Қарз муддати узайтирилса Қирғизистон Хитойга қўшимча 2,9 миллиард сом тўлаши керак бўлади

514
0

Қарз муддати узайтирилса Қирғизистон Хитойга қўшимча 2,9 миллиард сом тўлаши керак бўлади

 Хитой ҳукумати томонидан Қирғизистонга қарзни тўлаш бўйича таклиф қилинган шартларга кўра қирғиз томони қарйиб уч миллиард сом ортиқча тўлаши керак бўлади. Бош вазир вазифасини бажарувчи Артём Новиков 25-ноябр куни парламентда Хитой билан музокаралар давом этаётганини маълум қилди.

 “Хитой қарзни тўлаш муддатини траншларга бўлиб тўрт йилга узайтиришни таклиф қилмоқда. Бундай муддатни узайтириш учун фоиз ставкаси 2 фоиз этиб белгиланди. Таклиф ҳукумат томонидан имтиёзлар бўйича белгиланган параметрлардан ошмайди. Ушбу сумманинг ортиқча тўлови 2,9 миллиард сом (ҳозирги курс бўйича 34 миллион 117 минг 647 доллар)ни ташкил этади”, – деди Новиков.

 Расмий ҳисоботларга кўра, Қирғизистоннинг 4,1 миллиард долларлик ташқи қарзининг 1,7 миллиард доллари Хитойнинг Экспорт-импорт банкига тўғри келади.

 Изоҳ: Охирги 12 йилда Қирғизистоннинг Хитой олдидаги давлат қарзи 200 баробар ўсди ва 1 миллиард 775 миллион 130 минг долларга етди. Қирғизистон ҳукумати ўтган йиллар мобайнида фақат олинган қарзларнинг фоизини тўлаб келди. Янги, 2021-йилдан бошлаб қўшимча фоиз билан бирга олинган қарзларнинг танини қайтаришни ҳам бошлаши зарур. Аммо бу қирғиз давлат бюджети учун ортиқча юк бўлиб, шундоқ ҳам ҳар йили камомад билан беркитилаётган бюджет учун адо қилиб бўлмайдиган даражага етди. Шу сабабли ҳам Қирғизистон расмийлари Хитойдан қарз муддатини узайтиришни илтимос қилиб келишмоқда. Апрел ойида эндиликда экс-президент мақомини олган Жээнбеков, май ойида ўша вақтдаги Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, жорий ойда Ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев Хитойдан қарз юкини енгиллатишни сўраб мурожаат қилишди. Хитой берган енгиллик эса Қирғизистон халқи зиммасига яна 2,9 миллиард сом қарз юкламоқда.

 Маълумки, мустамлакачи давлатлар Қирғизистон каби учинчи дунё давлатларига саноат ривожи учун қарз бермайди. Улар қарз беришдан аввал бериладиган маблағни ободонлаштириш, маданият ёки спорт комплекслари каби давлатга даромад келтирмайдиган соҳаларга сарфлашни шарт қилиб қўяди. Натижада қарз муддати тугагач, олинган маблағ у ёқда турсин, унинг устама фоизини тўлашдан ожиз бўлиб қолган давлат мустамлакачи давлатга қарам бўлиб қолишга маҳкум.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here