Қирғизистон ҳукумати масжидлар қурилишига янги чекловлар жорий этишни режалаштирмоқда

19
0

Қирғизистон ҳукумати масжидлар қурилишига янги чекловлар жорий этишни режалаштирмоқда

Қирғизистонда намоз ўқиётган мусулмонлар сони ортиб бораётган бир пайтда, расмийлар мустамлакачиларнинг динга қарши режаларини амалга оширишда давом этмоқда. Ибодатхоналарни ёпиш масаласи яна кун тартибига чиқди. Қирғизистон ҳукумати масжидлар, намозхоналар ва бошқа диний муассасалар сонига чеклов киритиш масаласини кўриб чиқмоқда. Ҳозирда ҳукуматнинг ушбу маънони ўз ичига олган динга қарши қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Диний масалаларга чекловлар киритишда фаол хизмат кўрсатаётган Дин ишлари бўйича давлат комиссияси 2021 йилдан буён мамлакатимизда илгари қурилган, лекин рўйхатдан ўтмаган диний муассасаларни рўйхатга олиш кампаниясини бошлаб юборди.

Сўнгги йилларда масжидлар сонини қисқартириш бўйича олиб борилаётган кампания натижасида 644та муассаса ёпилди. Шу билан бирга, ҳомийлар ва хайрия жамғармалари рўйхатдан ўтиш ва қурилишни якунлаш бўйича давлат идораларига доимий равишда мурожаат қилмоқда.

“2023 йилнинг бошида ҳам қурилиши тугалланмаган 200дан ортиқ диний иншоотлар аниқланди. Айни пайтда диний иншоотлар қурилишини якунлаш учун маҳаллий давлат маъмуриятига ва ўзини ўзи бошқариш органларига моддий ёрдам сўраб мурожаат қилишлар кун сайин ортиб бормоқда. Диний объектлар қурилиши халқ эҳтиёжларини холисона ҳисобга олмасдан амалга оширилмоқда. Кўп ҳолатларда бир қишлоқда бир-бирига яқин жойлашган 10тагача диний муассасалар фаолият юритаётганлигини кўриш мумкин”, — дейилади баёнотда.

Мусулмонлар ўз эътиқодларидан келиб чиқиб барча эҳтиёжларини талаб қилиши у ёқда турсин, фақат биргина қурилиш лойиҳасини якунлаш учун рухсат сўраши Дин ишлари комиссиясини эсдан оғдиряптими? Қирғизистон Конституцияси бунга кафолат бергани ёлғонми? Ёки давлат комиссияси бу мурожаатларни мусулмонларнинг эҳтиёжи деб тан олмайдими? Ахир мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш уларнинг бевосита бурчи эмасми!?

Шунингдек, давлат комиссияси иккиюзламачилик қилиб, аҳоли гавжум ҳудудлардаги диний объектлар сонини аниқлаш зарурлигини тавсия қилмоқда. Комиссия ҳукуматнинг тегишли лойиҳасига таяниб, масжидларни қисқартириш учун “Қишлоқларда масжидлар орасидаги масофа 2 километрдан кам бўлмаслиги керак, Қишлоқ жойларда 3 километрдан, шаҳарларда эса 4 километрдан кам бўлмаслиги керак”, деган кулгили ва фантастик формуласини таклиф қилмоқда.

Улар бундай ўлчовларни қаердан олишди? Жума намозида ёки бошқа жамоат намозларида мусулмонлар йўлда, кўчалар четида ёки пиёдалар йўлагида намоз ўқишга мажбур бўлаётганини кўришмаяптими? Ёки бундай пайтда кўр бўлиб қолашадими? Буни кўриб туриб, қандайдир чеклов ва қисқартиришлар ҳақида гапириш мумкинми? Қолаверса, жума кунлари машиналар кўплиги ва тўхташ жойларининг йўқлиги эҳтиёж ҳисобланмайдими? Президентнинг ўзи бош бўлиб, шаҳардаги энг катта масжидда байрам намозини ўқиганда одам сиғмай қолганини кўрмадими?

Балки улар ҳукуматнинг ҳайит намозини майдонда ўқишни тақиқлашига мусулмонларнинг жим туришини уларнинг ҳокимиятга бўйсуниши белгиси сифатида қабул қилишаётгандир? Энди улар намоз ўқиладиган ва диний таълим бериладиган жойларини қисқартиришга қарор қилишди. Улар қонунни жамоатчилик муҳокамасига номигагина қўйиб, “кўпчиликнинг қўллаб-қувватлаши олинди”, қилиб кўрсатиш орқали эскича усулда ўз жиноятларини қонунийлаштирмоқчи. Бу каби лойиҳалар ва қонунлар мустамлакачиларнинг буйруғи бўлиб, ҳукумат томонидан амалга оширилаётгани аниқ. Бу ҳолат худди бўрилар ўртасидаги “қўзининг фақат гўштини ейиш керакми ёки териси билан қўшиб ейиш керакми деган баҳсга ўхшайди.

Босқичма-босқич киргизилган ушбу чекловлар “Овертон деразаси” усулига мувофиқ амалга оширилмоқда. Яъни бу – жамият заифлашиб, ўзининг кундалик муаммолари билан чалғиган сари аста-секин таслим бўлиб бораверишини англатади. Бу курашнинг қурбонлари фақат мусулмонлардир, бошқа ҳеч ким зарар кўрмайди. Шунингдек бу кураш бугун бошлангани йўқ. Ўтган йили ҳам Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси кўплаб масжид ва мадрасалар фаолиятини тўхтатган эди. Бундай ишлар санитария меъёрлари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди, деган баҳонада амалга оширилмоқда.

Қирғизистон ҳукумати ва уларнинг қўғирчоғи бўлган Дин ишлари бўйича давлат комиссиянинг ҳаракатларини қандай баҳолаш мумкин? Улар Исломга душманми ёки шунчаки иккиюзламачилик қиляптими? Жамоат намозларига келиб, дуолар қилиб, кейин масжид ва мадрасаларни ёпиб ташлашини қандай изоҳлаш мумкин? Ёки улар хўжакўрсинга ибодат қилишадими? Мусулмон халқ ўз раҳбаридан динига ёрдам беришини кутаётган бир пайтда, раҳбар ўз фуқароларининг эҳтиёжларини ҳимоя қилиши шундай бўладими?! Ҳукуматнинг ўзи мадрасалар очиб, ёшларни Исломни ўрганишга тарғиб қилишга бошчилик қилиши керак эмасми!

Шундай экан, мусулмон биродарлар, бу қонун лойиҳасини қатъиян рад этиш ва Қирғизистон ҳукуматидан мусулмонларни ва Исломни тинч қўйишни талаб қилиш зарурдир! Аллоҳ таоло айтади:

أَرَأَيْتَ الَّذِي يَنْهَى 9, عَبْدًا إِذَا صَلَّى 10, أَرَأَيْتَ إِنْ كَانَ عَلَى الْهُدَى 11, أَوْ أَمَرَ بِالتَّقْوَى 12, أَرَأَيْتَ إِنْ كَذَّبَ وَتَوَلَّى 13,  أَلَمْ يَعْلَمْ بِأَنَّ اللَّهَ يَرَى 14, كَلَّا لَئِنْ لَمْ يَنْتَهِ لَنَسْفَعَ بِالنَّاصِيَةِ 14, نَاصِيَةٍ كَاذِبَةٍ خَاطِئَةٍ 16,

“… (Эй инсон), бир бандани намоз ўқиган вақтида (намозидан) тўсадиган кимсани кўрдингми?! Хабар бергин-чи, агар у (намоз ўқигувчи) ўзи Тўғри йўлда бўлса, ёки (ўзгаларни) тақвога (Аллоҳдан қўрқишга) буюрса (уни намоздан ва тақводан тўсган кимса ҳалок бўлмасми)? Хабар бергин-чи, агар у (намоздан тўсгувчи кимса Аллоҳнинг китобини) ёлғон, деса ва (у Китобга иймон келтиришдан) юз ўгирса, албатта Аллоҳ (унинг барча қилмишларини) кўриб туришини билмасми?!  Йўқ! Қасамки, агар у (бундай гумроҳликдан) тўхтамаса, албатта Биз унинг пешона сочидан — ўша ёлғончи, адашган пешона сочидан тутармиз-да, (жаҳаннамга отурмиз)!! (Ал-Алак: 9-16).

Латифул Расих

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here