Ўзбекистон – АҚШ ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон-АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг еттинчи раундида иштирок этди.
ТИВ хабарига кўра, Америка Қўшма Штатлари делегациясига АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи, элчи Элис Уэллс раҳбарлик қилди.
Музокараларда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, баъзи халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Маслаҳатлашувларнинг сўнгги раундидан кейинги давр мобайнида икки томонлама муносабатлар ривожланишнинг янги босқичига кўтарилгани қайд этилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойидаги АҚШга расмий ташрифи ва унинг муваффақиятли якунлари мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларда янги саҳифа очди.
Ташриф доирасида 4,8 миллиард доллар қийматидаги икки томонлама ҳужжатларнинг имзоланиши ва амалга оширилишининг бошланиши, ўтган йилнинг кузида “Ўзбекистонда Америка бизнеси ҳафталиги” ва бошқа қўшма тадбирлар ўтказилиши савдо-иқтисодий, инвестицион ва технологик имкониятларни ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини тасдиқлади.
Шу куннинг ўзида “Сиёсат”, “Хавфсизлик”, “Иқтисодиёт ва савдо”, “Инсоний мезонлар” кичик гуруҳлари мажлислари бўлиб ўтди, ушбу тадбирларда икки томонлама муносабатларнинг аниқ масалалари кўриб чиқилди, дейилади хабарда.