Жээнбеков ва Путин минтақадаги хавфсизлик масалаларини муҳокама қилишди
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 20-сентябр куни Россия президенти Владимир Путин таклифига биноан бир кунлик иш сафари билан Оренбург шаҳрига учиб борди. Шу куни Россиянинг Оренбург вилоятида жойлашган “Донгуз” полигонида “Марказ-2019” ҳарбий стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Мазкур тадбир доирасида Қирғизистон ва Россия президентлари учрашиб, икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор масалаларини, шу жумладан, минтақадаги хавфсизликни таъминлаш масалаларини ҳам муҳокама қилишди.
Маълумки, 16-сентябр куни Боткен вилоятининг Лейлак туманидаги Мақсад қишлоғига яқин ерда қирғиз-тожик чегарачилари ўртасида отишма бўлиб, бунинг натижасида икки томондан 4 нафар ҳарбий ҳалок бўлган эди.
Томонлар содир бўлган ходисада бир-бирларини айблаб чиқишди. Қирғиз томони можарога Тожикистон фуқаролари аниқланмаган ҳудудда қурилиш бошлагани сабаб бўлганини айтиб чиққан бўлса, тожик томони Қирғизистонни “аниқланмаган ҳудудларда бинолар барпо” этишда айблади. Ҳатто Тожикистон ТИВ ихтилофли ерларда аввалги келишувларга зид равишда қурилишлар қура бошлагани учун Қирғизистон ҳукуматига норозилик нотаси юборди.
Аслида Тожикистон ҳукумати мустақил тарзда Қирғизистон билан чегарада бу қадар тажовузкорона ҳаракат олиб бориши мумкин эмас. Чегараларда тўхтовсиз давом этаётган мажоро ва келишмовчиликлар Россия томонидан бошқарилаётгани ва шу орқали мамлакат жанубида яна бир ҳарбий база очиш учун замин ҳозирлаётгани эҳтимолдан ҳоли эмас.
Бундан ташқари, рус ҳукуматининг Афғонистон ваҳимасини бўрттириб кўрсатишга бўлаётган ҳаракатлари ҳам Россиянинг Ўрта Осиёда ўз ҳарбий иштирокини янада кучайтириш учун қилаётган ҳаракатлар жумласидандир.
Абдураҳмон Одилов