Коронавирусдан соғайган шифокорлар ишга қайтди

517
0

Коронавирусдан соғайган шифокорлар ишга қайтди

 Қирғизистонда коронавирусдан соғайиб кетган шифокорлар ишга қайтди. Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усенбаевнинг сўзларига қараганда, 21 апрел ҳолатига кўра аввал COVID-19ни юқтирган тиббиёт ходимларидан 13 нафари соғайди ва шифохонадан чиқарилди.

 “Шулардан 6 нафари шифокор, 5 нафари ўрта тиббиёт ходими ва тиббиёт муассасасининг икки нафар ходими. Соғайган шифокорлар ишга қайтишди”, – деди вазир ўринбосари.

 Умумий ҳисобда COVID-19га 147 нафар тиббиёт ходими чалингани айтилмоқда.

 21 апрел ҳолатига биноан Қирғизистонда коронавирус инфекциясига чалиниш билан боғлиқ 590та ҳолат қайд қилинди.

Изоҳ: Қирғизистон ҳукумати коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида халқаро молиявий ташкилотлардан қарз устига қарз олиб келмоқда. Мазкур маблағларнинг маълум қисми айнан тиббиёт соҳаси ходимларини ҳимоя воситалари билан таъминлаш учун сарфланаётгани хабар қилинмоқда. Масалан, Жаҳон банкидан олган қарзнинг 9 миллион доллари коронавирусга қарши курашиш учун ажратилгани хабар қилинди. Аммо, коронавурсга қарши курашда биринчи сафда турган тиббиёт ходимларининг бу иллатни ўзларига юқтириб олмаслик учун ҳимоя кийими ва воситалари билан тўла таъминланмагани ортидан расман қайд этилган касалларнинг деярли 4дан бирини айнан тиббиёт ходимларини ташкил этмоқда. Тиббиёт ходимлари бу касалликка ўзлари чалинганлари етмаганидек, оила аъзоларига ҳам юқтиришгани ҳақида хабарлар учраб турипти.  

 Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мадамин Каратаев 21-апрел куни бўлиб ўтган брифингда тиббиёт ходимлари махсус ҳимоя воситалари билан етарли миқдорда таъминланмаганини тан олди.

 “Дастлаб карантин ҳудудига ҳимоя кийимларисиз кириб ишлаган тиббиёт ходимлари кўпроқ касаллик юқтириб олди. Бироқ ҳозир Ош вилояти, Ош шаҳри ва барча ҳудудлардаги касалхоналарда тиббиёт ходимлари ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланди, камчиликлар йўқ”, – деди Каратаев.

 Унинг бу сўзлари воқеликка қанчалик мос келиши яқин кунларда маълум бўлади. Агар шундан кейин ҳам тиббиёт ходимлари орасидан касалликни янги юқтирганлар чиқиб келадиган бўлса олинаётган қарзлар ўз ўрнига сарфланмай “хом талаш” қилинаётгани аниқ бўлади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here