Эрдоған Трампни огоҳлантирди

860
0

Эрдоған Трампни огоҳлантирди

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Исроилдаги АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчириш ва Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олиши ҳақидаги баёноти турли қаршиликларнинг юзага келишига сабаб бўлди. Трампнинг бу иддаоларига биринчилардан бўлиб Туркия ва Фаластин норозилик билдирди.

Фаластин Озодлик Ташкилоти АҚШнинг бу ҳамласи Ислом ва араб дунёсига қарши уруш эълон қилиш маъносини англатишини билдирди. Гўёки, Америка ҳозирги кунда дунё бўйлаб мусулмонлар ва араб дунёсига қарши уруш қилмаётгандек.

 “Адолат ва тараққиёт” партиясининг йиғилишида нутқ сўзлаган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған эса Трампнинг даъвоси Туркия ва Исроил ўртасидаги мавжуд дипломатик муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди. Агар Трамп бу аҳдидан қайтмайдиган бўлса, Эрдоған Исломий ҳамкорлик ташкилоти билан унга таҳдид қилди.

“Жаноб Трамп! Қуддус мусулмонларнинг қизил чизиғидир. Бу бизнинг “Исроил” билан дипломатик муносабатларимизнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Биз Американи яна бир бор огоҳлантирмоқдамиз. Бундай қадам ташлай олмайсиз. Агар бундай қадам ташланса, биз Истанбулда Исломий ҳамкорлик ташкилоти саммитини чақирамиз”, деди Эрдоған.

Аммо Эрдоған Исломий ҳамкорлик ташкилоти АҚШга нисбатан қандай чора кўриши ҳақида сўз очмади. Чунки бу ташкилот дунёга келгандан буён шу пайтгача Ислом ва мусулмонларнинг манфаати учун бирор ишга қўл урган эмас. АҚШ бир неча йиллардан буён Ироқда, Афғонистонда қирғинларни амалга ошириб келмоқда. Россиянинг Сурияда амалга ошираётган қирғинлари тиним билмаяпти. Бундан аввал у Чеченистоннинг бошига не кунларни солмади. Марказий Африкада, Араканда ва дунёнинг бир қанча мамлакатларида мусулмонлар даҳшатли кунларни бошидан кечирмоқда. Исломий ҳамкорлик ташкилоти эса сукут сақлашда давом этмоқда.

Туркия президенти бош котибининг ўринбосари Иброҳим Қалин АҚШнинг даъволари Ислом аҳкомларига зидлигига эмас, балки БМТ қарорларига тўғри келмаслигига эътибор қаратди. Қалинга кўра, гўё Яқин Шарқда тинчлик ҳукм сураётгандек, Трампнинг бу баёноти у ердаги тинчлик жараёнига путур етказади.

“Бу Қуддуснинг диний ва тарихий мақомига, халқаро шартномаларга ва БМТ қарорларига бутунлай зиддир. Бундай қадам Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнини йўққа чиқаради ва янги-янги зиддият ва можароларга сабаб бўлади. Умид қиламизки, АҚШ маъмурияти бундай даҳшатли хатога йўл қўймайди. Қуддус ва Ҳарам-и шарифнинг мақомини сақлаш жуда муҳимдир”, – деди Қалин.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here