Америка ва Шимолий Корея ўртасида аста секин кучайиб бораётган таранглик

697
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم

Америка ва Шимолий Корея ўртасида аста секин кучайиб бораётган таранглик

Савол: Америка ва Шимолий Корея ўртасида аста секин таранглик кучайиб бормоқда. Америка Жанубий Кореяда ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда. Бу таранглик ортидан Америка улкан ҳарбий кемалар гуруҳини минтақага юборди. Бу кемалар орасида учоқ ташувчи кемалар ҳам бор. Айни пайтда шимолий Кореяни ядровий урушдан ҳам огоҳлантирди. Би-Би-Си радиоси 2017 йил 15 апрелда тарқатган хабарига кўра Шимолий Корея АҚШни минтақада фитна чиқармаслиги ҳақида огоҳлантирар экан шундай деди: «Биз Америкага қарши ядровий ҳужумга тайёрмиз». Бу таранглик ҳақиқати нимадан иборат? Бу икки давлат ўртасида ядровий уруш алангаланиб кетиши мумкинми? Бу таранглик Хитой чегараси яқинида бўлаётган экан, Хитойнинг унга муносабати қандай? Ёки Шимолий Корея Хитойга ишоняптими?

Жавоб: Тўғри, президент Трамп ўз мансабига ўтиргандан кейин Америка ва Шимолий Корея ўртасида таранглик кучая бошлади. Шунингдек Шимолий Кореянинг ракета синовлари Америкага бу давлатга дўқ-пўписа қилиши учун баҳона бўлиб қолди. Трамп ўз лавозимини эгаллагач, бу таранглик икки баробар кучайди. Гўё Трамп етакчилигидаги идора Шимолий Корея «таҳдиди»ни Америка ва унинг Осиёдаги иттифоқчилари фойдасига ҳал қилиш учун келгандек бўлди. Қуйида бунга ишора қилаётган ишларни келтирамиз:

1 – Америка стратегиясида Шимолий Корея масаласи унинг халқаро низомига бўйсунмайдиган, ҳарбий кучга эга социалистик давлатгина эмас. Балки Шимолий Кореянинг кичкина ҳажми ва кучи Американинг дунёдаги бирламчи масалалари сирасига кирмасада, Америка унга Хитой номли бир бутун вужуднинг бир қисми сифатида қарайди. Чунки Америка Хитой тараққиёти ўсиб бораётганини катта хатар деб билади ва Хитойнинг кучини йўқотиш учун барча вариантларни ўрганади. Хитой чегараси шу жумладан Шимолий Корея чегараси яқинида муҳитни таранглаштириш шу вариантларнинг биридир. Америка Обама даврида Шимолий Кореядан ташқари Хитой атрофидаги Ҳиндистон, Япония, Вьетнам, Филиппин каби давлатлар билан иттифоқ тузишга ҳаракат қилгани мазкур фикрни тасдиқлайди. Америка бу иттифоқларнинг Хитой атрофидаги ҳалқа бўлишини ва бу ҳалқа Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидан фойдаланишга интилиш ва дунё бўйлаб тижоратини кучайтириш сиёсатини чеклаб қўйишини истади.

Америка Хитой атрофида нафақат Шимолий Корея билан таранглик пайдо қилган, балки бошқа бир неча тарангликларни ҳам пайдо қилган. Масалан, Хитой билан Ҳиндистон ўртасидаги чегара низолари ҳамда бир томондан Хитой билан иккинчи томондан Япония, Филиппин, Вьетнам ва Малайзия билан ороллар масаласи ҳақидаги низолар шулар жумласидандир. Америка Хитойга қарши туриши учун Япония армиясидан аксар чекловларни олиб ташлади. Бугун Шимолий Кореяни ўз устиворлигига «таҳдид» деб атаётгани ҳам Хитойга қарши АҚШ стратегиясининг бир қисмидир… Американинг Шимолий Кореяга бўлган босими бугун энг қизғин даражага чиққан бўлсада, лекин у янги нарса эмас… Бу стратегия босим берувчи музокаралар услубида бошланди. Америка 1994 йилда Шимолий Корея билан ўтказган музокаралари оқибатида Пхеньян ядровий дастурини тўхтатди. 2008 йилда олтита давлат иштирок этган музокараларда Йонбёндаги атом реактори тўхтатилди. 2012 йилдаги музокаралар Шимолий Корея ядровий дастурини тўхтатиш ва халқаро текширувчиларни киритишга рухсат бериш билан якунланди.

Шимолий Корея ҳар сафар Америка ўз мажбуриятларини бажармаётгани сабабли ядровий дастурини қайтадан жонлантираверди. Чунки Америка Шимолий Корея ядровий дастурини тўхтатиши эвазига енгилсувли реакторларни бериш ва Шимолий Кореянинг икки реакторини мазут билан таъминлаш ҳамда унга кўмаклашиш мажбуриятини ўз бўйнига олган эди. Америка бунинг ўрнига Пхеньянни яна танглик майдонига қайтишига мажбурлар эди… Америка 2012 йил янги услубни қабул қилди, унга кўра, денгиз кучларининг 60 %ни Узоқ Шарққа жўнатадиган бўлди. Америка бу ишни кичкинагина Шимолий Кореяга қарши эмас, балки Хитойни заифлаштириш учун қилди. Бугун пайдо бўлган танглик ҳам шу заифлаштиришни охирига етказиш учун бўлди.

2 – Ташқи ишлар вазири Тиллерсон Американинг Шимолий Кореяга нисбатан стратегиясидаги сабр сиёсати тугагани ҳақида эълон қилди. Тиллерсон Сеулда Жанубий Кореялик ҳамкасби Юн Бёнсе билан ўтказган матбуот анжуманида шундай деди: «Аниқ қилиб айтсам, стратегик сабр сиёсати ниҳоясига етди. Биз янги хавфсизлик ва дипломатик чоралар қидирмоқдамиз ва барча эҳтимоллар ўртага ташланди… ». (Рейтер ахборот агентлиги 2017 йил 17 март).

Америка Ҳалаб шаҳрини топширишга қўзғолончиларни мажбурлашда Туркия ишини бажарганидан кейин Сурия хусусида қанчадир даражада хотиржамликка эришди. Бошқача айтганда, Америка фикрича Сурия қўзғолони хатари пасайгани туфайли энди Шимолий Корея масаласига эътиборни жамласа бўлади. Шунинг учун Сурия масаласи Обама идорасини бошини қотиргани каби Трамп президентлик столида Шимолий Корея масаласи бирламчи масала бўлиб қолди. Шундан кейин Шимолий Корея билан муносабатнинг таранглашуви Вашингтонда баланд куйланадиган қўшиққа айланди. Шунингдек Америка ўз стратегиясидаги сабр сиёсати тугаганини эълон қилиши Шимолий Корея муаммосини ҳарбий йўл билан ечиши эҳтимоли борлигига ишора бўлди. Бу ишлар ортидан Америка Шимолий Кореянинг ҳарбий машғулотларига қарши қуйидаги провокацион баёнотлар билан чиқди:

а) Америка ташқи ишлар вазири Тиллерсон Шимолий Кореяга қарши ядро қуролини қўллаш билан таҳдид қилиши (бунда Америка ташқи ишлар вазири Рекс Тиллерсон Жанубий Корея ва Японияни ҳимоя қилиш учун Шимолий Кореянинг сўнгги ракета синовларига қарши «ядровий тизим»ни ишга солиши ҳақида таҳдид қилди. Тиллерсон ўзининг Жанубий Корея ва Япониялик ҳамкасблари билан баёнот тарқатиб, унда АҚШ Токио ва Сеулни ҳимоя қилиш учун «ядровий тизим»ни ишга солиши ҳақида айтди). (Россиянинг спутник ахборот агентлиги 2017 йил 17 феврал).

б) Америка Жанубий Корея ва Японияни атом қуроллари билан таъминлаши ҳақидаги дўқ-пўписаси. (Америка ташқи ишлар вазири Рекс Тиллерсон Жанубий Корея ва Японияни атом қуроли билан таъминлаши мумкин бўлган ечимни қабул қилиши ҳақида айтди. Давлат котиби бунда Америка атом қуроли ушбу минтақада ёйилиши ҳақида гап борар экан, Жанубий Корея ва Япония яқинда атом қуролига эга бўлиши ҳақида айтди… ). (Спутник ахборот агентлиги 2017 йил 18 март).

в) Президент Трамп провокацион оҳангда Америка қуроллари ҳаддан ташқари кўплиги ва улар билан унга зарба бериши мумкинлиги ҳақида Шимолий Кореяга эслатиши. (Трамп яна кеча Хитой етакчиси Си Цзиньпин билан боғлангани ва бир соатли сўзлашувда ундан Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга АҚШда нафақат учоқ ташувчи кемалар, балки сув ости атом кемалари ҳам борлигини етказиб қўйишини талаб қилганини айтди. Трамп кескин оҳангда шундай деди: «Шимолий Корея атом қуролига эга бўлишига йўл қўймаслик керак. Айни пайтда уларда атом қуролини яратиш учун воситалар йўқ, лекин яқин келажакда воситаларни қўлга киритиши мумкин…»). Русиял Явм газетаси 2017 йил 13 апрел кунги сон, «Уолт Стрит» журналидан.

г) Пхеньян янги ракеталарни синаётганини эълон қилганидан кейин АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги таранглик кучайгани ва Шимолий Корея олтинчи ядровий синовларига тайёрланаётганидан хатар туғилгани сабабли АҚШ учоқ ташувчи кемаси ва қирувчи самолётларини Шимолий Кореянинг яқин жойига юборди. (Тинч океани бўйича Америка вакили Американинг Карл Винсон номли учоқ ташувчиси, ҳаво флоти, иккита эсминец ва битта крейсер Австралиядан Корея ярим оролига қараб йўналгани ҳамда «эҳтиёт чораси» сифатида ушлаб турилиши ҳақида айтди. Америка вакили яна Шимолий Корея ўзининг ракеталар дастури туфайли минтақага хатар туғдираётганини қўшимча қилди…). (Франс 24, 2017 йил 9 апрел).
Вице-президент Майк Пенс 2017 йил 22 апрел шанба куни Сиднейда матбуот вакилларига шундай деди: (Карл Винсон учоқ ташувчиси, битта крейсер ва икки эсминец яқин кунларда, яъни ушбу ой тугамасдан Япония денгизига келиб, ўз позициясини эгаллайди. Шимолий Корея режимидан хато қилмасликларни талаб қиламиз, чунки бу минтақада АҚШ ўз вужудига, турли соҳада ишлаётган ишчиларига ва манфаатларига эга. Шунинг учун биз ўз манфаатларимиз хавфсизлиги ва иттифоқчиларимиз манфаатини сақлашимиз керак. Пенс Америка Шимолий Кореянинг ҳар қандай ҳужумини «қақшатқич ва фаол» тарзда қайтариши ҳақида ваъда берди. Пенс яна Шимолий Корея Осиё ва Тинч океани минтақасидаги тинчлик ва хавфсизликка катта хатар деб таъкидлади. (Франциянинг AFP ахборот агентлиги, 2017 йил 22 апрел).

д) Америка армиясининг Жанубий Кореяда катта ҳарбий машғулотлар ўтказаётгани. (Жанубий Корея ва АҚШ ҳарбий кучлари пайшанба куни кенг доирадаги ҳарбий машғулотларни бошлади. Бу машғулотлар икки давлатнинг Шимолий Корея таҳдидига қарши курашдаги ҳимоявий тайёргарлигини синаш учун ҳар йили ўтказилади… Бу йилги машғулотлар Шимолий Корея 12 февралда амалга оширган баллистик ракеталар синовидан кейин таранглик кучайиши оқибатида ўтказилмоқда… (Рейтер, 2017 йил 1 март). Шуни ҳам эслатиб қўйиш лозимки, Жанубий Кореяда Американинг катта ҳарбий базаси бўлиб, унда 28500 Америка аскари жойлаштирилган. Бу ҳарбий база Хитой ҳавзаси ўлкалари ва тинч океани оролларида жойлашган ва таркибида 250000 аскари бўлган ҳарбий базаларнинг бир қисмидир. Бундан ташқари денгизда кезиб юрадиган бир қанча денгиз ҳарбий кучлари ҳам мавжуд.

3 – Булар Трампнинг уруш эшик қоқиб турибди деган дўқ-пўписаларига оид гаплар эди… Лекин бу ерда Америка айни пайтда урушни хоҳламаётганига ишора қилаётган далиллар ҳам мавжуд бўлиб, уларни қуйида келтирамиз:

а) Америка Шимолий Кореянинг ҳар қандай янги синовига қарши жавоб қайтаришга тайёрлигини кўрсатди ва уни қўрқитиб, атом ҳужуми бўлишига ваъда берди. Шимолий Корея эса 2017 йил 15 апрелда ўзининг ҳарбий кучини намойиш қилди. Пхеньян телевидениеси Шимолий Кореянинг сув ости кемаларидан отилувчи баллистик ракеталарини ва қитъалараро учадиган ракеталарга ҳам эга эканини, бошқача айтганда унинг ракеталари Америкага ҳам ета олишини кўрсатди. Мана шунда Шимолий Кореянинг бундай кучи Американи оғир аҳволга солиб қўйди. Чунки Америка урушни ўзига зарар етмайдиган қилиб режалаштиришни, яъни уруш унинг ерларига етиб бормайдиган бўлишини хоҳлайди. Шимолий Корея ўз кучини кўрсатгач, бу куч эҳтимоли олдида Америка оғир аҳволда қолди. Пхеньян ҳарбий кучини кўрсатиш, уни телевидение орқали намойиш этиш ва баллистик ракеталар билан қуролланган сув ости кемаларини кўрсатиш билан чекланиб қолмади. Балки у 2017 йил 16 апрелда қитъалараро учадиган ракетасини синовдан ўтказди. Шимолий Кореянинг бу синови муваффақиятли чиқмасада, лекин бу Американинг ғашига тегди. Бу эса Америка дўқ-пўписаси ўз вақтида бўлмагани, Америка дўқ-пўписаларини амалга ошира олмаслиги ва урушга тайёрмаслигини кўрсатди…

б) Жанубий Кореяга ракеталарга қарши «THAAD» ҳимоя тизими шу пайтгача жойлаштирилмади. Келишув тузилганига бир йил ўтган бўлсада, тайёргарлик давом этмоқда. (Америка ташқи ишлар вазирининг Осиё ва Тинч океани ишлари бўйича ёрдамчиси Сюзан Торнтон Жанубий Кореядаги ракеталарга қарши «THAAD» ҳимоя тизими режага кўра жойлаштирилади деб баёнот берди. Шуни ҳам эслатиб қўйиш лозимки, Американинг ракеталарга қарши ҳимоя тизими Жанубий Кореяда жорий йил июн-июл ойларида жойлаштирилиши шарт эди. Лекин афтидан Америка ва Жанубий Корея Шимолий Кореянинг ракета синовлари ортидан ишни тезлаштирганга ўхшайди. Вашингтон билан Сеул ўртасидаги Жанубий Корея ракеталарга қарши «THAAD» ҳимоя тизими келишуви 2016 йил июл ойида бўлган эди… Корея ярим оролида «THAAD» тизимини жойлаштириш режаси ҳақида Япония бу тизим минтақада хавфсизликни кучайтиради деб ҳисоблаётган бўлсада, бу Россия ва Хитойда хавотир уйғотаётган эди…). (Спутник ахборот агентлиги, 2017 йил 17 апрел).

в) Америка Хитой билан келишилган катта тижорат келишувини амалга ошириш учун белгиланган юз кун тўла бўлмай туриб Шимолий Кореяга қарши урушга кириш эҳтимолдан узоқроқ. Чунки Америка Трампнинг сайлов компаниясида Хитой товарларига 45 %лик солиқ киргизиш тўғрисида берган ваъдасига тескари ўлароқ Хитой билан бўладиган савдо хусусида айрим енгилликлар киритишни хоҳлаяпти. Бошқача айтганда Америка Хитойни алдаш ва Пхеньянга босим беришда уни ишлатишга ҳаракат қиляпти. Шунда бу нарса Хитойнинг Пхеньяндан воз кечгани ҳамда уни Америка ва унинг иттифоқчилари қаршисида ёлғиз ташлаб қўйганининг исботи бўлади.

Америка бу билан икки мақсадни амалга оширади:
Биринчидан: Америка агар шу ишда муваффақиятга эришса, Хитойни ўз иттифоқчиларидан воз кечган қилиб кўрсатиб, унинг мавқеини пасайтиради. Трамп ва Си Цзиньпин Флоридада тушлик қилишаётган пайт, яъни 2017 йил 7 январ Трамп Сурияга қарши ракета зарбаси беришга буйруқ қилиши ҳам Хитойни мавқеини пасайтириш бўлди, ҳатто айримлар буни Хитойни таҳқирлаш деб атади. Арабийя нет сайти 2017 йил 8 апрелда Америка армияси бош штаби бошлиғининг собиқ ноиби, битим асосида хизмат қилувчи генерал Жек Киннинг Трамп ишларига алоқадор гапини Ньюс Фокс сайтидан кўчириб тарқатди. Унда Жек Кин шундай деган эди: «Трамп айтганини қилади… У хитойликларга нота юборяпти». Бошқача айтганда Трамп Шимолий Кореяга қарши уруш қилишга қарор қилгани, Хитой Шимолий Кореяга босим ўтказиши ва ундан воз кечиши шартлиги ҳақида нота юборяпти. Хитой шундай қилса, у билан савдо келишуви енгил бўлади… деди.

Иккинчидан: Америка Шимолий Кореядаги хатарли вазият хусусида Америка ва Хитой ўртасида келишув борлиги ҳақидаги баёнотларни кўпайтириш орқали Шимолий Кореяга қарши Хитой картасини кўрсатишга уринмоқда. У бу билан Америка-Россия келишувини тезроқ амалга оширишни истайди. Демак у, Россия ва Хитой ўртасида беллашувга Кореяни ўйингоҳ қилади. Бундай баёнотларни кўпайтириш эътиборни тортмоқда… Вице-президент Майк Пенс Австралия бош вазири Малкольм Тернбулл билан берган матбуот анжуманида шундай баёнот берди: «Биз Хитой ташлаган қадамдан хурсандмиз»… Трамп ўтган ҳафта Шимолий Корея ахборот воситалари орқали АҚШни даҳшатли зарба бўлишидан огоҳлантиргандан кейин Хитой Шимолий Кореяни жиловлаб қўйишга шошилганини мақтади… (Ҳаёт журнали-Сидней, Рейтер ахборот агентлиги, 2017 йил 22 апрел).

е) Америка Шимолий Кореяни заифлаштириши мумкин бўлган куч билан унга қарши чиқишни истамоқда. Бу куч Россияни ҳарбий жиҳатдан Америка ёнида, Пхеньянга қарши қўйишда гавдаланади. Америка Россияни Суриядаги каби найза учи қилмоқчи. Шунда Шимолий Корея Россияни Америкага шерик деб ўйлайдида ва тинчи бузилади. Бу Киссенжернинг режаси бўлиб, Обама давридаги Россияга қарши жазо чоралари ҳам шу асосда бўлган эди. Трамп идораси шу режани якунлаш учун Россияга турли ҳийлалар қилмоқда. Бу ерда муҳим масала Шимолий Кореяга қарши келишим тузиш. Америка ташқи ишлар вазири Тиллерсоннинг 2017 йил 11 апрелда ташрифида ҳам шу масала кўрилди. Бу ҳақида Русиял Явм манбаси 2017 йил 16 апрелда Коммерсант газетасига таяниб шундай ёзди: «Москва сўзлашувлари натижасига кўра, АҚШ учун Шимолий Корея масаласи муваффақиятли бўлди. Тиллерсоннинг Москвага қилган ташрифидаги бирламчи масала аслида мана шу эди». Корея уруши Америка-Россия келишувидан олдин алангаланган экан, Америка катта зарарларни кўтариши мумкин. Америка Хитойнинг ядровий уруш юз беришидан қўрқиб, Шимолий Кореяга қарши АҚШ аралашуви билан боғлиқ таҳдиднинг кучаяётганидан таъсирланишини хоҳлаяпти…

4 – Мана шуларга кўра, Америка Шимолий Корея билан урушишга тайёр эмас ва унда бошқа ечим ҳам йўқ. Америка Хитойни Шимолий Кореяга босим беришини кутмоқда ва бу ишни тезлатишни хоҳламоқда. Шунингдек у Америка муаммони Хитойсиз ёлғиз ўзи еча олади деган баёнотларни кўпайтирмоқда. Бошқача айтганда Хитойга Америка билан бирга бўлиши шартлиги ва Пхеньянга ядровий қуролдан бош тортишида босим ўтказиши кераклиги ҳақида таҳдид қилмоқда.

Америка шунингдек Корея муаммосини ечишда Россияни ҳам аралашишини хоҳлаб, у билан иттифоқ тузмоқчи. Америка урушга тайёргарлиги мавжуд бўлмаган шароитда ўзининг дўқ-пўписаларидан чекина бошлади. Айни пайтда Шимолий Корея ракета ва ядровий синовларидан чекингани йўқ ҳамда Америка ерларигача етиб борадиган уруш бўлиши билан қўрқитмоқда. У ҳатто ядровий уруш бўлишидан қўрқмаслигини намойиш қилмоқда. Америка паст оҳангда гапираётганига оҳирги баёнотлар далилдир: (Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги исмини ошкор қилишни истамаган Америкалик ҳарбийга таяниб келтиришича, Вашингтон ҳозир, яъни ракета ва ядровий синовларини давом эттираётган пайтда ҳам Шимолий Кореяга зарба бериш нияти йўқ. Манбанинг қўшимча қилишича, Вашингтоннинг режаси Пхеньян Жанубий Корея, Япония ва АҚШни нишонга олгандагина ўзгариши мумкин. Америка етакчилиги айни пайтда яхшилаб мулоҳаза қилиш ва эскалацияга йўл қўймасликка келишиб олган… (Русиял Явм, 2017 йил 15 апрел). Америка ўзи ўйламасдан пайдо қилган тангликни пасайтиришга ҳаракат қиляпти. Америка ташқи ишлар вазирининг Осиё ва Тинч океани ишлари бўйича ёрдамчиси Сюзан Торнтон Америка Шимолий Корея билан низога боришга ёки ундаги режимни алмаштиришга ҳаракат қилмади деган.

Торнтон матбуот анжуманида шундай деган: «АҚШ Шимолий Корея билан бўлган муаммони Корея ярим оролида ядровий қуролдан воз кечиш орқали ечишни исташини очиқ айтди. Биз низо чиқариш ёки режимни ўзгартиришни хоҳламаймиз». (Русиял Явм, 2017 йил 17 апрел). Вице-президент Майк Пенс ҳисоблашича Вашингтон Пекин билан янги келишим тузар экан, Корея ярим оролида ядровий қуролдан воз кечиш имконияти бор. Бу нарса Шимолий Корея амалга ошираётган янги ядровий синовлардан туғилаётган хатарларга қарамай, имконияти бор иш. Пенс қўшимча қилиб шундай деди: Агар Хитой ва минтақадаги иттифоқчи давлатлар босим берса, Корея ярим оролини тинчлик йўли билан ядровий қуролдан холи минтақага айлантиришдек тарихий ҳодиса рўёбга чиққан бўлади… (Ҳаёт журнали- Сидней, Рейтер ахборот агентлиги, 2017 йил 22 апрел).

5 – Бу Американинг ўйламай қилган режаси натижасида Корея ярим оролида пайдо бўлган танглик ва вазият ҳамда ундаги тарафлар ҳолати ва умумий чизиқлардир… Лекин вазият ҳар қандай лаҳзада аланга олиб, уруш чиқиб кетиши ҳам мумкин. Уруш чиқиш ёки чиқмаслиги Америка билан Россия ўртасидаги келишувга қараб бўлади. Агар икки давлат келиша олмаса эскалация кучаяди. Агар келишув кечикса ёки ўртада келишув бўлмаса, Корея ярим оролидаги вазият танг аҳволда қолади ва Пхеньянга ядровий қуролдан воз кечишига босим кучаяди… Аммо Америка идораси Шимолий Корея билан бўлган муомаласида ўйланиб иш қилмаса унинг аҳволи хунук бўлади…

Американинг бугунги раҳбарияти мустаҳкам стратегия олиб борадиган даражада ақлли эмас. (Американинг собиқ мудофаа вазири Леон Панетта Вашингтон Шимолий Кореяни тўхтатиш учун берадиган зарбасининг оқибатидан огоҳлантириб, бу йўналиш қўйиладиган ҳар қандай қадам миллионлаган одамларни нобуд бўлишига олиб борадиган атом урушини алангалатади деган. АҚШнинг собиқ етакчилари Шимолий Кореяга зарба бериш ва милтиқнинг тепкисини босишдан қайтарган сабаб «мана шу» бўлган эди. Леон Панетта қўшимча қилиб шундай деди: «Америка раҳбарияти иборада адашмаслиги ва эскалацияга дуч келишдан огоҳ бўлиши керак, шунингдек ҳар қандай шошилинч билан қарор чиқаришдан эҳтиёт бўлиши керак». Панетта бунда Хитойни Вашингтон унга ишга аралашиши учун имконият берган экан, Шимолий Кореяни тинчлантиришини кутиб, мулоҳазали бўлишликка ишора қилган…). (Русиял Явм, 2017 йил 15 апрел).

6 – Аммо Хитойнинг позициясига келсак, у Американинг нафақат уруш, балки тангликни алангалатишидан билвосита ўзи кўзланганини англамоқда. Шунинг учун кучи етганича алангани олдини олишга ҳаракат қиляпти. Шунингдек низони тинч йўл билан ечишга ва ҳарбий ечим қўлламасликка чақираяпти ҳамда Корея ярим оролининг ҳарбийлашишини хоҳламаслигини айтмоқда. Шунинг учун Хитой минтақада «THAAD» ракета тизими ўрнатилишини кескин инкор қилди. Хитой ташқи ишлар вазирлиги Пекин «THAAD» тизими ўрнатилишига қаршилигини билдирар экан, Шимолий Корея ва унга қўшни давлатларни иғвогарлик амалларини қилмасликларини талаб қилди…). (Ал-Жазира нет, 2017 йил 17 апрел). Лекин Хитой бундан ҳам хунукроғи яъни уруш бўлиб кетишидан хавотирда. Хитой ташқи ишлар вазири Ван И шундай деди: «Агар уруш аланга олса, ғолиб бўлмайди». (Би-Би-Си 2017 йил 15 апрел). Аммо Хитойнинг ҳарбий тайёргарлиги Русиял Явм 2017 йил 14 апрелда Американинг United Press International ахборот агентлигига таяниб айтишича Хитой қуролли кучлари армия бош штабидан бешта ҳарбий минтақада максимал даражада тайёр туриш ҳақида бевосита буйруқ олган.

Ушбу ахборот агентлигининг Гонконгдаги ноҳукумат инсон ҳуқуқлари ва демократия марказига таяниб айтишича, Чунцин, Сичуань и Юньнаньдаги ҳарбий артилерия баталеонлари Шимолий Корея чегараси бўйлаб ҳаракатланиши ва ўша жойга жойлашиши ҳақида буйруқ олган. Хитой ғарбини қўриқловчи 47-армиянинг 25 минг аскари ҳарбий техникалари билан Шимолий Корея чегарасига яқин жойда жойлашган ҳарбий база томон ҳаракатланиш учун тайёрланишга буйруқ олган. Япония ахборот агентлигининг хабар беришича Хитой ҳарбийларининг Шимолий Корея чегараси томон ҳаракатланиш ортидаги ягона сабаб Вашингтон Суриянинг Шайрат ҳарбий базасига қилган ракета ҳужумига ўхшаш Пхеньянга ҳам ракета зарбалари беришидан Пекин хавотир олаётганидадир).
Бу ушбу масала ҳақида кутилаётган вақт мобайнида жорий бўлиши мумкин бўлган воқеаларнинг тахминий таҳлилидир. Биз шуларни айта оламиз, чунки бугун дунёни инсон кийимидаги ваҳшийлар бошқармоқда, улар учун инсон жонининг қиймати йўқ… Агар уларнинг манфаати қон тўкишни тақозо қилса, тезда ядровий ва ядровий бўлмаган қуроллари билан қонларни дарё қилиб оқизишади. Улар бундай разил ишларни олдин ҳам қилишган, ҳозир ҳам қилаверади… Капитализм ва инсонлар чиқарган бошқа низомлар йўқолмас экан ҳамда оламни бошқарар экан олам тинчлик ва хавфсизликни ҳис қилмайди. Ҳақ ва адолат низоми ва оламларнинг Роббиси низоми бўлмиш Халифалик низоми олам узра ҳукм сурса, унда яхшилик, фаровон ҳаёт ва хотиржамлик ёйилади. Чунки махлуқотларни яратган яратувчи уларга нима манфаатли бўлишини яхши билади.

«(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» [Мулк 14]
26 ражаб 1438ҳ
23 апрел 2017м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here