Матбуот баёноти
Ҳиндистоннинг экстремист ҳинду ҳукумати ўзининг ифлос ишлари учун «Миллий тергов агентлиги»дан фойдаланишда давом этиб, мабдага асосланган ростгўй Ҳизб ут-Таҳрирни яна обрўсизлантиришга уринмоқда
2025 йил 14 июн куни Ҳиндистоннинг Миллий тергов агентлиги Мадҳя-Прадеш штатининг Бхопал шаҳридаги учта ҳудудда ҳамда Ражастан штатининг Жалор шаҳридаги яна икки ҳудудда бир вақтнинг ўзида бир қанча рейдлар ўтказди. Бу ҳаракатлар «Ҳизб ут-Таҳрир иши» деб аталувчи иш доирасида амалга оширилди. Агентлик ушбу операциядан Ҳизбга қарши қўшимча далиллар тўплашни мақсад қилганини ва рейд чоғида «рақамли қурилмалар ва Ҳизбга қарши далил сифатида ишлатилиши мумкин бўлган материаллар»ни мусодара қилганини иддао қилди. Аммо бундай ҳолларда мусодара қилинган нарсалар кўпинча дискка ёзилган китоблар ва дафтар-қаламлардан бошқа нарса бўлмайди. Бу рейдлардан аввал Жхаркханд штати терроризмга қарши кураш бўлими шу иш доирасида икки кишини ҳибсга олган эди. Ҳиндистон режими 2024 йил 10 октябрда Ҳизб ут-Таҳрирни тақиқлаш мақсадида «глобал Халифаликни барпо этиш учун террористик ва экстремистик фаолият олиб бормоқда», деган адолатсиз ва ёлғон қарор чиқарди.
Биз аввал ҳам таъкидлаганимиздек, бу миллий тергов агентлиги Ҳизб ут-Таҳрир ёки унинг аъзоларига қўйган терроризм айбловларидан бирортасини ҳам исботлай олмаган. Ҳақиқат шундаки, бирин-кетин келаётган барча ҳинду ҳукуматлари, жумладан, ҳозирги ҳукумат ҳам мусулмонларни, қабила аҳолисини ва «далит» деб аталувчи жамиятдаги камситилган қатламларни систематик равишда нишонга олмоқда. Айни пайтда, «фитна» тўғрисидаги қонун ҳам, «ноқонуний фаолиятларни тўхтатиш» тўғрисидаги қонун ҳам, миллий хавфсизлик қонуни ҳам, қуролли кучлар тўғрисидаги қонун ҳам, шу каби қатор қонунлар мухолифларни овозини ўчириш ва мусулмонларни қўрқитиш учун қўлланмоқда. Ўз навбатида, бу қўрқув муҳитини зўрайтириб, мусулмонларни иккинчи даражали фуқарога айлантирди. Ҳозирги режим бу йўлни янада кучайтириб, конституциявий ҳуқуқларни чеклади, мусулмонлардан ортиқча нарсани, ўз садоқатларини исботлашни талаб қилиш билан уларни таҳқирлади. Шунга қарамай, Ҳиндистон мусулмонлари ўз ақидалари ва тарихий меросларидан куч олиб, миллатчилик асосида бўлинишга чақирувчи қарашларга бўйсунишни рад этиб, матонат билан турибдилар.
Яқинда «Фуқаролик эркинликлари халқ иттифоқи» ташкилоти ўтказган тадқиқот «ноқонуний фаолиятларни тўхтатиш тўғрисидаги қонун» бўйича жуда хатарли кўрсаткичларни очиқлади. Унга кўра, 2015 йилдан 2020 йилгача 8371 та ҳибсга олиш ҳолати қайд этилган, лекин фақат 235 та ҳолатда – яъни 2,8 %да – айблов ҳукми чиқарилган. Бу эса, ҳибсга олинганларнинг 97,2 %и айбланмай, йиллаб ноҳақ судсиз қамоқда азоб чекканига ва кейин озод қилинганига далолат қилади. Ҳатто Олий суднинг собиқ раиси Д. Й. Чандрачуд ҳам терроризм қонунларини мухолиф овозларни бўғиш учун ишлатишдан огоҳлантирган эди. Бироқ, бирин-кетин келаётган ҳукуматлар барибир мусулмонларни нишонга олишда давом этмоқда. Натижада адолатли судловсиз узоқ муддатли қамоқ ва қўрқув муҳити янада кучаймоқда.
Кўплаб суд ишлари шуни кўрсатмоқдаки, бу ўлкада золим қонунлар орқали мусулмонларни қўрқитишнинг тўхтовсиз усули кетяпти. Улардан кўпчилиги йиллаб, ҳатто ўнлаб йил давомида қамоқда қолган ва кейин оқланган. Бироқ шунча вақт ичида уларнинг ҳаёти бутунлай вайрон бўлган. Бунинг энг ёрқин мисолларидан бири – Тамил Наду штатида Ҳизб ут-Таҳрир бўйича очилган суд ишидир. Унга жиддий айбловлар қўйилган бўлса-да, айблов ҳужжатида бирорта ҳам ишончли далил келтирилмаган. Бундан ҳинду давлатининг терроризм қонунларини кичик миллат ва гуруҳларга қарши систематик равишда қўллаб, сўз эркинлигини бўғаётганлиги ва мусулмонлар орасида қўрқув тарқатаётганлиги очиқ кўриниб турибди.
Ҳиндистондаги экстремист ҳинду ҳукумати, «Раштрия Сваямсевак Сангх» (RSS) ҳаракати томонидан қўллаб-қувватланиб, давлат ишларини бошқаришдаги катта муваффақиятсизлигини яшириш учун жамоатчилик фикрини манипуляция қилишда давом этмоқда. Бунинг учун у мусулмон ташкилотлари ва шахсларни ҳаддан ташқари даражада нишонга олишга эътибор қаратиб, омма фикрини чалғитмоқда. Бу ҳукумат, шунингдек, вақфлар тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш, уч талоқни жиноят деб эълон қилиш ва шу каби адолатсиз қонунлар қабул қилди. Бироқ мамлакат учун анча шошилинч бўлган қуйидаги муаммолардан бутунлай кўз юммоқда:
- Суд тизими мутлақо ишдан чиққан. Ҳозирда 49 миллионта иш очиқ қолмоқда.
- Мамлакатда даҳшатли иқтисодий тенгсизлик ҳукм сурмоқда: аҳолининг фақат 1 фоизи мамлакат бойликларининг 58 фоизини назорат қилмоқда. Шу билан бирга, киши бошига тўғри келадиган миллий даромад атиги 2880 долларни ташкил этади ва бу кўрсаткичга кўра Ҳиндистон дунё бўйича 119-ўринда турибди.
- Ишсизлик даражаси 7,6 фоизни ташкил этмоқда. Бунинг натижасида миллионлаб одамлар заиф ва ноаниқ шароитда ҳаёт кечиришга мажбур бўлмоқда.
- Давлат тиббий тизими емирилган. Чунки эътиборсизлик ва коррупция сабабли кўплаб одамлар, айниқса, болалар вафоти ортиб бормоқда.
Шу билан бирга, Манипур, Гужарат, Уттар-Прадеш, Мадхья-Прадеш ва Уттаракханд каби штатларда этник озчиликка нисбатан расмий ва ирқчи тажовузлар давом этмоқда. Уларнинг уйлари асоссиз равишда бузилмоқда, қонундан ташқари қатл қилинмоқда, қамоқхоналарда қийноқлар қўлланилмоқда. Буларнинг барчаси ҳозирги ҳукуматнинг устувор йўналишлари халқнинг ҳақиқий эҳтиёжлари билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқлигини, аксинча, жуда хатарли йўлдан кетилaётганини кўрсатмоқда. Шу сабабли, биз Ҳиндистон ҳукумати ва миллий тергов агентлигидан бир оз бўлса ҳам ақлини ишлатиб, Ҳизб ут-Таҳрирга нисбатан ўз позициясини қайта кўриб чиқади ва унга нисбатан муносабатини тўғрилайди, деган умиддамиз ҳамда қуйидагиларни яна бир бор таъкидлаймиз:
- Ҳизб ут-Таҳрир мабдаи Ислом бўлган сиёсий партиядир. Ҳозирда элликдан ортиқ давлатда фаолият юритмоқда. Исломий ақидага асосланган тинч йўлда фаолият олиб боради.
- Кўплаб ҳуқуқ фаоллари Ҳизб ут-Таҳрирни зўравонликка қўл урмайдиган, фақат фикрий ва сиёсий курашни олиб борувчи сиёсий партия сифатида юқори баҳолайди.
- Ҳизб Ислом Уммати фарзандлари орасида, турли тузумлар ҳукмрон бўлган мамлакатларда – улар демократия, диктатура ёки подшоҳлик тузуми бўлишидан қатъи назар – террорчилик фаолиятларига мутлақо аралашмаган ҳолда фаолият юритиб келади.
- Унинг марказий даъвати мусулмонлар диёрларида рошид Халифаликни барпо этишдир. Ҳизб бу йўлда ўз кучини аввало Аллоҳ таолодан, сўнгра Умматнинг ирода ва қатъиятидан олади. Зулм ва таъқибларга қарамай, ҳанузгача ўз мақсадида собит турибди. Ҳиндистоннинг машҳур раҳбари Ганди ҳам бу ғояни, айниқса 1919-1922 йиллар оралиғидаги ёзувларида, қўллаб-қувватлаган.
- Ҳизб ут-Таҳрирнинг ўзгартиришдаги йўли Росулуллоҳ ﷺ сийратларидан олинган бўлиб, бу йўлда фақат мулоқотга, фикрий муҳокамага ва ақидавий тиниқликка таянади.
- Ҳизбнинг адабиётлари ҳамма учун очиқ ва етарли даражада мавжуд: интернет, чоп этилган китоблар ва Amazon каби йирик платформалар орқали эълон қилинади. Бу эса унинг очиқ фикрий мулоқот ва баҳсга бўлган садоқатини аниқ намоён этади.
- Ўнлаб йиллардан бери Ҳизб ут-Таҳрир бутун дунё бўйлаб халқаро конференциялар ўтказиб келяпти, бу йил ҳам ўтказди. Жумладан, 2025 йил апрел ойида Америка Қўшма Штатларида Халифалик анжумани ўтказди ва унга нисбатан ҳеч қандай тўсиқ ёки ҳибсга олиш ҳолати кузатилмади. Бас, шундай экан, нега ҳар бир қадамини Американинг рухсати билан ташлайдиган миллий тергов агентлиги бу ҳақиқатдан ўзини кўрмаганга оляпти?!
Биз ҳар қандай ақлирасо инсонлардан сўраймиз: Қайси «террористик» ташкилот ўз китобларини энг машҳур сайтларда сотяпти ва ўнлаб йиллар давомида очиқ анжуманлар ўтказяпти?!
Шубҳасиз, энг йирик исломий сиёсий партиялардан бири ҳисобланган Ҳизб ут-Таҳрир ҳеч кимдан қўрқмаслигини ва ҳеч қачон орқага чекинмаслигини, аксинча, Умматнинг Халифаликни барпо этиш орзусини очиқ баён қилаётганини кундан-кунга исботлаб келмоқда.
Биз бутун Ислом Умматига, хусусан унинг уламоларига мурожаат қиламиз: Ҳизб ут-Таҳрир дунё мусулмонларини уйғотиш йўлида ҳаққоний равишда бир машъал бўлиб хизмат қилмоқда ва 1953 йилда муборак Фаластин заминидан бўлган Азҳар уламоларидан бири, муфаккир ва қози шайх Тақийюддин Набаҳоний роҳимаҳуллоҳ томонидан асос солинганидан буён Пайғамбарлик минҳожига содиқ қолган ҳолда ҳаракат қилмоқда.
Сўзимиз ниҳоясида, Ҳиндистон мусулмонларига шайх Саййид Аҳмад Шаҳид, шайх Шоҳ Валиуллоҳ Деҳлавий, шайх Аҳмад Сиҳиндий ва Шайхул Ҳинд Маҳмуд Ҳасан Деобандий – роҳимаҳумуллоҳ – каби буюк аждодларини эслатиб қўймоқчимиз. Ушбу уламолар бутун умрини Ислом Умматининг шаънини тиклаш йўлига бағишладилар ва шу ҳолда вафот этдилар. Эй Ҳиндистон мусулмонлари, уйғонинг ва Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифаликни барпо этиш учун ҳаракат қилинг, Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқманг!
Аллоҳ Азза ва Жалла бундай деган:
﴿يُرِيدُونَ أَن يُطۡفُِٔواْ نُورَ ٱللَّهِ بِأَفۡوَٰهِهِمۡ وَيَأۡبَى ٱللَّهُ إِلَّآ أَن يُتِمَّ نُورَهُۥ وَلَوۡ كَرِهَ ٱلۡكَٰفِرُونَ﴾
«Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, Исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар хоҳламасалар-да, фақат Ўз нурини тўла ёйишни истайди»
[Тавба 32]
Ҳизб ут-Таҳрирнинг марказий
матбуот бўлими