Путин Туркиянинг Суриядаги ролини мақтади
Россия президенти Владимир Путин Россиянинг Туркия, Эрон ва АҚШ билан ҳамкорлиги туфайли Сурия инқирозини ҳал қилишда эришилган ютуқларни мақтади. Путин бу борада Туркиянинг ўрнига алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, Сурия масаласида Россиянинг Туркия ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлиги ўз самарасини бермоқда.
Россия президентининг бу баёноти Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли ва Мудофаа вазири Хулиси Акар Москвада россиялик ҳамкасблари Сергей Лавров ва Сергей Шойгу билан учрашуви пайтида янгради.
“Эрон, Европа давлатлари ва АҚШ каби бу ишдан манфаатдор давлатлар билан биргаликда олиб борган саъй-ҳаракатларимиз ҳамда БМТ билан ҳамкорлигимиз туфайли Сурия инқирозини ҳал қилишда сезиларли даражада олдинга қадам ташлашга муваффақ бўлдик”, деди Путин.
Шунингдек Путин Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатлар муҳим характерга эга бўлиб бораётганига ишора қилди. Унга кўра, икки мамлакат ўртасида минтақавий масалаларни, айниқса Сурия масаласини ҳал этишда тиғиз иқтисодий ҳамкорлик мавжуддир.
Ўз навбатида, Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Туркия Президенти Ражаб Таййиб Эрдоған яқин кунларда, Путиннинг Истанбулга ташрифини кутаётганлигини таъкидлади. У икки раҳбар, яъни Путин ва Эрдоған ўртасидаги “ресторанда овқатланиш келишув”ини ҳам гап орасида эслатиб ўтди.
Чавушўғли Россия пойтахти Москвада Сергей Лавров билан музокара ўтказган бўлса, Сергей Шойгу эса, Туркиялик ҳамкасби Хулуси Акар ва Турк разведкаси бошлиғи Хакан Фиданни қабул қилди.
Туркиянинг “TRT” телеканалининг хабарига кўра, Лавров ва Чавушўғли ўртасидаги музокараларнинг энг муҳими Сурия масаласи ҳақида, хусусан Идлиб вилояти ҳақида бўлиб ўтган.