Давлат ипотекасидан бериладиган уйлар 1400 долларгача баҳоланмоқда

10
0

Давлат ипотекасидан бериладиган уйлар 1400 долларгача баҳоланмоқда

Давлат ипотека компанияси раҳбарининг ўринбосари Тилек Жээмбаев Қирғизистонда фуқароларга берилаётган ипотека уйларининг ҳар квадрат метри 650 доллардан 1400 долларгача баҳоланишини билдирди.

Жээмбаев бу ҳақда 3 март куни бўлиб ўтган парламентнинг Бюджет, иқтисодий ва фискал сиёсат қўмитасининг йиғилишида депутатлар саволларига жавоб бераётиб айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Қирғизистон бўйлаб давлат ипотека компанияси доирасида 62 мингта уй қурилиши давом этмоқда.

Изоҳ:

Қирғизистон ҳукумати давлат ипотекасига оид уй-жойларни қуриш учун Саудия Арабистонидан 1 фоизли кредит билан 79 миллион доллар олган эди. Саудия Арабистони билан келишув 2024 йил апрель ойида Ар-Риёдда имзоланган. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши туфайли минглаб эҳтиёжманд оилалар ипотека кредитлаш тизими орқали ижтимоий уй-жойга эга бўлиши таъкидланган эди. Энди ўша Саудиядан олинган пулга қурилган уй-жойлар 8 фоиз устама билан аҳолига сотилмоқда. Ҳукумат кам таъминланган аҳолининг муаммоларини ҳал қилиш учун Ислом тараққиёт банкидан судхўрлик асосида бир фоизли кредит олишни таклиф қилибгина қолмай, йўқ харажатлар ниқоби остида яна етти фоиз қўшиб даромад олишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳам етмагандай, уйларнинг ярми икки баравар қимматга сотилмоқда.

Бундан ҳам муҳими, Саудия Ислом тараққиёт банки билан тузилган шартнома ҳам, давлат билан тузилаётган уй-жой шартномалари ҳам судхўрликка асосланган. Аллоҳ Таоло айтади:

يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَذَرُوا مَا بَقِيَ مِنْ الرِّبَا إِنْ كُنتُمْ مُؤْمِنِينَ ۩ فَإِنْ لَمْ تَفْعَلُوا فَأْذَنُوا بِحَرْبٍ مِنْ اللَّهِ وَرَسُولِهِ وَإِنْ تُبْتُمْ فَلَكُمْ رُءُوسُ أَمْوَالِكُمْ لَا تَظْلِمُونَ وَلَا تُظْلَمُونَ ۩

“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. (Яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз). Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг! Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга — золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз”. (2:278-279).

Барча банклар шариатда тақиқланган акциядорлик жамиятлари бўлиб, фақат манфаат учун ташкил қилингандир. Уларнинг мақсади одамларни судхўрлик азобидан ҳамда шариат тақиқлаган амаллардан халос қилиш эмас. Аксинча, Аллоҳ Таолонинг қонунларига зид бўлган ишларга Исломий ном бериш билан мусулмонларни чалғитиш ҳамда Исломий ҳукмларни бузиб кўрсатишдир. Капиталистик бошқарувнинг табиати мана шундай.

Исломий бошқарувда эса, аҳолини уй-жой, кийим-кечак ва озиқ-овқат каби асосий эҳтиёжлар билан таъминлаш мажбурияти давлатнинг зиммасида бўлади. Бунинг учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади. Давлат бюджети эса ғанимат, фай, хирож, жизя, умумий мулкдан тушган даромадлар, давлат мулки ва унинг даромадлари, божхона тўловлари, раҳбарлар ва давлат хизматчиларнинг ноқонуний бойликлари, жарималар, хумслар, меросхўри бўлмаган шахснинг мол-мулки, муртадларнинг мулки каби манбалардан олинган маблағлар билан тўлдирилади. Ушбу даромадлар уммат манфаатларини таъминлашга етарли бўлгани учун Исломда халқдан доимий равишда солиқ олинмайди. Бу — Ислом бой бўлишни тақиқлайди дегани эмас, аксинча, ижтимоий тенгсизлик ва зарарни бартараф этиш ҳисобланади. Шундай экан, биз мусулмонлар мавжуд вазиятни ўзгартириш учун мана шундай дунёқарашга эга, фаровон ҳаётни кафолатлаб берадиган Ислом тузумини чуқур ўрганишимиз ва уни ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилишимиз шарт!

Нурдин Асаналиев

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here