Иссиқкўлда юнон худоларининг ҳайкали ўрнатилди
Иссиқкўлда ўрнатилган икки ҳайкал ҳақида бир неча кундан буён давом этиб келаётган қизғин баҳс-мунозаралар асло тиним билмаяпти. Эслатиб ўтсак, Балиқчи шаҳрида хусусий корхона томонидан юнон мифологиясидаги маъбудалар ҳайкаллари ўрнатилган эди. Бироқ, жамоатчилик орасида бу ҳайкаллар ҳақида норозилик юзага келгач, компания булар шунчаки безак эканлигини айтиб, ўзини оқлашга уринди.
Айни пайтда жамият ичида бу ҳайкалларга қарши чиққанлар бўлгани каби, уни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам бор. “Секулярлар” эса бунинг сиёсатга ёки динга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтишмоқда. Улар орасида “Ғарбнинг телефонларидан, интернетидан, машиналаридан фойдаланяпсилар-ку, нега энди бу ҳайкалларга қарши чиқяпсилар? Ундай бўлса, ғарб технологияларидан ҳам фойдаланмай қўя қолинглар”, деганлар ҳам бор. Энг ачинарлиси, баъзи мусулмонларнинг билиб-билмай, бу ҳайкалларнинг ўрнатилишини қўллаб-қувватлаётганидир.
Аслини олганда маданият икки турга бўлинади: хос ва умумий. Масалан, ўша ҳайкаллар ва ҳайкалтарошлик касбини оладиган бўлсак, улар куфр дунёқарашидан келиб чиққан маданият, тўғрироғи, хос маданият саналади. Бундай маданий кўринишларни қабул қилиш Исломга зиддир. Чунки улар ғойриисломий дунёқарашдан келиб чиққан. Бундай маданий кўринишлар Ғарбнинг “динни ҳаётдан ажратиш” ғоясининг натижасидир. Ислом эса ҳаётнинг барча жабҳаларини ипидан-ийнасигача қамраб олади. Исломда дин ҳаётдан ажратилган эмас, аксинча ҳаётнинг барча жабҳаларига: сиёсатга, маданиятга, давлат бошқарувига ва бошқа барча соҳаларга оид Исломнинг ҳукмлари мавжуддир.
Маданиятнинг иккинчи турига келсак, бу умумий маданият бўлиб, илм-фан ва ишлаб чиқариш натижасида вужудга келадиган нарсаларни ўз ичига олади. У ҳеч қандай дунёқарашдан келиб чиқкан эмас. Бошқача айтганда, телефон, интернет, автомобил каби технологиялар илм-фан ва тараққиётнинг натижасидир. Бу технологиялар уларни ихтиро қилган одамларнинг дунёқарашини акс эттирмайди. Улар илм-фан маҳсулотларидир. Шунинг учун мусулмонлар улардан фойдаланса, Исломга зид иш қилган бўлиб қолмайди. Бундан ташқари, Ғарб бизга бу технологияларни хайрия сифатида бераётгани йўқ. Аксинча, катта даромад олаётгани учун бу технологияларни бизга экспорт қилмоқда. Ғарб фақат ўзининг моддий манфаатлари ҳақида қайғуради. Шунинг учун ҳам уларнинг технологиясини рўкач қилишнинг ҳожати йўқ. Қолаверса, Ғарб бу технологияларнинг бизга келишини чеклаб ёки умуман тақиқлаб қўя олмайди. Унинг асосий мақсади моддий манфаат бўлгани учун ҳам бундай қила олмайди.
Мусулмонлар юқорида айтилган нарсаларга биноан, маданиятнинг қайси турларини қабул қилиш мумкин ва қайси турларини қабул қилиш мумкин эмаслигини англаб етишлари лозим. Демак, юқорида тилга олинган ҳайкаллар Исломга зиддир. Чунки ҳайкал ясаш куфр дунёқарашидан келиб чиққан маданият бўлиб, Ислом ҳайкал ясашни ҳаром деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, бу ҳайкаллар қадимги юнон маданиятининг худолари ҳисобланади. Шунинг учун бу ва бошқа шунга ўхшаш кўринишларни рад этиш лозимдир. Чунки улар Исломга зид бўлиб, мусулмонлар эътиқодини бузилишига ва жамиятимизга ёт ғояларнинг кириб келишига йўл очади.
Ҳорун Абдулҳак