Туркманистонда полиция соқоллиларга ароқ ичирмоқда
Туркманистоннинг Лебоп вилоятида маҳаллий полиция “исломий кўринишдаги шахслар”ни таъқиб қилмоқда, уларни соқолини олишга ва ароқ ичишга мажбурламоқда. Озодлик радиоси туркман хизматининг маълум қилишича, бу йўналишда полиция мунтазам рейдлар ўтказмоқда ва ўз чақимчиларидан фойдаланмоқда.
Радио мухбирларининг билдиришларича, ўтган ҳафтада асосан Фароп ва Чоржў этрапларида ўтказилган рейдлар давомида ёши 55 ёшдан ошган, анъанага кўра соқол қўйган ва намоз ўқийдиган одамлар маҳаллий ҳокимиятларга чақиртирилиб, улар билан “тушунтириш ишлари” ўтказилган.
Полиция рейд давомида кўчада бораётган бир нечта соқолли шахсни тўхтатиб, уларни “диний экстремистлик” ва “ваҳобийлик”да гумонлаб полиция бўлимига олиб борган. Шундан сўнг соқоллилар ароқ ичишга мажбурланган.
Фаропдаги рейд давомида полиция хусусий уйлардан бирида намоз ўқишга йиғилган 10 кишини қўлга олган. Уларнинг барчасига “карантин қоидаларини бузиш” айблови билдирилган.
Изоҳ: Туркман президентлари “мустақилликка” эришганидан буён бошқа Марказий Осиёдаги мустабид режимлар қаторида Ислом дини ва унинг қадриятларига қарши тўхтовсиз курашини давом эттириб келмоқда. Туркманистоннинг биринчи президенти, марҳум Сапармурод Ниёзов қаламига мансуб “Руҳнома” китоби нашр қилинганидан сўнг оммавий ахборот воситаларида “Туркманбоши”ни пайғамбар деб аташ бошланди. Ниёзов томонидан тез-тез эълон қилинувчи амнистияга тушиш шартларидан бири – маҳбуслар “Руҳномага” имон келтириши, уни тўлиқ ёд олиши шарт эди. Бунга қарши чиққан туркманистонлик диний уламо Хожааҳмад Ўрозқиличев “Бу мусулмонлар эътиқодига зид” эканлигини айтган эди. Уламонинг шу сўзларидан сўнг туркман ҳукумати Ўрозқличев таржимасидаги туркман тилида чоп этилган 40 минг нусха Қуръонни ёқишга буйруқ берди. Ўрозқличев Ниёзовнинг ўзига хос кўрсатмаларини кескин танқид қилиб келгани боис унга қарши товламачилик, хизмат вазифасини суистеъмол қилиш, пора олиш каби қатор айбловлар билан жиноий иш очилди. Расмий ҳукумат пойтахт Ашхободдаги масжидларни тенг яримини бузиб ташлади ва ўз эътиқодида собит турган мусулмонларни турли хил айбловлар билан қамоққа ташлай бошлади.
“Туркманбоши”дан сўнг ҳокимият тепасига келган Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳам Ислом ва мусулмонларга қарши курашни давом эттирди. Нафақат давом эттирди, балки янада кучайтирди. Бердимуҳаммедов бошчилигидаги режим нафақат уламо ва масжидларга қарши, балки жамиятда исломий кўринишларга қарши курашни бошлаб юборди. 2015-2016 йилларда ҳам ҳукумат буйруғига биноан Дошўғиз вилоятида куч органлари соқол қўйган мусулмонларга қарши “ов” олиб боришганди. Миллий хавфсизлик бошқармаси ва йўл полицияси ходимлари соқол қўйган ва 50 ёшга тўлмаган мусулмон эркакларни ушлаб, махсус суҳбатдан ўтказиш ортидан, соқолларини мажбуран олиб ташлашган ва ҳатто уларни ароқ ичиб, чўчқа гўшти ейишга мажбурлашган эди. Куч органлари талабини бажармаган эътиқодли мусулмонлар эса ҳеч қандай суд ва терговсиз 7-8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
2017-йилда туркман ҳукумати намозхон мусулмонларга қарши кураш доирасида намоз ўқиган қуролли кучлар ҳарбий хизматчилар ва намоз ўқишни ташлаш талабини бажаришдан бош тортган давлат хизматчилари ишдан бўшатилиб, уларга қарши турли моддий ва жисмоний тазйиқлар ўтказиш кенг тус олган эди. Ҳарбийлар намоз ўқишни ташлаш талабини рад этгани сабабли қуролли кучлар сафидан бўшатиб юборилган, уйларида тинтув ўтказилиб, Қуръон китоби ва бошқа исломий китоблар “мусодара” қилинган эди…
Мусулмонлари бирлашиб ўзларини ҳимоя қилувчи қалқонлари – Халифалик давлатини барпо этмагунларига қадар ҳар қандай разил ва тубан кимсалар Ислом ва унинг қадриятлари, мусулмонларга қарши курашни давом эттираверади. Мусулмонлар эса ўз динларига эмин-эркин амал қилиш имконидан маҳрум бўлиб қолаверадилар.
Саҳиҳи Бухорийда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
الإِمَامُ جُنَّةٌ يُقَاتَلُ مِنْ وَرَائِهِ وَيُتَّقَي بِهِ
“Халифа қалқондир, унинг ортида туриб жанг қилинади ва у билан ҳимояланилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абдураҳмон Одилов