Қирғизистон “тараққиёти” ҳақида

23
0

Қирғизистон тараққиёти ҳақида

Сўнгги йилларда давлат раҳбарлари тарафидан Қирғизистон тараққиёти ҳақида кўп гаплар тилга олина бошланди. Дарҳақиқат, шу пайтгача Қирғизистон ҳокимиятини эгаллаган барча режимлар мамлакат тараққиёти ҳақида гапириб келди. Аммо ҳозирги режимнинг аҳволи аввалгилардан бироз фарқ қилади. Чунки, халқ аввалги режимларга дастлаб ишонган бўлса-да, бироқ сўзлари амалига тўғри келмаганлиги ва кўпинча халқни алдаганлиги сабабли уларга бўлган ишонч сўниб қолди. Ҳозирги режим ўз гапларига мос келадиган ишларни ҳам қилаётгани учун халқнинг уларга бўлган ишончи ўтмишдаги режимларда бўлганидек тез сўнмаяпти. Шунинг учун ҳам халқнинг ишончини қозонишга иштиёқманд бўлган бу раҳбарлар ўзларининг баъзи хом хаёллари ҳақида ҳам қўрқмасдан ваъдалар беришмоқда. Масалан, Қирғизистон вазирлар маҳкамасининг собиқ раиси Акилбек Жапаров иқтисодда “Осиё йўлбарслари”дан ҳам ўтиб, “Леопарднинг сакраши”ни вужудга келтиришини айтган эди (у бу гапни айтар экан, ўзи мансабдан “сакраб кетишини” хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак). Президент Садир Жапаров эса, Қирғизистон тез орада дунёнинг энг кучли ўнта давлати қаторига киришини айтди. (Аммо, бу борадаги сўнгги баёнотида у “кучли 30 та давлат қаторига кириши” деб, орқага қадам ташлагандек бўлди). Бу тараққиёт ҳақидаги гапларга диққат билан қарасак, гап асосан иқтисодий тараққиёт ҳақида кетаётганини кўрамиз. Шундай экан, аввал ушбу соҳадан бошлайлик.

Бугунги кунда капитализм бутун дунёда ҳукм сурмоқда. Гарчи бутун жаҳон тузумининг ҳозирги бошқарув низоми демократия деб номланиб, дунё у орқали бошқарилаётган бўлса-да, аслида капиталистик иқтисодий низом ҳаётда энг ҳукмрон жабҳа ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу тузум капитализм тузуми деб аталади. Чунки бу тузумда капитал, яъни бойлик биринчи ўринда туради.

Мана шундан келиб чиқиб, дунё давлатлари “ривожланган давлатлар”, “ривожланиб келаётган давлатлар” вакам ривожланган давлатлар” деб таснифланади. Шунингдек, иқтисодий ривожланиш ҳар бир давлатнинг асосий мақсади ҳисобланади. Чунки халқлар ҳам ўз ҳукуматларининг муваффақиятини ана шу иқтисодий ривожланишлар билан ўлчайдилар.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳар бир тузум (яъни мабда) ўзига хос иқтисодий низомга эга бўлиб, бу иқтисодий низомларни татбиқ қилиш натижалари бир-биридан тубдан фарқ қилади. Масалан, Исломнинг иқтисод низоми ҳаётга татбиқ этилса, унинг натижалари капиталистик иқтисод низомининг натижаларидан умуман бошқача бўлади. Шунингдек, капиталистик иқтисодиётнинг натижалари социалистик иқтисодиёт натижаларидан фарқ қилади ва уларнинг фарқи жамият ҳаётида кўриниб туради.

Иқтисодий низомлар ўзаро бир-биридан фарқ қилар экан, табиий равишда уларнинг иқтисодий ривожланишга қарашлари ва ривожланишни ўлчаш меъёрлари ҳам бир-биридан фарқ қилади. Қирғизистонда иқтисодий ривожланиш ҳақида гап кетганда, мана шу капиталистик иқтисодий ривожланиш ўлчовларига таяниланади, чунки Қирғизистонда ҳам капитализм ҳукм сурмоқда.

Ривожланиш ҳақида сўз юритилар экан, биринчи навбатда, давлатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) кўрсаткичи ошганлиги ҳақида гапирилади. Мисол учун, 2023 йилда Европадаги баъзи халқаро таҳлилий институтлар Қирғизистонда ЯИМ 2050 йилда зўрға 20 миллиард долларга етиб, Марказий Осиёда қолоқ давлатга айланишини башорат қилган эди. Бунга жавобан, 2024 йилнинг январида Вазирлар Маҳкамасининг ўша пайтдаги раиси Акилбек Жапаров 2030 йилгача ЯИМ ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш мумкинлигини, бунинг учун эса, йилига 10-11,5 фоиз ўсиш суръатини сақлаб қолиш зарурлигини айтган эди. Шунингдек, у 2050 йилга бориб ЯИМ ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш эҳтимолини тилга олиб, бунинг учун ўсиш суръати 10,3 фоиздан кам бўлмаслиги кераклигини ҳам таъкидлаган эди. Яна бир мисол, Миллий статистика қўмитаси 2023 йилда ЯИМнинг ўсиши 7 фоизни ташкил этганини билдирган бўлса, 2024 йилда ЯИМ 1,5 триллион сомдан ошиб, йиллик ўсиш суръати 9 фоизни ташкил этганини маълум қилди. Ҳукумат бундай ўсишни катта сакраш сифатида талқин қилмоқда. Бироқ, шу билан бирга, пандемия йилида, яъни 2020 йилда ЯИМ 8,5 фоизга тушиб кетганини ҳисобга олсак, буни “катта сакраш” эмас, балки тикланишдан кейинги бироз ўсиш деб ҳисоблаш мумкин. Шунингдек бунда инфляция каби салбий ҳодисаларнинг реал кўрсаткичларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Яна бир мисол, 2025 йил 11 июн куни президент Садир Жапаров ўз саҳифасида “2030 йилгача Қирғизистонни ривожлантириш миллий дастури” ҳақидаги фармон юзасидан баёнот берди. Дастурда 2030 йилга бориб ЯИМ ҳажмини камида 30 миллиард долларга етказиш, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини 4,5 минг долларга етказиш ва бунинг учун реал иқтисодий ўсишни камида 8 фоиздан тушурмай сақлаш белгиланган. Ҳозир ЯИМнинг аҳоли жон бошига нисбатан улуши қарийб 2,5 минг долларни ташкил этади.

Демак, юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, капитализмда иқтисодий ривожланишнинг асосий кўрсаткичи ЯИМ ҳисобланади. Нима учун?! Келинг, бу ҳақда бир оз тўхталиб ўтамиз. Капитализмда “одамларнинг доимо янгиланиб турувчи турли-туман эҳтиёжлари қаршисида товар ва хизматларнинг етишмаслиги” иқтисодий муаммо ҳисобланади. Мисол учун, бугунга келиб дунёдаги энг бой одамларда ойга саёҳат қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Демак, бу ҳам иқтисодий муаммо бўлиб, энди бу муаммони ҳал қилиш учун Ойга саёҳат қилиш воситалари ишлаб чиқарилиши ва керакли хизматлар кўрсатилиши керак. Шунинг учун ҳам капитализмда иқтисодий тараққиёт қуйидагича таърифланади: “Фаровонликнинг энг юқори даражасига эришиш мақсадида жамиятнинг барча эҳтиёжларини қондириш учун ортиб қоладиган даражага хизмат кўрсатиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш даражасини оширишдир”. (Моҳиятан, фаровонликнинг энг юқори даражаси бойлар учун бўлади ва айни пайтда жамиятдаги энг камбағал қатлам эса очликда яшайди). Иқтисодий муаммони ҳал қилиш учун мамлакатда ишлаб чиқарилган барча товарлар ва хизматлар ҳажми ЯИМ деб аталади ва бу капиталистик иқтисодий ривожланишнинг асосий кўрсаткичи ҳисобланади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Қирғизистонда ҳам иқтисодий тараққиёт ана шу капиталистик ўлчов билан ўлчанади.

Масалан, умуман олганда, Қирғизистонда ЯИМ 2022 йилда 900 миллиард сомни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2023 йилда 1,3 триллион сомни ташкил қилган эди. (Ўшанда тарихда биринчи марта ЯИМ триллион сомдан ошиб кетгандиги ҳақида “сигнал” берилди.) Демак, ўша йилги даромад 400 миллиард сомни ташкил қилди. Энди буни аҳоли сонига бўлиб, жон бошига тўғри келадиган даромад шунча бўлди, деб кўз бўямачилик қилишади. Масалан, 2023 йилдаги 400 миллиард сом даромадни 7 миллион кишига тақсимланса, 57000 сомдан тўғри келади ва даромад аҳоли жон бошига 57000 сомга ошганлиги айтилади. Бироқ, ҳар бир кишининг улуши ҳар хил бўлади. Аслида, капитализмда фойданинг катта қисми бир ҳовуч бой одамларга тегади, кейин эса ўрта синфга ўтади, қолган инсонлар эса фойдадан қуруқ қолади. Бунинг натижасида уларнинг ижтимоий аҳволи ёмонлашади, қарзга ботади, уйсиз қолади ва ҳоказо. Бундай натижалар капитализмнинг табиатидир, яъни капиталистик иқтисодий низом татбиқ этилса мана шундай натижалар юзага келади, бойнинг бойлиги ортиб, камбағал қашшоқлашиб бораверади. Энди буни Қирғизистон Статистика қўмитаси рақамлари мисолда кўриб чиқамиз.

Статистика қўмитаси аҳоли даромади бўйича 20%дан беш гуруҳга бўлиб, уларнинг улушини ўрганиб чиқди. Шунда энг бой қатлам 20%, энг камбағал қатлам ҳам 20% ва улар орасида 20%дан иборат яна 3та қатлам мавжуд. Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда энг бой қатламдаги одамлар энг камбағал қатламдаги одамларга нисбатан 6 баробар кўпроқ фойда кўрган. Юқорида айтиб ўтилган ЯИМ 400 миллиард сомдан ошиб(!) мамлакат 400 миллиард сом даромад олган 2023 йилда энг бадавлат қатлам даромади энг камбағал қатлам даромадидан 10 баробарга кўп бўлди. Яъни, аввалгидан 4 баробар ўсди. Шунда 400 миллиард сом даромаднинг 200 миллиард соми энг бадавлат кишилар улушига тўғри келса, энг камбағал қатлам улуши эса 20 миллиард сомни ташкил қилади. Қолган 180 миллиард сом бой ва камбағал орасидаги 3та қатлам ўртасида тақсимланади. Аслида, бу давлат статистикасидир. Албатта, бу ерда сиёсат аралашади. Чунки давлат капитализмни татбиқ этар экан, имкон қадар унинг бузғунчиликларини яширишга ҳаракат қилади. Бироқ шундай бўлса ҳам, халқнинг ишончини буткул йўқотмаслик учун баъзи ҳақиқатлар (бузиб кўрсатишлар ва алдовлар билан) чиқиб туради. Масалан, Статистика қўмитаси: “Қирғизистонда энг юқори даромад олувчи 20 фоизни ҳам, энг паст даромад олувчи 20 фоизни ҳам даромади ортиб бормоқда”, деб эълон қилди ва бу билан камбағаллар бойиб бораётгандек кўрсатмоқчи бўлди. Аслида, камбағаллар фақат ривожланган мамлакатларда кўпроқ фойда кўришлари мумкин. Асосан, уларнинг бойиб кетиши биз каби учинчи дунё давлатларининг бойликларини талон-тарож қилишдан келиб чиқади. Бизники каби “ривожланиб келаётган” мамлакатларда камбағалларнинг гуллаб-яшнаши камдан-кам учрайди. Агар улар гуллаб-яшнаса, бу ўша халқнинг эзилган меҳнати орқали бўлади, лекин бу ҳам доимий бўлмайди, навбатдаги инқироз уни супуриб кетади.

Демак, капитализмда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут табиий равишда кенгайишда давом этаверади. Глобал тенденцияга назар ташлайдиган бўлсак, 2024 йилда дунёдаги энг бой 1 фоизи кишилар дунё бойлигининг 50 фоизига, энг бадавлат 10 фоиз киши эса дунё бойлигининг 80 фоизига эгалик қилиши, улардан қолган 20 фоиз бойлик эса дунёнинг қолган 90 фоиз аҳолисининг улушига тўғри келиши аниқланган. Агар ушбу тенденциядан келиб чиқиб, Қирғизистондаги реал вазиятни кузатадиган бўлсак, ҳаётдаги реал вазият статистика қўмитаси бўяб кўрсатмоқчи бўлган манзарадан бошқача экани аён бўлади. Ҳар бир светофорда тиланчилик қилаётганлар сони кундан-кунга ортиб бораётгани ва ижтимоий тармоқларда ёрдам сўраб мурожаат қилаётганларнинг кўпайиб бораётгани бунинг ёрқин далилидир. Шунингдек қарзини тўлай олмаганли сабабли уй-жойлари тортиб олиниб, камбағаллар сафига қўшилаётганлар сони ҳам ортиб бормоқда. Бу борада яна бир мисол келтирсак, ҳозирда уй-жой тақчиллиги муаммосига ечим сифатида ҳукумат ипотека уйларини таклиф қиляпти. Албатта, бу уйлар камбағалларнинг охирги 4-5 тоифаси учун мутлақо тўғри келмайди. Худди шу Ипотека орқали 3-тоифадаги айрим кишилар бойликларидан маҳрум бўлиб, охирги тоифа сафига қўшилиши кутилмоқда. Чунки ипотека шартномасига кўра, агар фуқаро якуний тўловларни амалга оширмаса, у ҳолда унга уй берилмайди ва аввалги тўловлари ҳам куйиб кетади. Мана шундай тарзда, ЯИМ юқори суръатларда ўсиб бораётган бўлса ҳам, 5-тоифадаги камбағаллар сони ортиб бораверади.

Юқорида ҳукуматнинг 2030 йилгача ЯИМ ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш мақсади ҳақида айтиб ўтган эдик. Бугунги кунда ҳукумат “хорижий сармояни жалб қилиш”ни бунга эришишнинг асосий йўли сифатида кўрсатмоқда. Айни пайтда Қирғизистон ЯИМида хорижий сармоянинг улуши 3,5 фоизни ташкил этади. Ҳозирда расмийлар буни 13 фоизга оширишга ҳаракат қилмоқда. Юқорида қайд этилган дастурда ривожланиши зарур бўлган 4та соҳа белгиланди: 1) саноатлаштириш; 2) логистика маркази; 3) қишлоқ хўжалиги ва туризм; 4) яшил энергия. Давлат сиёсати бўйича, ҳукумат ушбу тармоқларда ўз мақсадларини, албатта, хорижий инвесторлар иштирокида амалга ошириш ниятида. (Бунинг асл сабаби шундаки, Қирғизистонда капитализм татбиқ қилинаётганидан ташқари, Қирғизистон шу капитализмнинг эгалари бўлган империалистик давлатларнинг мустамлакачилик чангалида турибди. Мустамлакачи давлатларнинг мустамлакачилиги турли йўллар билан амалга оширилмоқда. Бу йўллардан бири “сармоя”дир. Бу эса, мустамлакачилар қўл остидаги мустамлака мамлакатлар аҳолисидан арзон ишчи кучи сифатида фойдаланиб, уларнинг бойликларини талон-тарож қилишини англатади. Аммо мустамлакачиларнинг бу ҳаракатлари усти ялтироқ қават-қават парда билан ўралгани сабабли содда одамлар уларни пайқаши қийин. Масалан, 2024 йилда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Қирғизистонга келганида: “Мен Қирғизистонда бир неча бор бўлганман ва ҳеч қачон бундай динамик ривожланишни кўрмаганман. Шунинг учун аввал мен “Қирғизистон бу – уйқудаги малика” деб айтган эдим. Энди эса, сизнинг ўлкангиз “югураётган чемпион” эканлигига ишончим комил”, деган эди. Бу мастамлакачи ташкилотнинг раҳбари буни Қирғизистон чиндан ҳам ривожланиб бораётгани учун айтган эмас, балки Қирғизистон ҳукумати сармоя баҳонасида мустамлакачиларнинг яна ҳам кўпроқ мамлакатга кириб келишига шароит яратаётганини мақташ учун айтган эди).

Дарҳақиқат, ҳозирги ҳукумат раҳбарлари ҳокимиятга келгунига қадар бу сармоядор-мустамлакачини фош қилиб, унинг учун фидойилик кўрсатиб, халқ орасида обрў-эътибор қозонишган эди. Бу билан биз Қумтор олтин конини назарда тутяпмиз. Ҳокимиятга келгандан кейин ҳам бу ишни давом эттирдилар, ўша сармоядорларни мамлакатдан чиқариб юбориб, конни давлат назоратига олдилар. Бунда халқаро жиҳатдан Россия-АҚШ муносабатларининг ёмонлашиши Қирғизистон учун қулай шароит яратди. Бир сўз билан айтганда, улар Россия кўмагида конни давлат назоратига олишга муваффақ бўлишди. (Акаевнинг келиб кўрсатма бериши ҳам шу доирада бўлди. Бироқ, айни пайтда, ҳукумат вакиллари инвесторга қарши асосий даъволаридан воз кечишди.) Тўғри, “Қумтор” давлат назоратига олинди. Бироқ ҳозирги инвесторларга берилаётган ва яна бериладиган конлар худди аввалги “Қумтор”дан фарқ қилмаяпти. Мисол учун, агар сиз Жеруй конлари бўйича келишувни диққат билан ўрганиб чиқсангиз ва унинг натижаларини кузатсангиз, бунга аниқ гувоҳ бўласиз.

Қирғизистоннинг ҳозирги хорижий сармоя тизими қуйидагича: 1. Хитой 24%; 2. Россия 22-26% орасида; 3. Туркия 10% (халқаро сиёсат буйича бу муносабатлар ортида асосан АҚШ турганини унутмаслик керак); 4. Булардан кейин Европа давлатлари туради. Бу ҳозирда ресурсларимизни асосан Хитой ва Россия талон-тарож қилаётганлигини англатади. Шу билан бирга, бошқа кучлар ҳам ўз улушини ошириш учун кураш олиб бормоқда. Буни Марказий Осиё минтақаси бўйича “5+” саммитларининг ўзи исботлаб турибди. Ҳозирча Хитой сармояси кучли келмоқда. Ғарб давлатлари эса минтақадаги ҳукуматларни Хитойнинг ипак билан сўйиш экспансияси билан қўрқитиб, уларни диверсификасияга ундамоқда. Яъни, улар ҳамма нарсани Хитойга бериб юбормай, ўз инвесторларини ҳам киргизишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Бунга Қамбарота-1 ГEСини мисол қилиб келтириш мумкин. (Яъни, бунинг учун Ғарбдан инвесторлар қидирилмоқда).

Ҳукуматни шошилинч равишда инвесторларни жалб қилишга ундаган яна бир сабаб бор. Бунга ҳам тўхталиб ўтамиз. Яъни шу ўринда бизга ривожланиш бўлиб туюлган нарсага тўхталиб ўтишимизга тўғри келади. Ҳозир нафақат ҳукуматнинг ўзи, балки айрим кишилар ҳам ривожланиш бўлганини айтиб, ҳукуматга ишончи ортиб бормоқда. Албатта, бизга ривожланишдек туюлган нарсалар аввалги ҳукуматлар давридаги вазият билан солиштирилиб, айтилмоқда. Аввалги ҳукуматларнинг лоқайдлиги ва бепарволиги халқни яшаш қулайликларидан ва кўплаб неъматлардан маҳрум қилди. Шунинг учун ҳам халқ у ҳукуматларни оғдариб ташлади. Энди халқ аввалгиларидан фарқ қиладиган, бироз бўлса-да халқ учун қайғурадиган ва яшаш учун қулайликлар яратадиган ҳукуматни орзу қилмоқда. Ҳозирги раҳбарлар халқнинг ана шу ишончини оқлаш ваъдаси билан ҳокимиятга келишди. Шу боис, улар ўз кучларини сақлаб қолиш учун халққа тасалли берадиган ишларни қилишлари керак бўляпти. Шунинг учун мактаблар қурилмоқда, йўллар таъмирланмоқда ва ҳоказо… Ҳа, ҳозир шундай ишлар амалга оширилмоқда. Лекин бу ишлар қандай амалга ошириляпти, қаердан молиялаштириляпти?

Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, “қустуризация” (қустириш сиёсати)дан жами 100 миллиард сом даромад олинган. Бунинг 40 миллиард соми нақд пулдир. Бу маблағлар қаерга сарфлангани ҳақида ҳатто сунъий интеллект ҳам аниқ маълумот топа олмади. Аслида, бу пул давлат бюджетига ёки барқарорлаштириш фондига тушади. Қурилаётган йўлларга келсак, уларнинг йирик халқаро лойиҳалари тўлиқ ташқи кредитлар ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Масалан, Шимол-Жануб муқобил йўли, Балбай-Қоракўл йўли, Кунтуу-Суусамир йўлининг техник-иқтисодий асоси шулар жумласидан. Шунинг учун, буларнинг бюджетга алоқаси йўқ. Аммо, республика бюджетидан молиялаштириладиган лойиҳаларни оладиган бўлсак, масалан, Ўш-Баткен-Раззоқов йўли ва Бишкек-Ўш (Суусамир) йўлини таъмирлаш ва ҳоказо, булар Йўл жамғармаси орқали бюджет ҳисобидан молиялаштирилади ва уларга ажратилаётган маблағлар 2025 йилда 4,4 миллиард сом қилиб белгиланган. Яна бир мисол Орокда қурилаётган янги стадионнинг соф харажати 5 млрд сом ҳисобланган. Агар юқорида келтирилган рақамларга солиштирадиган бўлсак, йирик объектлар ва иншоотлар қурилишини ҳамда йўл ишларини бу маблағлар бемалол қоплайди. (Чунки бу маблағлар миқдори 100 миллиард сомни ташкил қилади!). Мана, “Интимак Ордо” қандай қурилганини ҳамма яхши билади. Аслида, ҳукумат бундай иморатлар қураётганидан фахрланса-да, лекин, мажозан айтганда, ҳукумат улар билан “бечора онасининг ёлғиз уйини сотиб, янги мода шим кийиб олган” дея таърифланган айёр, кўпни кўрган йигитнинг ишини қилди. Халқ уйсиз юрган бир пайтда, ўзига сарой қуриб, халқни ипотека билан алдаган ҳукумат қандай ҳукумат бўлади? Халқи кредит сабабли уйини олдириб қўйиб, муҳожирликда сарсон-саргардон бўлиб юрган пайтда стадион қуриш қандай ҳукуматнинг иши ўзи? Бинобарин, биз учун иқтисодий тараққиёт натижаси бўлиб кўринган ишларнинг асл ҳақиқати умуман бошқача. Биринчидан, булар иқтисодий ишлаб чиқариш фойдасидан молиялаштирилмаган; иккинчидан, улар давлатнинг ривожланишига ҳисса қўшса ҳам, фуқароларнинг аҳволини яхшилашга алоқаси йўқ. Аслида, иқтисодий ўсиш бўлди деганда, унинг самарасини одамлар ҳаётида кўришимиз керак. Яъни, ҳар бир фуқаронинг аҳволи яхшиланиши керак. Бироқ, биз буни кўрмаяпмиз. Буни ҳатто президентнинг ўзи ҳам зимдан тан олмоқда. Шу боис “Миллий тараққиёт дастури” тўғрисидаги баёнотида: “Давлат ресурсларини реал, халқ учун фойдали аниқ натижаларга йўналтирамиз. Давлат ишларининг самараси қоғозда эмас, халқнинг кундалик ҳаётидаги ўзгаришларда кўриниши керак”, деб ёзди у.

Аслида қустуризация сиёсий масала бўлиб, унинг иқтисодий ривожланишга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Эртага “қусадиганлар” ҳам тугайди. (Агар чинакам қустириш бўлса, биринчи бўлиб Акаев қустирилган бўларди, лекин буёғи таниш-билишчилик бўлиб кетди). Бугунги кунга келиб, парламент сайловларига тайёргарлик жараёнида коррупцияга қарши кураш ва қустириш ишларидан фойдаланила бошланди. Чунки сайловгача қишлоқ ҳокимликларидан тортиб, вазирлар маҳкамасигача садоқат билан хизмат қиладиган одамларни тайинлаш керак. Кейин парламентга ҳам итоат билан ишлайдиган янги кишиларни олиб келишади. Президентлик сайловига келсак, – Путин усули бўйича – “биринчи шахс”ни ўз ҳолича қолдириш сиёсати олиб борилмоқда. (Ҳозирча бу борада жамоа ичида ҳеч қандай келишмовчилик бўлмади). Буларнинг барчаси тугагач, бюджет оғир аҳволда қолади. Аслида, бу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида Акилбек Жапаров раҳбарлигида солиқ ислоҳотлари бошланган эди. Бироқ, халқ буни кўтара олмагач, ислоҳотлар тўхтаб қолди. (Ушбу ислоҳотлар натижасида етказилган талофатлар учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмади. Солиқ ходимлари қурбон қилинди – албатта, биз уларни оқламаймиз – вазирлар маҳкамаси “сувдан қуруқ чиқди”. Ҳамма нарсага шахсан жавобгар бўлган президент ҳеч кимга жавоб бермади). Кўп солиқ йиғиш бу капиталистик давлатнинг асосий вазифаларидан биридир. Бунда давлат фақат халқнинг норозилиги туфайли чекинган бўлса-да, бари-бир яна солиқ сиёсатига қайтади. Шунинг учун ҳар бир амалдорнинг “Солиқлар бу – бюджет демакдир, бюджет эса ўқитувчи ва шифокорлар каби давлат хизматчиларининг маоши, пенсия ва нафақалардир”, дея солиқларни оқлаб, ҳимоя қилаётганини эшитасиз. Акилбек Жапаров давлат тараққиёти ҳақида гапирар экан, у фақат мана шу солиқларнинг кўп ундирилишини назарда тутган эди. “Биз авваллари фақат “Қумтор”га қарам эдик, ҳозир эса “Қумтор”сиз ҳам иқтисодиётимиз барқарор ривожланаётганини кўриб турибмиз. Бу корхона уни қўшимча даромад манбаи билан таъминламоқда”, деган эди у.

(Халқ ўзининг капитализм зулми остида эзилаётганини Кустуризация воқеасидан ҳам билиб олса бўади. Масалан, қанча-қанча корхоналар ва мол-мулклар тортиб олинди. Уларни давлат бойлардан тортиб олди. Энди давлат уларни кимошди савдосига қўйиб, сотяпти. Яъни давлат уларни бир бойдан тортиб олиб, бошқа бойга сотмоқда. Аниқроғи улар яна капиталистни бойитади. Бундан ташқари бюджетга тушган қисми, “эпчил” коррупционер амалдорлар томонидан ўзлаштириб олинади.)

Демак, ҳукумат қустуризация тугашидан олдин бюджетни солиқлар билан бойитишни хоҳлади, аммо бу амалга ошмай қолди. Солиқ соҳасида чекинганидан сўнг, давлат хорижлик инвесторларнинг тез ва кенг кўламли кириб келишига эътибор қаратмоқда.

(Шу ўринда, инвесторлар ҳақидаги яна бир адаштирувчи маълумотларга тўхталиб ўтайлик. Инвестор келганидан сўнг, у маҳсулотни Қирғизистонда ишлаб чиқарганлиги сабабли, бу ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми Қирғизистон ЯИМига ёзилади. Бу билан бизнинг ЯИМ ўсгандек кўринади ва инвестор эса иқтисодиётимизга қўшган ҳиссаси учун олқишланади. Аслида, давлатимиз у ишлаб чиқарган маҳсулотдан фақат шартномада кўрсатилган қисмини олади ва яна солиғи ҳам қолади, акциялардан дивиденд олиши ҳам мумкин. Демак, булар инвестордан бизга қоладиган нарсалардир, фойданинг асосий қисми эса хорижга кетади).

Эсингизда бўлса, президент Қирғизистоннинг ташқи қарзи ҳақида гапирар экан, “қарз масаласидан ҳар ким ўз сиёсий мақсадлари учун фойдаланади, шунинг учун ҳукумат бундан буён ташқи қарзлар учун жавоб бермайди”, деб халқнинг муҳосаба қилишини рад этган эди. Худди шундай, хорижий сармоядорлар фаолиятидан муҳосабага йўлиқмаслиги учун ҳукумат бошиданоқ ҳаракат қилмоқда. Масалан, етим болалар масаласида фаолларнинг ҳибсга олиниши каби.

Шу ўринда давлатнинг нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик фаоллари, оммавий ахборот воситаларига муносабати ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозимдир. Дарҳақиқат, жамоат фаоллари бўладими ёки оммавий ахборот воситалари бўладими – улардан АҚШ ва Европага таянадиганлари давлат ичида фаол иш олиб боришаётган эди. Бироқ ҳозирги ҳукумат уларга қарши фаол кураш бошлади. Дастлаб Ғарбнинг ғазабига дучор бўлмаслик учун жимгина курашган бўлсалар, ҳозир очиқ ва қўрқмасдан ҳаракат қила бошлади. Хусусан, Трампнинг АҚШ ҳокимиятини эгаллаши бу ҳаракатлар учун янада қулай шароит яратди. Масалан, Трамп USAID ва USAGM ташкилотларини қисқартириш ҳақидаги фармонни имзолади. Илгари АҚШ бошқа мамлакатларнинг ишларига аралашишга шароит яратиш учун бу ташкилотлардан фойдаланиб келарди. Қирғизистонда ҳам шундай бўлган. Шу боис Қирғизистон президенти шу ва бошқа ташкилотлар билан ишлаётган Қирғизистондаги ташкилотларни “Қирғизистонда беқарорлик яратиш учун хорижий давлатлар томонидан молиялаштирилаётганликда” айблаб, уларга қарши қонунлар қабул қилди. Шу боис у Трампнинг қисқартиришларидан хурсандлигини яшира олмай: “Ҳатто бу ташкилотларга эгалик қилувчи йирик давлатларнинг ўзлари ҳам бу ташкилотларга қарши бўлмоқда” деди.

(Ҳа, ўша хорижий ташкилотлар ва уларнинг юртимиздаги малайларидан ҳеч қандай яхшилик йўқ. Сиртдан қараганда яхши ишлар қилаётгандек кўринса-да, аслида ортида катта хиёнатлар ётади. Лекин, давлатнинг ўзи ҳам – БМТ ва шу каби – йирик глобал ташкилотларга аъзо. Ҳукумат мустамлакачи ташкилотларга хизмат кўрсатиб, халқини уларга қул қилиб бермоқда. Бу ҳолатда ҳукуматнинг хиёнати анави кичик ташкилотларникидан ошиб тушади).

Демак, ҳукумат ўша “агентлар”га қарши курашаётган бир пайтда, халқ учун қайғураётгани йўқ, балки бундан ўз манфаати учун фойдаланиб, шу орқали давлатда ахборот бўшлиғини юзага келтиришга ҳаракат қилмоқда. Давлат қайси инвесторга нима бергани, давлатнинг қанча қарзи борлиги, бюджетдаги маблағ қаёққа сарфланаётгани, инсонларнинг аҳволи ва ҳоказолар ҳақидаги реал маълумотларни халқдан яшириб, фақат ҳукумат берган маълумотлар билан таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Хорижий сармоя ҳақида хулоса қилиб айтадиган бўлсак, дарҳақиқат бу улка бойликларини империалистик мустамлакачиларга қўш-қўллаб топширишдир. Бироқ амалдаги ички сиёсатда эса қустуризациядан тушадиган маблағлар оқими тўхтамагунча бюджетни ушбу тармоқ орқали тўлдириш кўзда тутилмоқда.

Иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида президент қарз масаласини ҳам тилга олди, шундай экан бу ҳақда ҳам гапириб ўтайлик. Президент қарз ҳақида: “Бундан буён ташқи қарз олишда хавотирга ўрин йўқ, хатарли жойи ҳам йўқ”, деб, ҳатто қарз 15-16 миллиард долларга етса ҳам қўрқмаслик кераклигини айтди. Демак, у ҳам аввалги давлат раҳбарлари каби давлатни қарзга ботириш йўлидан кетмоқда. Бироқ, у олдиндан ўзини оқлаб: “Аввалги олинган қарзлар ўзини қоплайдиган лойиҳаларга ишлатилмаган, қумга сингиб кетган сув каби йўқ бўлиб кетган”, деди.

(Ҳа, шундай бўлган, аслида қарз берувчи томонлар ҳам айнан шу нарсани кўзлаб қарз беради. Масалан, қарзларнинг кўпчилиги йўл қуриш каби саноатга оид бўлмаган соҳаларга берилади ҳамда қарз берувчилар коррупционерлар ўзлаштириб олишини билиб туриб, беришади. Бу йўллар асосан мустамлакачиларнинг моллари бизнинг мамлакатларга сотилиши ва шу йўлдан олиб ўтилиши учун қурилади. Мана шу тарзда мустамлакачилар “бир тош билан икки қушни уришади”, яъни қарзнинг фоизини олади ёки тўланмаган қарзи учун ер ва конларни олади. Қарзлар ҳисобига қурилган йўллар ҳам уларнинг манфаатларига хизмат қилади. Аммо бу йўллардан халқимиз ҳам фойдаланаётгани одамларнинг кўзини пардалаб, мустамлакачиларнинг маккор мақсадларини кўра олмайдиган қилиб қўймоқда).

Айни пайтда давлатнинг ташқи қарзи 4,5 миллиард долларни ташкил этади. Расмийлар бу қарзни 2035 йилга қадар тўлашини айтишмоқда. Олинган қарзларни “сувга сингдириб юборган” аввалги ҳукумат вакиллари негадир қустуризацияга тортилмади. Қарз эса халқ чўнтагидан, яъни бюджетдан тўланмоқда. Қирғизистон 2024 йилда ташқи қарзини тўлаш учун 700 миллион доллар сарфлади. Айни дамда, “Қумтор”нинг ўша йилги соф фойдаси 400 миллион долларни ташкил этди, шунингдек, давлатга 200 миллион долларга яқин солиқ ва тўловлар ўтказди. Аниқроқ айтганда, сумма: 600 миллион долларни ташкил қилди. Демак, Қумторнинг йиллик Фойдаси ташқи қарзнинг йиллик тўловини қоплашга етмайди!

Юқорида айтганларимиздан хулоса чиқарадиган бўлсак, демак, ҳукумат “ривожланиш” деганда капиталистик иқтисодий тараққиётни назарда тутади. Ваҳоланки, бизга иқтисодий тараққиёт сифатида кўрсатилаётган ривожланишлар бевосита қустуризациядан ҳамда коррупция ва жиноятчиликка қарши курашдан олинган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Булар ҳам давлатнинг мавқеини яхшилашга қаратилган бўлиб, шахсларнинг ҳолати эътиборга олинмайди. Қолаверса, бу ўзгаришлар ҳукумат нуфузини оширишга қаратилган бўлиб, унинг авторитар тузум ўрнатишига йўналтирилган.

(Капитализмда давлат ўзини шахсларга ғамхўрлик қилаётгандан кўрсатишга ҳаракат қилса ҳам, ҳақиқатда бунинг ёлғон эканлиги очилиб қолаверади. Масалан, ҳозир Қирғизистонда шундай бўлмоқда. Одамларга медицина бепул, дейишади. Аслида медицина ходимлари солиқ ҳисобидан маош олади, солиқ эса халқдан йиғилади. Улар гўёки текин бердик, деган дори-дармонлар ёки ётоқхоналар мажбурий тиббий суғурта (ФОМС) полиси орқали таъминланади. Бу жамғарма яна ўша халқнинг суғурта бадалларидан олинади. Яна бир мисол, давлат ташқи қарз ҳисобидан автомобил йўли қуради. Кейин бу қарз фоизи билан бюджетдан тўланади. Бир кун келиб давлат ўша йўлни пуллик йўлга айлантиради ва буни ҳам биз тўлаймиз. Бундан ташқари, ўша йўл учун бензинга 1 сомдан қўшиб тўлаймиз. Шундай қилиб, битта йўл учун тўрт марта тўлаган бўламиз. Аслида, бу талончиликнинг ўзгинаси, фақат қонуний қароқчилар буни қонунийлаштириб олишган холос. Яна бир мисол, давлат ойлик, пенсия ва нафақаларни оширганлиги ҳақида айтмоқда, шу билан бирга турли баҳоналар орқали нафақа олувчилар сонини камайтириб, бюджет маблағларини тежашга ҳаракат қилмоқда. Масалан, 2022 йилда “Оилавий ёрдам” нафақаси учун бюджетдан олинган маблағ ЯИМга нисбатан 0,53 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 0,37 фоизни ташкил этди, яъни 230 миллион сомга камайди. ЯИМ ўсди, фойда камайди. “Ижтимоий шартнома каби нарсалар эса капитализмнинг “йиртиқларига мажбуран қўйилган ямоқлар”дир).

Ҳукумат иқтисодий тараққиёт билан бир қаторда бошқа соҳаларда ҳам ислоҳотлар олиб борилаётгани ва юксалиш сари қадам ташлаётгани ҳақида айтиб келади. Бироқ, ҳақиқатда биз бунинг аксини кўрсатадиган “ислоҳотлар”га гувоҳ бўлмоқдамиз. Медицина соҳасини ислоҳ қилиш ҳақида айтилди, аммо биз вазирлар алмашинуви ва омадсизликдан бошқа нарсани кўрмадик. “Кыргыз-Фарм”нинг “Эл Аман” лойиҳаси қандай барбод бўлганини ҳаммамиз кўрдик. (Бу соҳада қанчадан-қанча оворагарчиклар, сарф-харажатлар бўлди, барчаси халқнинг зарарига бўлди, аммо булар учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган). Давлат бошқарувида ислоҳ ўтказамиз дейишди, вазирликларни қисқартиришди, бошқаларини очишди, айримларини бирлаштиришди, яна бўлишди, баъзи бирларининг номини ўзгартиришди ва ҳоказо… Қисқаси, бу иш ҳам ортга кетди. (Ҳозир ҳам давлат бошқарувини ислоҳ қилиш Стратегик ташаббуслар институти координациясида давом этмоқда. Бироқ унинг ҳам муваффақиятсизликлари яққол намоён бўла бошлади. Сўнг мактаб таълимини 12 йил қилиб қўйишди. Бунинг муваффақиятсизлигини биргина мисол билан кўриш мумкин. СССР даврида 10 йиллик таълим 11 йилга ўзгартирилган эди. Бироқ, кўзланган мақсадлар рўёбга чиққан эмас. Бу империя амалга ошира олмаган ислоҳот Қирғизистонда муваффақиятли амалга ошмаслиги аниқ. Бор-йўғи халқни қийнаб, болаларнинг таълим даражасини янада пасайтиради холос. (Аслида, бунга ҳам капиталистик “ислоҳот” сифатида қараш лозим. Капитализмда таълим сиёсати фақат капиталистларнинг фарзандлари яхши таълим олишига қаратилади, қолган оддий халқнинг болалари эса қоронғуликда қолаверади. Бу ислоҳотнинг оқибати фақат камбағалларнинг фарзандларига таъсир қилади. Капиталистларнинг фарзандлари эса хусусий мактабларда таълим олади ва бундай “зарбалар” уларнинг муносиб таълим олишига таъсир қилмайди). Шунингдек, маъмурий-ҳудудий ислоҳот амалга оширилди ва ҳозиргача халқ бунинг ҳам оворагарчиликларидан азият чекмоқда, бироқ фойдасини ҳали кўргани йўқ. Демак, расмийлар бу соҳаларда ўзгаришлар бўлганини даъво қилса-да, реал воқелик бунинг аксини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Булардан ташқари, халқ ишончини оқлаш мақсадида мутасаддиларнинг узоқ йилларга мўлжалланган ва халқни умидлантириб қўядиган улкан хаёлий лойиҳалари ҳам бор. Улардан баъзилари бошланган, кейин яна тўхтаб қолган, аслида халқнинг улардан ҳам умиди қолмади.

Бу каби муваффақиятсизликлар, албатта, халқнинг ҳозирги ҳокимиятга бўлган ишончини сусайтирди. Аслида Қирғизистонда ҳокимият билан халқ ўртасида анчадан бери катта тафовут мавжуд. Халқ ичида амалдор ва олигархларга нисбатан нафрат кучли. Шу боисдан халқ ҳозирги ҳукуматдан уларнинг ҳаммасини бартараф этишини кутмоқда. Шунинг учун ҳам ҳокимиятга “кредит доверие” берилмоқда. Бунинг муқобилида, ушбу жараён доирасида ҳукумат оддий фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол қилди. Айниқса, буни “снос” ишларида кўриб турибмиз. Масалан, халқнинг “снос” бўлган мулкини қонунийлаштириб берган амалдорларга ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ, бундан фақат оддий халқ жабр кўрмоқда. Шунингдек одамлар бозорлардаги ўринларини йўқотмоқда ва ҳоказо… Тартиб ўрнатамиз, деб одамларни тартибсизликка тортмоқда.

Ҳокимият охир-оқибат халқ ишончини йўқотишини бошидан биларди. Шу боис улар ҳуқуқ-тартибот идоралари учун бинолар ва хизмат уйларини қуриб бериб, “полиция давлати” барпо этишни аллақачон бошлаган. Эндиликда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини – коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш каби ишлар баҳонасида – талончига айлантиришди.

Бу ҳукумат авторитар режим ўрнатмоқчи, полиция давлатини ўрнатмоқчи, деяпмиз. Бу ҳам капитализм татбиғининг табиий натижасидир. Демократиянинг оталари бўлган йирик империалистик давлатлар ўзларининг бузуқ капиталистик-империалистик қонунларини қонунийлаштириб, ўз мамлакатларида маълум даражада бу қонунлар диктатурасини ўрнатишга муваффақ бўлдилар. Бироқ, биз каби учинчи дунё мамлакатларида бундай нарса бўлмайди. Шунинг учун, мамлакатларимизга назар ташласангиз, уларнинг барчаси авторитар режимлигига гувоҳ бўласиз. Ҳукуматларимиз бошқарувнинг бундан бошқа моделини билмайди, фақат билгани шу. Жуда бўлмаганда Эрдўғонни кумир қилиб олишади. Халқнинг кўз очиб кўрганлари Ислом Каримов, Шавкат Мирзиёев; Сапармурод Ниёзов, Гурбангули Бердимуҳамедов; Имомали Раҳмон; Нурсултон Назарбоев, Жомарт Токаев – фақат шулар. (Эндиликда, ҳатто АҚШ каби қонун диктатурасини ўрнатган давлатлар раҳбарлари ҳам авторитаризмга мойил бўлиб қолди.)

Ҳукумат шу йилларда ўз рақибларига қарши курашнинг биринчи юмшоқроқ босқичини босиб ўтди. АҚШ агентларига ҳам, Россия агентларига ҳам, уларнинг ортида турганларга ҳам қаттиқ зарба бера олмади, фақат ҳаммани қўрқитиб қўйиш учун жиноят оламидан баъзиларни қурбон қилди. Энди парламент ва президентлик сайловларидан кейин – агар улар ўзлари ўйлаган натижаларга эришса – иккинчи “қаттиқ” тўлқинни бошлайди. Бироқ, ҳар дақиқада кутилмаган ўзгаришлар бўлиши мумкин бўлган бугунги халқаро вазиятда аниқ натижалар ҳақида айтиш қийин. Зеро, бизнинг ички сиёсатимиз ҳам ўша халқаро вазиятдан келиб чиқадиган шарт-шароитлардан бевосита таъсирланади. Ҳозирги ҳолат Каримов ва Раҳмонов кабилар авторитаризм ўрнатган даврдаги ҳолатдан фарқ қилади. Қолаверса, Қирғизистонда кўп йиллардан буён шаклланган ва тўлиқ авторитаризм ўрнатилишига тўсқинлик қиладиган алоҳида шарт-шароитлар мавжуд. Бу шартлар ҳукумат ва халқни ўз манфаатлари йўлида ўзаро келишишга ундайди.

Агар ҳукумат тўлиқ авторитаризмни ўрнатадиган бўлса, ҳукуматни муҳосаба қилишда ҳукумат билан Ҳизб ут-Таҳрир юзма-юз қолади. Майдонда муваффақиятга эришиш халқнинг кўпроқ қўллаб-қувватловига эришишга боғлиқдир. Агар халқ орасида Ҳизбни қўллаб-қувватлаш кучсиз бўлса, худди Маккада Бану Ҳошим дарага сургун қилинганидек, Қирғизистондаги Ҳизб йигитлари ҳам жамиятдан ажратиб қўйилади. Кейин халқнинг қўллаб-қувватлашини қайта қўлга киритиш учун ҳозиргидан кўра бир неча баробар меҳнат ва машаққат талаб қилинади. Агар халқнинг қўллаб-қувватлаши кучли бўлса, йигитлар Мадинадаги ансорлар каби катта муваффақиятларга эришадилар. Халқнинг қўллаб-қувватлаши Ҳизб фикрларининг халққа қай даражада сингдирилганлиги ва халқнинг уни қанчалик қабул қилинганлиги билан ўлчанади.

Сўзимизни тараққиёт ҳақида бошлаган эдик, бундан ташқари, сўзимизга тегишли бошқа мавзуларни ҳам ёритдик. Энди сўзимиз сўнггида юқорида бошлаган сўзимизга якун ясаймиз.

Демак, тараққиёт деганда фақат иқтисодий ривожланишни назарда тутмаслик керак. Капиталистик иқтисодий нуқтаи назардан келиб чиққан иқтисодий ривожланишни халққа тиқиштириш, халқни капитализм зулматида, кўр ҳолатда ушлаб турадиган мустамлакачилар сақофатидан бошқа нарса эмас. Шунингдек тараққиёт деганда фақат ҳарбий ёки бошқа соҳалардаги ўзгаришлар назарда тутилмаслиги керак. Ривожланиш омиллари шахслар, партиялар ва давлатларга нисбатан ҳар хил эканлигини билиш ҳам муҳимдир. Масалан, шахслар ақида билан, ҳизб сиёсат билан, давлат эса мабдани татбиқ этиш билан ривожланади. Тарихдан бир мисол келтирсак, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга гўзал суратда эргашган мусулмонлар Ислом ақидаси билан ривожланди; коммунистлар коммунизм ақидаси билан ривожланди; демократлар секуляризм ақидаси билан ривожланди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари бирлашиб, сиёсий фаолият олиб боришди, яъни ривожланган Исломий ҳизб туздилар; коммунистик партия капитализмга қарши сиёсий фаолияти билан ривожланди; демократик партиялар демократик давлатларни демократия асосида муҳосаба қилиш билан ривожланмоқда, масалан, республикачилар ва демократлар АҚШ ҳукуматини муҳосаба қилгани каби.

Давлат эса мабдани татбиқ этиш билан ривожланади. Тарихда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барпо этган давлат Ислом мабдасини татбиқ этгани каби. Шунингдек, СССР коммунистик мабдани ва ҳозирги империалистик кучлар капитализмни татбиқ этгани каби. Мабдани татбиқ этиш билан ривожланган давлатнинг бошқарув, сиёсат, иқтисод, тиббиёт, таълим каби бошқа тармоқлари ҳам ривожланган бўлади.

Буларнинг барчасидан кўриниб турибдики, Қирғизистон халқи бошқа мусулмонлар билан бирлашиш орқали фақат Ислом билан ривожланиш имкониятига эга. У ҳеч қачон демократия билан, яъни капитализм билан ривожлана олмайди. Чунки, биринчидан, бу халқ мусулмон халқдир. Иккинчидан, бу давлат империалистлар томонидан мустамлака қилинган давлатдир. Агар у ўз Исломи билан мустамлакачиликдан халос бўлмаса, бир хўжайиндан иккинчи хўжайинга ўтиб, қул бўлиб қолаверади. Бу эса бизнинг мусулмончилигимизга тўғри келмайди. Чунки, Аллоҳ Таоло кофирларни бизларга ҳукмронлик қилишдан қайтарган ва бизнинг улардан устун бўлишимизга буюган.

Сақофат бўлими

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here