Туркия ташқи ишлар вазири: Хитой билан ҳамкорликни давом эттирамиз

643
0

Туркия ташқи ишлар вазири: Хитой билан ҳамкорликни давом эттирамиз

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғли Хитойга сафар қилиб, Пекинда давлат расмийлари билан учрашув ўтказгач, Хитой Давлат маслаҳатчиси ва ташқи ишлар вазири Ванг Йи билан муштарак матбуот анжумани ўтказди. Анжуманда Чавушоғлу Хитой расмийлари билан икки давлат келажагига боғлиқ жуда муҳим ва самарали музокаралар амалга оширилганлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Туркия ҳукумати учун Хитой билан алоқани мустаҳкамаш муҳим аҳамият касб этганлиги туфайли у Ийд Рамазон байрамининг биринчи куни бўлса ҳам Хитойга сафарини амалга оширган.

“Қайта тикланадиган энергетика ва атом электр станциялари, учинчи атом электр станциясини қуриш каби масалалар устида ҳам муҳокама олиб бордик. Бундан ташқари мудофаа соҳасида ҳам бирга ишлашимиз мумкин, қўшма лойиҳаларимиз мавжуд. Туризм масаласида эса, Хитойдан Туркияга келаётган сайёҳлар сони деярли 98-100 фоизга кўпайди” – деди Туркия ташқи ишлар вазири.

Туркия ва Хитой ҳукуматлари муҳим стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун биргаликда иш юритаётганлигини айтиб ўтган Чавушўғли Туркия ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш истаги борлигини билдирди. Чавушўғлига кўра, бунинг учун хитойлик бизнесменлар Туркияда ўз сармояларини оширишлари керак бўлади.

Чавушўғли хавфсизлик ва “терроризм”га қарши кураш масалалари ҳам муҳокама қилинганлигига тўхталар экан, икки мамлакат бу борада бир-бирини қўллаб-қувватлашда давом этишини ҳамда хавфсизлик ва разведка соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

“Хитойнинг айниқса, муаммоларни ҳал қилишда юритаётган сиёсатидан биз мамнунмиз. Минтақавий масалалар бўйича ҳам, халқаро масалаларда ҳам, Хитой билан фикр ва муносабатларимиз бир хиллигини кўряпмиз. Хусусан, сиёсий ва тинч йўл билан ҳал қилинадиган масалаларда ҳамкорлигимизни давом эттирамиз”, деди Чавушўғли.

Туркия ташқи ишлар вазирининг Хитойга сафари Пекин ҳукуматининг Шарқий Туркистонлик мусулмонларга нисбатан амалга ошираётган зулми энг чўққига чиққан бир пайтга тўғри келди. Туркияда муҳожирликда яшаётган уйғурлар Туркия ҳукуматига қарата “Бутун дунё мусулмонарининг умиди сиздан”, деб мурожаат йўллашига қарамай, Чавушоғлу Хитой ҳукуматининг минтақадаги муаммоларни ҳал қилишда “холис ва конструктив” ёндашаётганлигини юқори баҳолади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here