Хитой Ўзбекистондаги “Хавфсиз шаҳар” учун 1 миллиард доллар беради

769
0

Хитой Ўзбекистондаги Хавфсиз шаҳар учун 1 миллиард доллар беради

 Хитой Ўзбекистонда “Хавфсиз шаҳар” тизимини жорий этиш лойиҳаси учун 1 миллиард доллар пул беради. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг Хитой билан эришилган шартномаларни амалга ошириш бўйича қабул қилган қарорида сўз боради.

 24 сентябр куни Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган қарорда айтилишича, Тошкентда мазкур тизим 2020 йилнинг охирида ишга туширилади.

 2021 йил декабригача эса Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам “Хавфсиз шаҳар” тизимини жорий этиш режалаштирилган.

 Қарорда таъкидланишича, Хитой билан Ўзбекистон ўртасида 4 миллиард 300 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича шартномалар имзоланган.

Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари учун энг асосий инвестор Хитой бўлиб қолмоқда. Хитой бу минтақадаги давлатларга қарз бериш орқали ўзининг иқтисодий экспансиясини тобора кенгайтириб бормоқда.

 Табиийки, Хитой минтақа давлатларига қарз бериш билан бир қаторда, уларни ўз талабларига бўйсунишга ҳам мажбур қилади. Масалан, июл ойида Европанинг 22 давлати Хитойнинг Шарқий Туркистондаги мусулмонларга қарши олиб бораётган  қатағон сиёсатини қоралаб чиқишган эди. Орадан бир куни ўтиб, аксари исломий юртлардан  иборат 35 давлат, жумладан Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам Хитойни қўллаб-қувватловчи мактубни имзолашди.

 Хитой асосан Шарқий Туркистонда ўрнатаган “ақлли камералар” уйғур мусулмонлари бошига қандай кунларни солаётгани кўпчиликка сир эмас. Ислом ва мусулмонларга қарши курашда Хитойдан қолишмайдиган Ўзбекистон ҳукумати ҳам ҳозирдан бошлаб “ақлли камералар” фуқаролар юзини ўқий олмаётганини баҳона қилиб эркакларнинг соқолларини мажбуран олишни бошлаб юборди. Тошкентдаги “Малика” бозорида соқолли мусулмонларга қарши ўтказилган ва бугунги кунда мамлакатнинг бошқа вилоятларига ҳам кўчган рейдлар бунга мисол бўла олади. Хитой қарз бериш билан бир қаторда минтақадаги иқтисодий ночор давлатларидан Исломга қарши курашни кучайтиришни ҳам талаб қила бошлаши аниқ. Кейинги кунларда Қирғизистон мактабларида ўқувчи қизларнинг рўмол ўраши, масжидлар қуришни чеклаш масаласини кўтарилиши, Ўзбекистонда уйма-уй юриб, рўмол ўраган аёллар рўйхатга олина бошлаши Хитой қарз бериш эвазига қўяётган талаблардан бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас.

 Абдураҳмон Одилов.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here