Исломда ресурсларнинг тенг тақсимланиши

7
0

Исломда ресурсларнинг тенг тақсимланиши

Марказий Осиёда ўнлаб йиллардан буён муҳокама қилиниб келинаётган сув тақчиллиги муаммоси бугунги кунгача ҳал этилмаган энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Минтақа чекланган сув ресурсларига (Сирдарё ва Амударёга) эга бўлиб, ҳар йили ёз фаслида жиддий сув танқислигига дуч келади. Қишлоқ хўжалиги, энергетика ва аҳоли турмушининг асосий элементи ҳисобланган сув бугунги кунда тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу масала, айниқса, дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон учун долзарблигича қолмоқда. Чунки улар сув таъминотида тоғли минтақада жойлашган қўшни давлатларга қарамдир.

Вазият йилдан-йилга оғирлашиб боряпти, десак муболаға бўлмайди. Аслида сувнинг танқислигига лоқайдлик билан ёндашилмоқда. Давлатлараро сув ва қишлоқ хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар кўнгилдагидек натижа бермаяпти. Турли даражаларда имзоланган кўплаб келишувлар қоғозда қолиб, ҳақиқий тақсимот амалга ошмаяпти. Мисол учун, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларининг тугаши ҳақида огоҳлантиришларга қарамай, ҳукуматлар сувга чекланган ресурс сифатида қарамайди. Бу ортиқча сарф-харажатларга ва давлатлараро кескинликка сабаб бўлмоқда. Сув танқислиги экологик муаммодан кўра кўпроқ геосиёсий муаммога айланиб, минтақанинг хавфсизлигига ва иқтисодий ривожланишига таҳдид солмоқда.

Марказий Осиёда сув муаммосини самарали ҳал этиш учун сувни углеводородлар каби стратегик ресурс сифатида қабул қилиш ва унга инсоният учун буюк неъмат сифатида қараш зарур. Яъни сувга шунчаки табиатнинг битмас-туганмас инъоми сифатида қарамаслик керак. Вақт ўтиши билан сувнинг қиймати ортиб бормоқда, лекин у ҳалигача нефт ва табиий газ каби қадр-қиймат кўргани йўқ. Глобал ўзгаришлар ва сув танқислиги шароитида сувга бўлган ёндашув, нефт ва газга бўлган ёндашув каби бўлмоғи зарур. Сув ҳам юқорида қайд этилган ресурслар каби ҳамкорлик ва стратегик бошқарув омили бўлиши лозим. Сувга бой мамлакатлар бошқа мамлакатларни сув билан таъминлаш орқали электр энергияси ёки углеводородлар тақчиллигини қоплаб, ўзаро боғлиқ ва барқарор иқтисодиёт ярата олиши керак.

Бу масалада шариатга амал қилиш нафақат минтақа учун, балки бутун мусулмон олами учун муҳим йўналиш ҳисобланади. Ислом шариатида сув ва бошқа табиий бойликлар барча мусулмонларга тегишли эканлиги аниқ белгиланган. Ислом сув ёки нефт каби табиий бойликларнинг хусусий мулкка айлантирилишига йўл қўймайди. Чунки бу барча мусулмонларнинг хотиржам ҳаёт кечиришига путур етказади. Сув ҳам углеводородлар каби қадрланиб, ҳамма учун очиқ бўлиши ва ундан фойдаланиш шариатнинг адолат тамойиллари билан тартибга солиниши керак. Росулуллоҳ ﷺнинг “Одамлар уч нарсада: сув, яйлов ва оловда шерикдирлар”, деган ҳадислари сув бутун халқнинг мулки эканлигига далилдир.

Бироқ, Ислом ўлкаларининг парокандалиги ва ресурсларни бошқаришда ягона тизимнинг йўқлиги бу йўлда асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Ҳар бир ўлка фақат миллий манфаатлар доирасида ҳаракат қилади, бу эса адолатли тақсимлаш механизмларини яратишга имкон бермайди. Бундай шароитларда бирлик ва адолатга қаратилган Ислом мафкураси ресурсларни тақсимлаш масаласида асосий йўналиш бўла олади. Ислом бутун умматни ахлоқий, маънавий ва моддий қадриятлар асосида бирлашишга чақириб, барча табиий бойликлардан фойдаланишда ҳамжиҳат бўлишга буюради. Ислом мафкурасига асосланган бир бутун давлатда сув ва бошқа ресурслардан фойдаланиш самарали тартибга солинади ва миллий тўсиқлар бартараф этилиб, адолатли тақсимлаш низоми йўлга қўйилади.

Шунинг учун Марказий Осиё мамлакатларининг сувини ва бошқа ресурсларни ягона бошқарув тизими доирасида бирлаштириш зарур. Бу бирлик Исломий адолат, ўзаро ғамхўрлик ва муҳтожларни қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланиши керак. Росулуллоҳ ﷺ буюрганидек, бу тамойиллар минтақадаги барча мусулмонлар манфаатларига хизмат қилиши лозим. Ресурс танқислиги шароитида давлатлар фақат миллий манфаатларни илгари сурмай, бутун мусулмонлар манфаатларини ҳисобга олишлари керак. Исломий қадриятларга асосланган ягона иқтисодий ва сиёсий структура яратиш нафақат сув танқислигини, балки бошқа стратегик ресурсларнинг етишмаслигидан келиб чиқадиган инқирозларни ҳам ҳал қилинишига йўл очади.

Бинобарин, Марказий Осиёда сув танқислигини бартараф этиш учун сувни стратегик ресурс сифатида қабул қилиб, унинг қийматини углеводородлар билан тенглаштириш ҳамда барча табиий ресурсларни бошқаришда ягона тизим ишлаб чиқиш зарур. Сув шариатда кўрсатилганидек, адолатли тақсимланиши мумкин бўлган манба бўлиши шарт. Минтақа давлатларининг Ислом мафкураси ва адолат тамойилларига асосланган бирлиги нафақат ресурсларни барқарор бошқариш, балки бутун минтақанинг адолатли ва барқарор ривожланиши учун ҳам замин яратади.

Абду Шукур

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here