Қирғизистонда ҳайит намозини майдонда ўқиш тақиқланди
Қирғизистон мусулмонлари диний идораси ҳайит байрам дастурини эълон қилар экан, ҳайит намози 30 март куни масжидларда ўқилишини маълум қилди. Шунингдек Муфтий Рамазон ойининг тугашини ҳам олдиндан 30 март кунига белгилаб қўйди.
Бундан аввал муфтий рамазоннинг бошланишини ёки ҳайит кунини белгилаган баёнотларида бир кунга ўзгариш бўлиши мумкинлигини расман таъкидлаб келган бўлсада, бу гал бундай қилмади.
Аслида Рамазон ойининг бошланиш куни ҳамда ҳайит кунини олдиндан белгилаш шариатга зиддир. Шариат фақат ойни кўриб рўза тутишни ва ойни кўриб рўзани тугатишни талаб қилади.
Аллоҳ таоло айтади:
فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ ٱلشَّهۡرَ فَلۡيَصُمۡهُۖ
“Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин”. (2:185)
Шунингдек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ، فَإِنْ غُبِّيَ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا عِدَّةَ شَعْبَانَ ثَلاَثِينَ
“(Ой)ни кўриб рўза тутинглар, Уни кўриб рўзани тамомланглар. Агар (осмон) булутли бўлса, саноқни ўттиз кун деб ҳисобланг” (яъни, Шаъбонни ўттиз кун деб ҳисобланг)”, дедилар.
Қуръон ва Суннат рўза тутиш масаласида ойни кўриб рўза тутишни талаб қилади. Агар (осмон) булутли бўлиб, ой кўринмаса, рўза тутмасликка буюради. Шунинг учун мусулмон киши рўзани бошлашда ёки тугатишда фақат ойни кўриб амал қилиши вожибдир. Бу ерда астрономик ҳисоблар эътиборга олинмайди. Чунки шариат янги ойни кўз билан кўриб, белгилашни буюрган. Қолаверса, – Аллоҳнинг ҳикмати билан – астрономик ҳисоб-китоблар янги ҳилолнинг чиқишига тўғри келмаган пайтлар ҳам бўлган. Мисол учун, астрономик ҳисоб-китоблар бўйича, “ой кўринмайди”, дейилган кунда янги ой кўринган ҳолатлар кузатилган. Шунинг учун мусулмонлар бу масалада шариатга амал қилиб, рамазон ҳилолини кўриш билан рўза тутишни бошлашлари ва тугатишлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
لا تصوموا حتى تروا الهلال ، ولا تفطروا حتى تروه ، فإن غم عليكم فاقدروا له.
“Янги ойни кўрмай туриб, рўзани бошламанглар ва яна янги ойни кўрмай туриб, рўзани тугатманглар, Агар (осмон) булутли бўлса, саноқни тўлиқ қилинг (ўттиз кун деб ҳисобланг)”. (Бухорий ривояти).
Аммо ой кўринмаса ёки осмон булутлар билан қопланган бўлса-ю, бир мусулмон келиб, ойни кўрганлиги тўғрисида саҳиҳ хабар келтирса, мусулмон киши унга эргашиши вожиб бўлади. Чунки бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан собит бўлган: Ансорлардан бир жамоат қуйидаги ҳадисни ривоят қилди:
“أُغْمِيَ علينا هِلالُ شوَّالٍ، فأصبَحْنا صِيامًا، فجاء ركْبٌ مِن آخرِ النَّهارِ، فشهِدُوا عند النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ أنَّهم رأَوُا الهِلالَ بالأمسِ، فأمَرَهم رسولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ أنْ يُفْطِروا مِن يومِهم، وأنْ يَخرُجوا إلى عيدِهم مِن الغَدِ”.
“Бизга Шаввол ойи кўринмай қолди, шунинг учун биз рўза тутишни давом эттирдик. Кун охирида бир карвон келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ойни кўрганликларига гувоҳлик беришди. Шундан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рўзамизни очиб, эртаси куни ҳайитга чиқишни буюрдилар”. (Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида мусулмонлар – ҳар хил минтақаларда яшашларига қарамай, бир кунда рўза тутиб, бир кунда оғиз очишган. Алоқа воситаси туялар ва отлар бўлган даврда шундай бўлган бўлса, бугунги кундаги интернет даври ҳақида нима дейиш мумкин? Бугунги кунда алоқа воситаси бўлмиш интернет ривожланган даврда, Америкада турган киши бир неча сонияда ҳеч қандай тўсиқсиз ёки қийинчиликларсиз Индонезиядаги киши билан алоқа қилиши мумкин. Шунинг учун мусулмонлар – дунёнинг қаерида бўлишидан қатъи назар, бир кунда рўза тутиб, бир кунда рўзани очиш ҳукмига амал қилишлари керак. Бу амал шариат талаби бўлишидан ташқари, бутун дунё мусулмонлари ўртасида ҳамжиҳатликни рўёбга чиқаради ва мусулмонлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат ва биродарлик туйғуларини мустаҳкамлайди.
Қирғизистон расмийларининг ҳайит намозини майдонда ўқишни тақиқлашига келсак – бу мусулмонларни ибодатдан тўсиш ва уларни назорат остига олиш усулларидан биридир. Чунки, сўнгги йилларда Қирғизистонда ҳайит намозига қатнашаётган мусулмонлар сони умумий аҳоли сонига нисбатан сезиларли даражада ортиб бормоқда. Пойтахтнинг ўзида юз минглаб одамларнинг намозга келиши, ҳукуматдаги Исломга қарши мулозимларни ғазабини қўзғамоқда. Бу кўрсаткич нафақат Қирғизистон ҳукуматини, балки уларнинг мустамлакачи хўжайинлари ва уларнинг қўл-оёғига айланган халқаро ташкилотларни ҳам ташвишга солаётгани шубҳасиз. Шунинг учун бу ташкилотлар Қирғизистон ҳукуматига Исломийлашув жараёнининг олдини олиш учун миллионлаб долларлар ажратиб келмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, эҳтиёткор бўлиш фарздан воз кечиш дегани эмас. Айниқса, кўнгилочар тадбирлар, куфр ва ширк байрамларига ўн минглаб одамлар ҳеч қандай тўсиқларсиз йиғиладиган майдонда намоз ўқишни ман қилиш, иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас. Намозни марказий майдонларда ўқишдан тўсиб, масжидларда ўқитиш билан хавфсизлик масаласи ҳал бўлиб қолмайди. Бу эса хавфсизлик шунчаки баҳона эканлигини кўрсатиб турибди. Шу боис давлат мутасаддилари ҳайит намозини ўқишга чеклов қўйиш билан ўз масъулиятини бажара олмай, гуноҳкор бўлишмоқда. Шундай экан, биз мусулмонлар давлат мутасаддиларидан ушбу ишларни амалга оширишни талаб қилишимиз ҳамда Исломий қадриятлар ва ҳукмларнинг оёқ ости қилинишига йўл қўймаслигимиз лозим!
Ҳарун Абдулҳак