Қирғизистон ташаббуси билан КХШТнинг навбатдан ташқари йиғилиши бошланди

566
0

 Ўзбекистон чегарачилари 18 март куни Қирғиизстоннинг Ахси туманига яқин ердаги қирғиз-ўзбек чегарасидаги баҳсли ҳудудга ҳарбий техникалар билан кириб келиб, чегара пости ўрнатган ва баҳсли ҳудуд орқали ўтган Карвон-Олабуқа йўлидан қатнаган йўловчиларнинг ҳужжатларини текшира бошлаган эди.

 Ўзбекистон ҳукуматининг бу ҳаракати ортидан Қирғизистон чегара хизмати ҳам бу ҳудудга айни сондаги техника ва чегарачиларини жойлаштириган, Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги эса расмий Тошкентга норозилик нотасини жўнатган эди. Бироқ орадан кунлар ўтган бўлса ҳам ўзбек ҳукумати бу нотага жавоб қайтармади. Икки давлат расмийлари олиб борган музокаралардан сўнг эришилган натижа, ҳарбийлар сонини 8тагача қисқартиришга эришиш бўлди.

 Қирғиз-ўзбек чегарасида вужудга келган вазият ортидан 22 март куни Москвада Қирғизистон ташаббуси билан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг доимий кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

 КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдиновнинг хабар қилишича, КХШТ доимий кенгашининг йиғилиши Бишкек вақти билан 14:30 бошланди. Унда ташкилотга аъзо давлатларнинг доимий вакиллари иштирок этишди.

 Йиғилишда Қирғизистоннинг КХШТ доимий ва ваколатли вакили Омон Мамбетасанов ташкилотга аъзо давлатларга қирғиз-ўзбек чегарасидаги вазият юзасидан расмий маълумот берди. Йиғилиш 23 март куни ҳам давом этиши маълум қилинди.

 Ўз навбатида Қирғизистондаги мухолифат вакиллари қирғиз-ўзбек чегарасида вужудга келган вазиятдан фойдаланиб, 22 март куни Ахсида тинчлик митингини ўтказишди. Митингда Қамчибек Ташиев, Азимбек Бекназаров, Бектур Асанов, Қубанчбек Қодировлар қатнашишди.

 Митингда айрим мухолифат вакиллари чегарадаги вазиятни изга солиш учун Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва КХШТ каби халқаро ташкилотлар иштирокини таъминлаш зарурлигини таклиф қилиб чиқишди. Шунингдек, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара юзасидаги келишмовчиликларни хал қилишда Россия президенти Владимир Путинни воситачи бўлишга чақириш таклиф қилинди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here