Хитойнинг қудрати сунъий экани айтилди
Хитой иқтисодиёти ўсиши маҳаллий компанияларнинг мисли кўрилмаган даражада қарздорлигидан келиб чиқади, дейилади “China Beige Book” тадқиқот компанияси ҳисоботида. Ундан баъзи бир қисмлар “CNBC” томонидан келтирилди.
Муаллифлар Хитойнинг ютуқларини “қоғозда чизилган”, деб атаб, улар фақат бизнеснинг ортиб бораётган қарз юкида ушлаб турилганини кўрсатишмоқда. Бу билан эса ҳукумат сўнгги вақтларда, аксинча, курашишга ҳаракат қилган. Шу билан бирга, компаниялар учун қарз маблағлари қиймати тўхтовсиз равишда ўсиб бормоқда – 2019-молиявий йилининг биринчи чорагида (2018 йил октябрдан декабргача) у бир фоиз пунктидан ошди ва ҳозирда ўртача 6,9 фоизни ташкил этмоқда.
Кўпгина компаниялар банк бўлмаган ташкилотлар, жумладан, яширин секторда ишлайдиган корхоналардан қарз олишни афзал кўряпти. Бу кичик миқдор ва ишончсиз молиявий кўрсаткичлар туфайли одатий банк кредитини олиш қийинлиги билан боғлиқ. Ҳаттоки, Хитой Халқ банки томонидан янги механизм жорий этилиши – кичик бизнесни манзилли кредитлаш ҳам вазиятни ўзгартирмади. Бундан ташқари, мамлакатнинг йирик давлат банклари кичик корхоналарни кўпроқ кредитлаш ҳақида ҳукуматдан тўғридан-тўғри топшириқ олган.
Ҳозирги вақтда хусусий секторнинг қарз юки 2013 йилдан бери энг юқори даражада турибди. Ўтган йили ҳукумат вазиятни солиқларни камайтириш ҳисобидан тўғирлашга қарор қилди. Бу эса, янги йилнинг биринчи молиявий чорагида Хитой иқтисодиёти АҚШ билан савдо уруши фонида ўтган йилги пасайишдан сўнг “ишончли тикланиш”ни кўрсатишига олиб келди. Бироқ, энди экспертлар бу натижаларга шубҳа билан қарамоқда.