Қирғизистон – логистика ва геосиёсат чорраҳасида

22
0

Қирғизистон – логистика ва геосиёсат чорраҳасида

Бишкекда Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг Доимий қўмитаси раиси Чжао Лэцзи билан учрашув бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши ўзаро ҳамкорликнинг асосий лойиҳаларидан бири сифатида белгиланди.

Расмийлар объектни шунчаки инфратузилма лойиҳаси эмас, балки минтақавий интеграция ва логистика йўналишларини яратиш йўлидаги қадам сифатида баҳолади.

Темир йўлнинг Қирғизистон ҳудудидаги қурилиши аллақачон бошланган.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли нафақат инфратузилма лойиҳаси, балки Хитойнинг Марказий Осиёдаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда муқобил савдо ва логистика йўналишларини кенгайтиришга қаратилган узоқ муддатли геосиёсий стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.

Россия ва Украина ўртасида уруш давом этаётган бир шароитда ва Москва Ғарб бозорларидан борган сайин кўпроқ изоляция қилинаётган пайтда, Россия ҳудуди орқали ўтувчи анъанавий транзит йўллар аввалгидек ишончли бўлмай қолди.

Хитой дунёнинг энг йирик саноат қудрати сифатида ўз товарларини Европага, Яқин Шарққа ва бундан ташқари сиёсий барқарор экспорт каналлари орқали Ҳинд океанидаги портларга етказишга катта эҳтиёж сезмоқда.

Бундай шароитда Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали ўтадиган жанубий йўналишнинг яратилиши Пекинга санкция ҳудудларини четлаб ўтиш, логистикани диверсификация қилиш ва Россиянинг транзитига қарамликни камайтириш имконини беради.

Қолаверса, бу темир йўл “Бир камар, бир йўл” лойиҳаси доирасида амалга оширилади. У Хитойнинг нафақат иқтисодий лойиҳаси, балки минтақада ўз таъсирини кенгайтириш учун сиёсий қуроли сифатида ҳам баҳоланмоқда.

Қирғизистон учун ушбу лойиҳада иштирок этиш транспорт инфратузилмасини яхшилаш, иш ўринларини яратиш ва транзит оқимларидан дивидендлар олишга умид туғдиради.

Бироқ, бошқа томондан қараганда, лойиҳа маълум хавфларни ҳам ўз ичига олади.

Биринчидан, Хитойга иқтисодий қарамликнинг кучайиши Қирғизистоннинг ташқи сиёсатда мустақил қарорлар қабул қилишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Узоқ муддатли истиқболга назар ташлайдиган бўлсак, Хитойнинг кенг кўламли лойиҳалари доирасида берган йирик сармоялари сиёсий шароитларни ўз ичига олган бўлиб, ҳар доим ҳам миллий манфаатларга мос келвермайди.

Иккинчидан, минтақадаги Хитой таъсирининг кучайиши Марказий Осиёда ўз таъсирини сақлаб қолишга интилаётган Россия ва АҚШ каби йирик ўйинчилар билан Хитой орасида кескинликка сабаб бўлиши мумкин.

Учинчидан, темир йўл қурилиб, ишга туширилиши, агар стандартларга риоя этилмаса ёки шаффоф бўлмаган шартномалар ва қарзлар билан амалга оширилса, экологик зарар ва ижтимоий тангликка олиб келиши мумкин. Чунки бу тажриба Хитойнинг бошқа мамлакатлардаги инфратузилма ташаббусларида юз бергани кузатилган.

Бинобарин, бу темир йўл лойиҳаси нафақат тоғларни йўниб йўл очиш, балки ҳозирги геосиёсий қайта қуриш тимсолларидан бири ҳамдир.

Марказий Осиё борган сари қарама-қарши манфаатлар кураши майдонига айланиб, иқтисодий лойиҳалар эса таъсир ўтказиш ва назорат қилиш қуролига айланиб бормоқда.

Латиф Расих

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here