Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши қачондан бошланиши маълум қилинди

422
0

ХитойҚирғизистонЎзбекистон темирйўли қурилиши қачондан бошланиши маълум қилинди

  Хабар: Қирғизистон ҳукумати 19-май куни 2022-2026 йилларда темирйўл транспортини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини тасдиқлади.

 Маълумотга кўра, қарор нафақат темирйўл транспорти ва инфратузилмасини келажакда ривожлантириш ва яхшилаш учун шароит яратади, балки темирйўл орқали йўловчи ва юк ташиш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилади.

 “Темирйўл тармоғини ривожлантириш Вазирлар маҳкамасининг устувор йўналишларидан биридир. Кузда мустақиллигимиз тарихидаги энг йирик лойиҳа – Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўналиши бўйича темирйўл қурилишини бошлаш режалаштирилган. Бу лойиҳани қўллаб-қувватлаш зарур”, – деди вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров йиғилишда.

 Изоҳ: “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш ташаббуси 2000-йилларнинг бошларида кўтарилганди. Аммо бу лойиҳа Россиянинг минтақадаги манфаатларига зид келганлиги сабабли шу вақтга қадар амалга ошмай келди. Россия Украина ботқоғига ботиб боргани сари Марказий Осиё устида қолган ўйинчилар Хитой, АҚШ ва ЕИ ўртасидаги кураш тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Хитой вақтдан фойдаланиб Россия шу вақтга қадар тўсқинлик қилиб келган “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасини амалга оширишга жиддий киришмоқда. Хитой фақат шу лойиҳа билан чекланиб қолмай, минтақа давлатлари билан савдо хабларини барпо қилиш ва шу орқали минтақага ўзининг иқтисодий экспанциясини янада кучайтириш йўлидан бормоқда.

 АҚШ эса Украина урушини имкон қадар узоқроқ чўзиш орқали Россияни ҳолдан тойдириб, унинг Марказий Осиё республикалари устидан бўлган нуфузини заифлаштиришга уринмоқда. Шу мақсадда Америка ўз расмийларини бирин кетин минтақага жўнатмоқда. Туркманистон пойтахти Ашхободда бўлиб ўтган брифингда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Дин Томпсон Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга умид қилаётгани ва уларнинг суверенитети ва иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришни қўллаб-қувватлаш ниятида эканлигини айтди.

 “Биз Марказий Осиёдаги ҳамкорлар билан ушбу мураккаб, тарихий даврда турли муҳим масалалар бўйича ҳамкорликда иш олиб боришга умид қиламиз. Бу ишда Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларини мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитлигини мустаҳкамлаш, улкан иқтисодий ва тижорат салоҳиятини рўёбга чиқаришда қўллаб-қувватлашни мақсад қилган”, – деди Томпсон. Томпсоннинг айтишича, у Тошкентга келишни ҳам режалаштирган. Бундан ташқари, 23-25 май кунлари Америка Қўшма Штатлари давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Доналд Лу бошчилигидаги АҚШ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтади.

 Россия эса ҳозирги иқтисоди ҳолатида минтақа давлатларига иқтисодий ёрдам кўрсатиш имконига эга эмас. Шу сабабли ҳам минтақа устида АҚШ ва Хитой кураши қизиши кутилмоқда.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here