Қирғизистонда электр энергияси нархи 26 тийинга кўтарилади
Қирғизистонда 2025 йил 1 майдан эътиборан электр энергияси нархи 26 тийинга кўтарилади. Шунда 1 кВт/соат электр энергиясининг нархи 1 сом 37 тийин бўлади. Бу ҳақда энергетика вазири Таалайбек Ибраев 14 январ куни Жогорку Кенешда бўлиб ўтган қўмита йиғилишида маълум қилди.
Электр энергиясидан фойдаланаётган корхоналар ҳозирда 1 кВт/соат электр энергияси учун 3 сом 18 тийин тўлаётган бўлса, 1 майдан эътиборан 3 сом 49 тийин тўлашга мажбур бўлади.
Ҳозирда Қирғизистонда 1 кВт/соат электр энергияси 1 сом 11 тийин қилиб белгиланган. 700 кВт/соатдан ортиқ электр истеъмол қилган абонентлар 2 сом 39 тийин тўлайди.
Изоҳ:
Бундан олдин Ибраев инфляция даражасига қараб ҳар йили электр энергиясининг нархи кўтарилиб боришини айтган эди. Бироқ Миллий статистика қўмитаси 2024 йилда инфляция даражаси 6,3 фоизни ташкил қилганини маълум қилди. Шунга биноан, электр энергиясининг тарифи 7 тийинга оширилиши керак эди.
Маълумки, расмий ҳукумат халқнинг елкасидаги юкини янада оғирлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун ҳатто ўз сўзларидан ҳам тоймоқда. Мамлакатда электр энергияси тарифлари мунтазам равишда ошиб бораётган бўдса-да, бироқ совуқ мавсумда электр энергияси етарли даражада етказиб берилмайди. Масалан, электр энергияси халққа 220 кВт ўрнига 160-180 кВт қувватда етказиб берилмоқда. Ҳатто вақти-вақти билан электр таъминотида узилишлар юз бериб туради. Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатдаги капиталистлар майнинг фермаларини ишлатиш учун электр энергиясини арзон нархда сотиб олишмоқда. Масалан, “МБТ Строй” компанияси “Қамбар-Ота-2” ГEСига 1,5 млрд. сом сармоя киритиб, уни электр энергияси сифатида қайтариб олмоқда. Мазкур компания “Қамбар-ота”га киритган сармоясини оқлаш учун 5-10 йил давомида ГEСдан 50-60 тийиндан энергия олишни режалаштирган. Маълумки, расмий идоралар электр энергиясининг таннархи 2 сом 38 тийин эканини айтиб келади. Бироқ, капиталистларнинг манфаатлари ҳақида гап кетганда, бу таннархлар 60 тийиндан ҳам пастга тушиб қолади.
Аслида, Қирғизистоннинг энергетика инқирозидан чиқа олмаслигининг сабаби электр тарифлари нархининг арзонлиги эмас, балки энергетика тармоғидаги коррупция ва капиталистларнинг турли найрангларидир.
Қолаверса, амалдорлар суғориш вақтида Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув сотиш орқали пул топишади. Сўнгра қиш учун электр энергиясини сотиб олиш учун шартнома тузиб, яна пул ишлашади. Бирин-кетин келган ҳукуматлар бундай чигал коррупцион схемаларни йўқ қилиш ўрнига электр тарифларининг нархини кўтариш орқали халқни кўпроқ талашга ҳаракат қилиб келмоқда. Уларнинг сайловдаги қуруқ шиорлари ўткинчи алдов бўлишига қарамай, халқ сўнгги умид билан кейинги хиёнаткор сиёсатчиларга алданишда давом этмоқда.
Ҳар бир янги келган ҳукуматнинг электр энергияси нархини кўтариш учун ўзига яраша сабаби бор. Бу эса, ушбу соҳа учун хориждан олинган катта маблағлар ва уларнинг коррупцион йўллар билан ўзлаштирилишидир. Қирғизистон 1992 йилдан бери энергетика соҳасига 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлади. Уларнинг асосий қисми кредитлар, ссудалар ва грантлар шаклида хорижий молия ташкилотларидан олинган маблағлардир. Ҳар сафар кредит олиш учун шартнома тузилганда тармоқни “модернизация қилиш” баҳона сифатида тилга олинади. Бироқ бундай катта миқдордаги кредитлар олинганига қарамай, мамлакатнинг энергетика тармоғи ҳали ҳам ночор аҳволда қолмоқда. Бу эса энергетика соҳаси коррупциянинг ўчоғига айланиб қолганлигини тасдиқлаб турибди. Бундан ташқари, ушбу кредитлар халқаро молиявий ташкилотлар томонидан ажратилаётганда, электр энергиясининг нархини кўтариш талаби қўйилади. Шунингдек, улар хусусийлаштириш ва электр тарифларининг нархини ошириш орқали ўлкамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таннархи кўтарилишини хоҳлашади. Натижада маҳаллий тадбиркорлар чет эл капиталистларининг арзон нархлардаги товарлари қаршисида рақобатлаша олмай қолади.
Хулоса қилиб айтганда, муаммонинг асосий сабаби бошимиз узра қора булутга айланган капиталистик тузум ва энергетика тармоғидаги коррупционерлардир. Улар аҳолининг асосий эҳтиёжи бўлган электр энергиясини хусусийлаштириш орқали катта даромад олмоқда. Шундай экан, халқ капитализмни инкор этиб, Исломни тиклашга уринаётган етакчилар орқалигина бундай аянчли вазиятдан қутилиши мумкин. Халқни алдаган раҳбарларга яна умид боғлаш – бир индан икки марта чақилиш ҳисобланади. Бу эса, мусулмонлар учун жоиз эмас!
Нурдин Асаналиев