Бишкек “қизил” зонага кирди

620
0

Бишкек қизил зонага кирди

 Эпидемиолог Зуридин Нурматовнинг айтишича, COVID-19 касаллиги кўпайганлиги сабабли Бишкек “қизил” зонага киритилган:

 “Пойтахт уч кундан бери “қизил” зонага киритилган. Чуй вилояти “сариқ” зонада жойлашган. Бошқа минтақаларда вазият барқарор”, -деди Нурматов.

 Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳисоб-китоблар беморнинг атрофида қанча одам потенциал коронавирусни юқтирганлигини ҳисобга олган ҳолда олиб борилади. Агар бу кўрсаткич 50 кишидан ошса, унда аҳоли пункти “қизил” зонанинг тоифасига киради.

 Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазири Алимқодир Бейшеналиевнинг айтишича, Қирғизистонда коронавирус инфекциясининг учинчи тўлқини май-июн ойларида бошланиши мумкин.

 Касалхоналарда 648 бемор ушбу касалликдан даволанмоқда, улардан 34 нафарининг аҳволи оғир.

 Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги аллақачон “COVID-19”ни юқтирганларнинг “қайта юқтириш ҳолатлари жуда кам бўлганлиги” ҳақида огоҳлантирди.

 Шу билан бирга, вазирлик томонидан 29 мартда бошланган эмлаш ҳали режага мувофиқ кетмаяпти. Гарчи 15 апрелга қадар 75 минг фуқаро иммунизация қилиниши керак бўлсада, саккиз кун ичида фақатгина 545 киши COVID-19га қарши эмланди.

 Илова: Қирғизистон президенти Садир Жапаров МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга мамлакат жанубида юз берган, юзлаб фуқаролар ҳалок бўлган ва минглаб одамлар яраланган ва жароҳатланган 2010-йилги фожиали июн воқеаларига оид материалларни ўрганишни топширди. Бу ҳақда президент маъмуриятининг ахборот сиёсати бўлими хабар қилди.

 Хабарда айтилишича, амалга оширилган ишлар натижаларига кўра давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорлар тўғрисида тўлиқ маълумот бериш, шунингдек, қонунийлик ва холисликка риоя қилган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилиш тўғрисида кўрсатма берилди.

 Таҳлил: Аввалроқ, Жапаров МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга 2010-йилги июн воқеаларини қайта текшириш вазифасини топширган эди. Чунки, Жапаров томонидан илгари сурилган янги конституция лойиҳаси кўплаб баҳсу мунозараларга ва қаршиликларга сабаб бўлди. Янги конституцияни “хонституция” деб номлаб олган ғарбпараст сиёсатчилар Россияни рози қилиш илинжида янгиланаётган ва президент ваколатларини кенгайтирадиган ушбу ўзгаришларга жиддий қаршилик қилиб келишмоқда. Аммо ғарбпараст кучлар талабларига қулоқ солмаган Жапаров Россия қўлловини умид қилган ҳолда конституция бўйича референдумни 11-апрелга белгилади. Референдумдан кейин ғарбпараст сиёсатчилар томонидан бўлиши мумкин бўлган эҳтимолий қаршиликлар ва халқни ҳокимиятга қарши кўтаришга бўлган уринишларининг олдини олиш мақсадида Жапаров июн воқеаларини текширишни топширди. Сабаби, 2010 йил июн воқеаларини ташкиллиштиришда асосий ролни ғарбпараст “муваққат ҳукумат” аъзолари ўйнаган эди. Ушбу қайта текширишлар орқали Жапаров уларнинг ҳар бирига қарши “компромат” тайёрлаб қўймоқчи.

 Қолаверса, Жапаров президентликка келишдан олдин берган ваъдаларини ҳозирга қадар бирортасини бажармади. Ўзини “Қумтор” ҳимоячи сифатида тақдим қилиб халқ мехрини қозонган бўлса, президентликка келгач “Жеруй” олтин конини сувтекинга Россияга бериб юбориши ва иқтидорга келгандан бери нарх-навонинг кундан-кунга ошиб бориши халқнинг унга ва янги ҳукуматга нисбатан бўлган ишончини йўққа чиқармоқда. Бундан ташқари, Жапаров май ойига бориб “свет” нархини арзонлаштиришни ҳам ваъда қилган. Бироқ, Садир Жапаров “Kazinform”га берган интервьюсида: “Тўқтагул сув омбори билан боғлиқ вазият ҳозиргидек давом этса, “ҳалокатли ҳолатга келиб қолади”. Шу сабабли қўшни мамлакатлардан электр энергияси импортига оид масалалар кўриб чиқилаётганини, Қозоғистон 0,9—1 миллиард кВт/соат электр энергиясини экспорт қилишга тайёрлигини билдирди”, – деган эди. Бундан ҳулоса қилиш мумкинки, Жапаровнинг бу ваъдаси ҳам бажарилмаслиги аниқ. Табиийки, бундай вазиятдан ғарбпараст кучлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишади. Улар референдум ва бажарилмаган ваъдаларни рўкач қилиб халқни ҳокимиятга қарши кўтаришлари мумкин. Шу вақтга қадар бўлган барча давлат тўнтаришларида Бишкек асосий рол ўйнади. Аслида ҳам ўзгаришлар пойтахтдан бошланади ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларига тарқалиши табиий. Шу сабабли ҳам расмий ҳукумат эҳтимолий норозилик ва митинглар олдини олиш мақсадида Бишкекни ҳозирча “қизил” зонага айлантирди. Агар вазият қалтислашадиган бўлса коронавирус баҳонасида пойтахт тўлик карантин ҳолатига олинади. Бунга ҳозирдан тайёргарлик кўриш бошланди. 12 апрелдан бошлаб Бишкек шаҳридаги мактаблар ва болалар боғчаларида ўқув жараёни яна онлайн форматга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here