بسم الله الرحمن الرحيم
Мурабаҳа ҳалолми
Муробаҳа(مرابحة) рибҳ(ربح) сўзидан олинган бўлиб, бир-биридан фойдаланиш маъносини билдиради. Бу савдодаги бир келишим услуби бўлиб, харидор савдогарга бир маҳсулот(тавар)ни олиб келишини, устига фойда қўшиб ундан сотиб олишни таклиф қилади. Шунда савдогар бу таклифга рози бўлса ўша иш амалга ошади. Бу ҳам савдо битими, лекин бу савдода харидор маҳсулотни савдогар қанчага олганини, сўнг унга қанча фойда қўшиб бераётганини билиб туради. Одатда савдогарлар маҳсулотларни қанчадан олиб, қанчалик фойда кўргаётганини харидорларга айтмайдилар, ҳеч кимга ўзи фойдасини билдириши шарт эмас. Муробаҳада эса, харидор аввалдан маҳсулотни нарҳи қанча эканини билиб, савдогар ҳам фойдаланадиган қилиб, унга шу савдони таклиф қилади, яъни икки тарафга ҳам фойдали, харидор маҳсулотга эга бўлади, савдогар эса шу ишдан фойда кўради. Шунинг учун бундай савдо турини муробаҳа – икки тарафнинг бир биридан фойдаланиши деб аталди.
Муробаҳа битими тўртала мазҳабда ҳам жоиз битим, бу савдода икки битим бор, аммо бу битимда: савдогар ёки банк маҳсулотни сотиб олишни ва уни харидорга сотиши, улар алоҳида алоҳида келишим билан амалга ошишлиги керак, икки битим бирданига бир келишим, яъни мен сен учун оляпман, уни олишим билан сенга ҳам сотган бўламан деган шарт билан бўлиши шариатга тўғри келмайди. Бундай қилиш жоиз эмас, ҳаром бўлади, чунки Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ривоят қилган ҳадисда:
نهى رسول الله صلى الله عليه وسلم عن صفقتين في صفقة
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам икки келишимни бир келишидан қилишдан қайтарди. Табароний ривояти.
Икки битимни алоҳида-алоҳида қилинади, маълум бир муддатга: уч ой, олти ой ёки бир йилда бўлиб-бўлиб бериш шарти билан аввал харидорга сотиб, кейин савдогар ёки банк таварни бозордан сотиб олиб, харидорга топширади, яъни алоҳида-алоҳида битим тузилади дейилса, бунга жавоб шуки, харидорга маҳсулотни сотишдан аввал ўз мулки қилиб олсагина бай дуруст бўлади, эгалик қилмасдан аввал қилинган бай ҳам жоиз эмас , ҳаром бўлади, чунки Ҳаким ибн Ҳизом ривоят қилган ҳадисда:
سألتُ النبيَّ صلى الله عليه وسلَّم فقلتُ: يا رسولَ اللهِ، يأتيني الرجلُ فيسألني البيعَ ليس عندي أبيعُه منه ثم أبتاعُه له من السوقِ, قال: لا تبعْ ما ليس عندَك.
Росулуллоҳ – соллалоҳу алайҳи ва саллам – дан: ё Росулуллоҳ, бир киши келиб, менда йўқ нарсани сўрайди, унга ўша нарсани бай қилиб, кейин унга бозордан уни сотиб олиб бераман деб сўраган эдим, ўзингда бўлмаган нарсани сотма – дедилар. Нисоий ривояти.
Демак, аввал савдогар ёки банк маҳсулотни сотиб олиб, ўзини мулкига ўтказиш керак, яъни муробаҳа битимига кўра, банк маҳсулотни харидорга сотишдан олдин маҳсулотга бўлган тўлиқ эгалик ҳуқуқини қўлга киритиши ва ўша маҳсулотнинг масъулиятини ўз зиммасига олиши лозим. Сўнг – мажбурламасдан, ихтиёрий равишда – харидорга хоҳ нақдга ёки маълум бир муддатда бўлиб-бўлиб бериш шарти билан сотиш керак, ихтиёрий равишда бўлса бай бўлади, акс ҳолда судхўрлик бўлиб қолади. Бундан ташқари, насияга сотганда тўлаш муддати келиб, тўлолмай қолса маҳсулотни тортиб олиш ёки устига яна пул қўшиб беришни талаб қилиш ёки аввалдан ўшандек шартлар қўйиш ҳам жоиз эмас, ҳаром бўлади.
Аммо ҳозирда “муробаҳа” номи билан оммалашаётган банк орқали бўлаётган ишлар маробаҳа эмас, балки судхўрликдир, чунки харидор маҳсулотни ўзи сотиб олади, фақат банк – маҳсулот эгаси билан аввал келишиб қўйилган – нақд байдаги нарҳи тўлаб қўяди, кейин пулини ортиғи билан маълум бир муддатда харидордан қайтариб олади. Фақат банк нақдга сотиб олиб, кейин насияга сотди деган сўз билан судхўрликка “муробаҳа” номи бериляпти. Бундан ташқари вақтида тўлолмай қолса қўшимча ношаръий шартлари ҳам бор.
Ҳаром нарса чиройли ном берилиши билан ҳалол бўлиб қолмайди, масалан: ароқни шароб ёки шарбат деб номлаш ёки зинони бева аёлни ҳожатини адо қилиш каби яхши сўзлар билан ҳаром нарсалар ёки ишлар ҳалол бўлиб қолмайди. Шунга ўҳшаб, судхўрликни бир турини “исломий банклар қилаётган муробаҳа бўлган жоиз битим” деб номлаш билан судхўрлик жоиз бўлиб қолмайди.
Тўғри, шаръий ҳукмларни Қуръон ва ҳадислар асосида мужтаҳидлар ишлаб чиқади. Лекин бу ҳукмларни ўз воқеълигига боғлаб олиш ақлнинг иши, уни ҳар бир ақл эгаси боғлай олиши мумкин, фақат тўғри тушуниб, ўз воқеълигига боғлай олишда фикрлай оладиган бўлиши шарт, масалан: маст қилувчи ичимликлар шаръан ҳаром, лекин қайси ичимлик маст қилишини ароқхўрлар яхши билади. Шунга ўҳшаб, муробаҳа жоиз битим, лекин ундаги ҳар бир иш шаръий бўлиши шарт. Судхўрликни муробаҳа эмаслини, яъни маҳсулот устида икки бай амалга ошмаяпти, балки бир бай билимига банк пул тўлаб, қўйиб, кейин ортиғи билан маълум бир муддатда бўлиб-бўлиб қайтариб оляпти деган воқеликни ҳар бир ақлли инсон билиши мумкин.
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад