Тожикистон ҳаво базаларидан ҳинд аскарлари фойдаланмоқда

951
0
The Prime Minister, Shri Narendra Modi interacting with the Indian soldiers at the India-Tajik Friendship Hospital, in Quarghan Teppa, Dushanbe, Tajikistan on July 13, 2015.

Тожикистон ҳарбий ҳаво базаларида Россия қўшинлари билан бир қаторда Ҳиндистон ҳарбий кучлари ҳам жойлаштирилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарларга кўра, ҳинд аскарлари сонининг орттирилиши икки мамлакат ўртасидаги келишувга биноан амалга оширилмоқда.

Дмитрий Лаврентев имзоси билан “eurasianews.info” электрон саҳифасида чоп этилган хабарда айтилишича, Хатлон ҳарбий гарнизонидаги касалхонада 73 ҳинд ҳарбий тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Бу ҳарбий шифохона 2014 йилда шахсан Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонов иштирокида очилган эди.

Бундан ташқари, хабарда сўз юритилган “Тожик-Ҳинд” дўстлигининг зарурий жиҳати сифатида Садриддин айний ҳарбий ҳаво базасида 100 нафар ҳинд ҳарбий ходимлари фаолият юритаётганлиги ҳақида ҳам айтилади. Тожикистон ҳукуматининг маълум қилишича, Ҳиндистон ҳарбий хизматчилари тожик учувчиларига таълим бериш соҳасида  ва бошқа техник ёрдам соҳаларида фаолият юритмоқда.

Ҳозирги кунда Тожикистон ҳаво кучлари Чехия маҳсулоти бўлган 4 дона L-39 ўқув самолёти, 7 дона Mi-8 ва уч дона Mi-24 вертолётларга соҳибдир. Тожикистон оммавий ахборот воситалари Тожик офицерларининг малакасини такомиллаштиришга эҳтиёж мавжудлигини олға суриб келади.

Расмий Душанбе ҳукумати машҳур халқ ёзувчиси Садриддин Айний номи берилган ҳарбий ҳаво базасида ҳинд ҳарбий ходимларидан бошқасининг мавжуд бўлишига асло изн бермайди. Бунинг сабаби эса 2012 йилда 70 миллион доллар харажат билан фаолият қила бошлаган ҳарбий база Ҳиндистоннинг молиявий ва техник ёрдами билан қайта янгиланганлигидир. Ҳиндистон ёрдамни ҳарбий жиҳатдан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун берган эди.

Дунёдаги барча турли самолётларнинг учиб қўниши мумкин бўлган Айний ҳарбий аэродромида учиш-қўниш йўлагининг узунлиги 3200 метрдир. Аэродром замонавий техник ва бошқа воситалари билан жиҳозланган. Аммо Ҳиндистон томони бу ҳаво базасидан қандай мақсадда фойдаланиши ҳозирча аниқ эмас.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here