Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ўсиб бормоқда

651
0

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ўсиб бормоқда

 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси ташқи қарзининг миқдори 27,6 миллиард  долларни ташкил қилди. Бу ҳақида бугун АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк департамент директорининг ўринбосари Отабек Тожиддинов хабар қилди.

 Хабарда айтилишига кўра, ташқи қарзнинг 17,5 млрд доллари давлат қарзи ҳамда 10,1 млрд. доллари хусусий сектор қарзига тўғри келади.Ундан аксарияти (74%) 10 йил ёки ундан узоқ муддатга олинган кредитлардир.

 Хусусий сектор қарзларининг 45 % – банк секторига ва 44 % – нефт ва газ соҳасига тўғри келмоқда. Ташқи қарзнинг 71 % – АҚШ долларида, 12% – Евро ва 7 %- Япон иенасида олинган.

 Ташқи қарз динамикаси борасида гапирганда, сўнгги 3 йил давомида Ўзбекистон ташқи қарзи сезиларли даражада ўсиб келаётганини кузатиш мумкин.

Хусусан, 2017 йилда жами ташқи қарз миқлдори 17,3 млрд долларни ташкил қилган бўлса 2019 йилда у 24,5 млрдга етган ва 2020 йилнинг биринчи ярмида 27,6 млрд. долларга тенг бўлган. Йил охиригача ушбу кўрсатгич янада ўсиши кутилмоқда.

 Изоҳ: Ҳарварднинг Жаҳон иқтисодиёти институти ва Мюнхен университети олимлари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Хитойдан энг кўп қарз олувчи 50 та давлат рўйхатига Беларус, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳам кирган. Ўзбекистонинг энг катта ташқи қарзи Хитойдан бўлиб, умумий қарзининг 21%ини ташкил этади. Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, Хитой бошқа давлатларга берган кредитларининг умумий ҳажми 5 трлн. долларга яқинлашди бу – Жаҳон банки ва ХВЖ портфелидан икки баравар кўпдир. Хитой йирик қарз берувчига айланиб, шу орқали ўзининг иқтисодий экспансиясини кучайтирмоқда.

 Табиийки, Хитой минтақа давлатларига қарз бериш билан бир қаторда, уларни ўз талабларига бўйсунишга ҳам мажбур қилади. Масалан, 2019-йил июл ойида Европанинг 22 давлати Хитойнинг Шарқий Туркистондаги мусулмонларга қарши олиб бораётган  қатағон сиёсатини қоралаб чиқишган эди. Орадан бир куни ўтиб, аксари исломий юртлардан  иборат 35 давлат, жумладан Ўзбекистон ва Тожикистон Хитойни қўллабқувватловчи мактубни имзолашди. Қирғизистон эса Бирлашган миллатлар ташкилотида Хитойнинг Шинжонда олиб бораётган сиёсатини ёқлаб чиқди. “Мусиқани пулини тўлаган буюради” дейилганидек, мустамлакачи давлатлар, шу жумладан, Хитой ҳукумати ҳам Марказий Осиё минтақасидаги давлатларни қарз ботқоғига ботириб олгач, уларга нима қилиш ва нима ҳақида гапиришни ҳам тайинлай бошлайди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here