиҳасига кўра, масжид ва мадрасалар фақат тегишли муассасаларнинг рухсати билан қурилади. Аввалгидек, уларни ҳашар йўли билан ёки ҳомийлар томонидан қуриш тақиқланади. Шунингдек, ушбу лойиҳада жамоат жойларда ва давлат муассасаларида ниқоб тақишни тақиқлаш таклифи киритилган. Қонунни бузган муслима опа-сингилларимизга 20000 сўм, юридик шахсларга эса, 60000-65000 сўм миқдорида жаримага тортиш кўзда тутилади.

Бундан ташқари, “воиз” атамаси атайин жорий этилиб, бу билан дин ходимларининг интернетдаги ва минтақалардаги баёнотларини назорат қилиш ва чеклаш кўзда тутилмоқда. Масалан, туман масжиди имом-хатиби ўзи рўйхатдан ўтган ҳудуддан ташқарида даъват қилиши ёки диний фаолиятини амалга ошириши мумкин эмас. Шунингдек, даъват қилиш учун олий диний маълумотга эга бўлиши ва ҳар йили Диний комиссия рўйхатидан ўтиши керак. Агар хутбалардан бирида ҳукумат манфаатларига зид ёки қонунга зид бўлган шаръий мажбурият ҳақида сўз юритган бўлса, Диний комиссия унинг фаолиятини дарҳол тўхтатиш ҳуқуқига эга. Рўйхатдан ўтмаганлар эса даъват қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Ҳозирда мазкур модда доирасида, қонун қабул қилинмаган бўлса ҳам, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ижтимоий тармокларда Исломий мавзулар қўяётган мусулмонларга таҳдид қилиб, дастурларини тўхтатиш ёки чеклашни талаб қилмоқда.

Аслида, даъват қилиш, шунингдек яхшиликка буюриб, ёмон ишлардан қайтариш ҳар бир мусулмоннинг зиммасида фарздир. Уни тарк қилган киши худди намозни тарк қилган киши каби гуноҳкор бўлади. Қолаверса, шариатга кўра, ўзингиз яхши билган иш борасида сиз олим саналасиз, уни билмаганларга етказиш, ўргатиш сизнинг бурчинггиз ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

«… فَرُبَّ حَامِلِ فِقْهٍ غَيْرُ فَقِيهٍ، وَرُبَّ حَامِلِ فِقْهٍ إِلَى مَنْ هُوَ أَفْقَهُ مِنْهُ»

«…баъзида фиқҳни кўтарган киши фақиҳ бўлмаслиги ва баъзида у ўзидан фақиҳроқ кишига етказиши мумкин».

Ҳукумат эса, уйма-уй юриб, даъват қилишни таъқиқлаш билан уйларда ва давлат рўйхатидан ўтмаган масжид-мадрасаларда дарс қилишга, Қуръон ўрганишга тўсқинлик қилишни ҳам кўзламоқда.

Дарҳақиқат, ҳар бир мусулмон, хоҳ маҳаллада, хоҳ кўчада, хоҳ масжидда бўлсин, Исломни еткизишга ҳаракат қилади. Ёмонликни кўрса, уни қўли ёки тили билан тўхтатиш учун бор кучини ишга солади. Чунки Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

مَن رأى منكم منكرا فليغيره بيده، فإن لم يستطع فبلسانه، فإن لم يستطع فبقلبه، وذلك أضعف الإيمان” رواه مسلم.

“Сизлардан ким мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан ўзгартирсин. Бу (қалби билан ўзгартириш) имоннинг энг заифидир”.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бизнинг зиммамиздаги масъулиятни эслатиб, шундай дедилар: “Аллоҳга қасамки, албатта сиз яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасиз, ва золимнинг қўлидан ушлаб, уни мажбуран ҳаққа бўйсундириб, ҳаққа чеклаб қўясиз. Ёки, Аллоҳ айримларингиз билан айримларингизнинг дилларига зарба беради, сўнгра уларни (Бану Исроилни) лаънатлаганидек, сизларни ҳам лаънатлайди”.

Бинобарин, ҳукумат томонидан қабул қилинган қонун лойиҳаси Ислом дини ва қадриятларига зиддир. Ҳукумат мазкур қонун лойиҳаси орқали мусулмонлар фаолиятини назорат қилиб, жамиятга чуқур кириб бораётган Исломий даъватни тўсишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг ягона сабаби диний соҳада қабул қилинган қарорларнинг мустамлакачи давлатлар ва уларнинг қуролига айланган халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг босими остида қабул қилинишидир.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

مَا مِنْ وَالٍ يَلِي رَعِيَّةً مِنْ الْمُسْلِمِينَ فَيَمُوتُ وَهُوَ غَاشٌّ لَهُمْ إِلَّا حَرَّمَ اللَّهُ عَلَيْهِ الْجَنَّةَ

“Мусулмонларга бошчилик қилиб, уларни алдаган ҳолда вафот этган ҳар бир раҳбарга Аллоҳ таоло жаннатни ҳаром қилади” (Имом Бухорий ривояти).

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here