АҚШ Марказий кучлар қўмондонлиги яна Трампга зид баёнот берди
АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ қўшинининг Суриядан олиб чиқилиши, ёки Саудия Арабистонидан олинадиган маблағ эвазига Сурияда қолиши ҳақда айтиб турган бир пайтда АҚШ Марказий кучлар қўмондонлиги Америка аскарларининг Суриядаги миссияси ҳали давом этишини маълум қилди.
АҚШ Марказий кучлар қўмондони Жозеф Вотелнинг таъкидлашича, ИШИДдан озод қилиган минтақани барқарорлаштириш учун АҚШ кучлари минтақада ҳали узоқ муддат хизмат қилиши керак.
“Суриядаги миссиямиз ҳали тугамади. Олдимизга турган ишларнинг энг қийин қисми минтақани барқарорлаштириш, Халқларнинг уйларига қайтишини таъминлаш, қайта қуришнинг узоқ муддатли муаммоларини назорат қилиш ва бошқа ишларни бажаришдир. Албатта бу ерда ҳарбий вазифа ҳам мавжуд. Биз Сурияда бир муддат қоламиз”, деди Вотел.
Марказий кучлар қўмондони Жозеф Вотелнинг Доналд Трампга қарши баёнот бериши ортидан Оқ Уйда давлат миллий хавфсизлик Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувдан сўнг Оқ Уй расмийлари АҚШ яна бир муддат Сурияда қолиши ҳақида баёнот берди.
АҚШнинг ИШИДга қарши кураш бўйича махсус вакили Бретт МакГерк ҳам “жиҳодчилар”га қарши кураш ҳали тугамаганлигини таъкидлади. Вашингтонда бўлиб ўтган тадбирда Вотел билан бирга сўзга чиққан МакГерк “Биз Суриядаги вазифамизни тамомлаганимиз йўқ ва уни охирига етказамиз”, деди.
Бундан бир неча кун аввал ҳам АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШнинг Огайо штатида АҚШ кучларининг Суриядан олиб чиқилишини маълум қилиши ортидан АҚШ давлат департаментининг матбуот котиби Хезер Науерт Трампнинг бундай режаси борлигидан хабари йўқлигини билдирган эди.