Қирғизистон ва Россия ўртасида навбатдаги дипломатик можаро юзага келди
Яқинда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Россия ҳамкорлик агентлиги (Россотрудничество)нинг филиали ҳисобланган “Русский дом” марказининг ходимаси Наталья Секирина қамоққа олингани маълум бўлди. У Украина урушига қатнашиш учун ёлланма аскарлар ёллаганликда гумонланиб, Бишкекнинг Биринчи май туман суди томонидан ҳибсга олинган. Секирина Қирғизистон фуқароси бўлиб, журналист ва нодавлат ташкилот ходимаси сифатида танилган. У 2024 йил июл ойидан буён Ўшдаги “Русский дом”да ишлаб, маҳаллий ахборот агентликлари билан алоқа ўрнатиш билан шуғулланиб келгани айтилади. Тергов маълумотларига кўра, Секирина бошқа шахслар билан биргаликда қирғиз фуқароларини урушга қатнашиш учун ёллаш ишларини уюштирган.
2025 йил 25 апрель куни Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси (УКМК)нинг раиси Қамчибек Ташиев ушбу ҳолат юзасидан Россия Федерациясининг Қирғизистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Сергей Вакунов билан учрашди. Учрашув чоғида элчи гумонланувчига нисбатан қамоқ жазосини уй қамоғи билан алмаштириш масаласини кўриб чиқишни сўради.
Ҳозирда “Россотрудничество”нинг айбдор саналган ходимлари УКМКнинг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда. Уларга қўйилган айбловлар 7 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосини ўз ичига олади. Гумонланувчилар орасида Ўш шаҳар мериясининг матбуот хизмати ходими Сергей Лапушкин ва яна шахси номаълум икки киши бор.
Ҳуқуқ тартибот идорасига кўра, улар ҳам урушга одам ёллаш билан шуғулланганликда гумон қилинмоқда. Россия вакиллари айбловлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасликларини таъкидлаб, Секиринани ишончли ходим сифатида таърифламоқда. Уларнинг таъкидлашича, “Русский дом” фақат ҳукуматлараро келишувлар доирасида иш олиб борган.
Эслатиб ўтамиз, “Россотрудничество” — бу Россия Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги федерал агентлик бўлиб, расмий равишда рус тили ва маданиятини тарғиб қилиш, хориждаги Россия фуқароларини қўллаб-қувватлаш, таълим-тарбия ва ёшлар дастурларини ташкил этиш билан шуғулланади. Бироқ сўнгги хабарларга қараганда, бу агентлик кўпинча инсонпарварлик ишлари доирасидан чиқиб, провокацион ва ҳарбий ҳаракатлар билан шуғулланиб келган.
“Русский дом” бренди остида фаолият юритаётган “Россотрудничество” АҚШнинг USAID дастури каби дунёнинг 71 давлатида ўз филиалларига эга. У Марказий Осиё мамлакатларига алоҳида эътибор қаратади. “Русский дом”нинг марказлари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда фаолият юритиб келади.
Расмий равишда ушбу марказлар Россия университетларига талабаларни жалб қилиш ҳамда рус тили курсларини очиш, кўргазмалар, фестиваллар ва ёшлар дастурларини ўтказиш билан шуғулланади. Аммо амалда эса, бу марказлар Россия элчихоналарининг сиёсий, ҳарбий ва ахборот дастурларини илгари сурувчи ҳақиқий “ижроий органлар” сифатида иш олиб боради. Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакунов ҳам Кремлнинг сиёсий кўрсатмаларининг мувофиқлаштирувчиси сифатида кўрилади.
Сиёсий нуқтаи назардан қаралганда, Россия дипломатик ваколатхоналари орқали одамларнинг урушга жалб қилиниши Марказий Осиё давлатларининг суверенитетига бевосита таҳдид сифатида қабул қилинади. Қирғизистонда чет эл урушларида қатнашиш қонунан тақиқланган экан, можаро нега бунчалик юқори даражага етди, деган савол туғилиши табиий.
Бу воқеа минтақада шу пайтгача ҳеч учрамаган дипломатик даражадаги биринчи ҳодисадир. Бироқ бу, махсус хизматлар илгари бундай ҳолатлар ҳақида маълумот олмаган, дегани эмас. Маълумки, Қирғизистон фуқаролари аввал ҳам Россия томонида туриб урушда қатнашган. Улар орасида меҳнат муҳожирлиги даврида Россия фуқаролигини олиб, урушга жалб қилинганлар ҳам бор. Бироқ, ҳукумат бу ҳолатларда огоҳлантиришлар билан чекланади. Секирина билан боғлиқ бу можарони давлат суверенитетига урғу беришга журъат этган биринчи очиқ баёнот сифатида баҳолаш мумкин.
Қирғизистоннинг бу позицияси стратегик сиёсатнинг бошланишими ёки бир марталик қадамми, буни вақт кўрсатади. Бу Москванинг қандай жавоб қайтариши ва дипломатик муносабатлар қандай кайфиятда давом этишига боғлиқ. Россия ташқи сиёсатининг авторитар характерини ҳисобга олганда, Кремл бундай мустақил қадамларни “хиёнат” сифатида қабул қилиши мумкин. Шунингдек, Путиннинг қасоскор табиатини инобатга олсак, кескинликлар янада кучайиши аниқ.
Ушбу ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Қирғизистон ҳукуматининг ҳозирги қадамлари муаммонинг фундаментал ечими эмас, балки фақат тактик қадам бўлиши мумкин. Шунингдек буни яқинда Москвадаги ҳаммомда қирғиз муҳожирларига нисбатан содир этилган зўравонликлар ортидан халқнинг норозилигини бостиришга уриниш сифатида баҳолаш ҳам мумкин. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Россия дипломатик протоколлар ва шерикчилик тамойилларини қўпол равишда бузмоқда. Ваҳолангки, муҳожирлар томонидан юзага келиши мумкин бўлган қонун бузарликлар билан Россиянинг бошқа давлатлар фуқароларини урушга жалб қилиш ҳаракатларини солиштириб бўлмайди.
Бундай шароитда Қирғизистон ҳукумати Кремл билан муносабатларида икки томонлама стандартларга чек қўйиб, халқнинг манфаатларини ўзининг шахсий манфаатларидан устун қўйиши ҳамда шаффоф ва изчил сиёсат олиб бориши лозим. Россиянинг минтақага нисбатан империалистик ёндашуви ҳаммага маълум, аммо қирғиз халқи манфаатларини шахсий манфаатлар билан алмаштириш сиёсати давом этаверса, бу мамлакат обрўсига путур етказади ва қарамликни яна-да кучайтиради. Шундай экан, Марказий Осиё халқлари, шу жумладан қирғиз фуқаролари ўзгалар ўртасидаги жангларда қуролга айланиб қолмаслиги керак. Фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ҳимоя қилиш давлатнинг бевосита бурчидир.
Латиф Расих