Қирғизистонда навбатдаги давлат тўнтаришига уриниш режалаштирилдими?
Қирғизистонда миллатлараро низо қўзғаш ва давлат тўнтаришини уюштириш мақсадида қуролли оммавий тартибсизликлар уюштиришга бўлган уриниш тўхтатилди. Гуруҳнинг барча аъзолари, жумладан, минтақа етакчилари ҳам аниқланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда 10 апрель куни Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси маълум қилди.
“Гуруҳ аъзолари “калтакланган, ярим яланғоч қирғиз қизи”нинг хорижликлар томонидан мазах қилингани ҳақида ёлғон хабар тўқиб, уни провокацион мақсадларда видеога олишни режалаштирган. Сценарийга кўра, видео тасвирда у қиз ялиниб, ёрдам сўраб туриши керак бўлган” (sputnik.kg 09.04.2025).
Бу билан улар миллатчилик шиорларини кўтариб, Бишкекда 2024 йил май ойида бўлгани каби тадбир уюштиришни мақсад қилган. Айтиб ўтиш лозимки, ўтган йилнинг май ойида чет эллик талабалар ётоқхонасидаги муштлашув акс этган шов-шувли видео пойтахтда этник тўқнашувларга сабаб бўлган эди. Ўша воқеадан хавфсизлик кучларининг заифлигини кўриниб қолди ва вазият назоратдан деярли чиқиб кетди. Шу сабабдан қизиққон ёшларни тўхтатиш учун олимларимиз аралашиб, миллатчилик туйғулари бостирилди.
Кейин, махсус хизматлар июл ойида мамлакатда тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни қуролли куч билан эгаллаб олишга уринишда айблаб, бир неча кишини ҳибсга олди. Бироқ 12 ноябрь куни Ички ишлар вазирлиги 17 ноябрда белгиланган маҳаллий Кенгаш сайлов куни ҳокимиятни эгаллаб олиш мақсадида оммавий тартибсизликлар уюштиришда гумон қилинган 7 киши қўлга олинганини маълум қилди.
“Қўлга олинганларнинг уч нафари хориж фуқаролари. Тергов маълумотларига кўра, асосий ташкилотчи Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Кубан Адил уулу эканлиги аниқланган” (ky.kloop.asia 2024/11/13).
Маҳаллий сайловларда собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг Социал-демократик партияси сайлов рўйхатидан чиқарилиб, партия раҳбари Темирлан Султонбеков ва бир қатор партия аъзолари ҳибсга олинди.
Президент Садир Жапаров жорий йилнинг феврал ойи охирида Европарламент ва Социнтерн делегацияси билан учрашди. Йиғилишда социал-демократик партия аъзоларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши ва уларга қўйилган “махфий ҳужжат” масаласи ҳам муҳокама қилинди. Президент ўз нутқида мазкур партиянинг Бишкек ва Ўшдаги номзодлари Социнтерн томонидан молиялаштирилгани ҳақида фактлар борлигини таъкидлади.
“Агар суд ишни очиқ кўриб чиқса, ҳамма нарса маълум бўлади. Бундай ҳолда Европа Иттифоқи ва Социнтерн билан муносабатларимизга путур етиши мумкин. Биз буни хоҳламаймиз”, – деди Жапаров. (cаcтус.медиа 27.02.2025).
24 феврал куни мамлакатда давлат тўнтаришига уринишда айбланиб, 11 киши ҳибсга олинди. Маълумотларга кўра, улар орасида парламентнинг собиқ депутати ҳам бор. “2024 йил 20 декабрь куни “Қирқ уруғ етти минтақа бирлиги” жамоат бирлашмасининг айрим аъзолари мунтазам равишда оммавий тартибсизликлар уюштиришга қаратилган йиғилишлар ўтказиб келгани, мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришни мақсад қилгани ҳақида маълумот олинган” (Sputnik.kg, 2025-йил 24.02).
Юқоридагилардан келиб чиқиб, 10 апрель куни ҳибсга олинганлар ҳокимият томонидан кучайиб бораётган босимга қарши ҳаракат қилаётган мухолиф кучлардир, десак хато бўлмайди. Улар маҳаллий даражадаги инқилоблар даврида асосий куч бўлган марказга яқин ҳудудларда куч тўплашга ҳаракат қилишган ва Европанинг молиявий ёрдамига таянишган. Зеро, ҳукуматнинг мамлакатда диктатура ўрнатиш йўлидаги қадамлари Европа учун номақбулдир. Шунингдек, ҳукуматга босим ўтказишда айрим бузғунчи кучлардан фойдаланиш Россия учун ҳам зарарли эмас. Гарчи мустабид тузум Россия манфаатларига мос бўлса-да, улар учун муҳими, мамлакат ҳукумати Кремлнинг хоҳиш-истакларига мос сиёсат юритишидир.
Шу боис айтиш мумкинки, халқаро кучлар учун ўз манфаатларини рўёбга чиқариш йўлида инсонлар қони тўкилишининг ва юртлар вайрон бўлишининг заррача аҳамияти йўқ. Улар учун ҳар бир минтақада ўз таъсирини ёйиш ва ўз малайлари орқали маҳаллий ресурслардан ўзлари хоҳлаганча фойдаланишлари учун йўл очиш муҳимдир. Бунинг учун жамият онгида ўрнашиб қолган миллатчилик, минтақачилик каби тор ва тубан фикрлардан фойдаланишади. Маҳаллий популист сиёсатчилар эса, ўз тахтларига қаттиқ муҳббат қўйганлиги боис фақат кофир хўжайинларини рози қилишга ҳаракат қиладилар. Ўшанда ҳам мустамлакачи кофир хўжайинлари улардан ҳар доим ҳам мамнун бўлаверишмайди ва уларни вазиятга қараб ўзгартириб туради. Шунинг учун мусулмонлар халқаро жиноий кучларнинг қуролига айланиб қолмаслик учун ҳар бир воқеага ўз ақидасидан келиб чиқиб ёндошишлари лозим.
Мумтоз Мавароуннаҳрий, Роя газетаси учун ёзди