بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ҳадиси Шариф билан
Аллоҳнинг раҳмати ғазабидан устундир
Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
Имом ан-Нававий «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳида “Аллоҳнинг раҳмати ғазабидан устундир” бобида шундай дейди:
حدثنا قتيبة بن سعيد حدثنا المغيرة يعني الحزامي عن أبي الزناد عن الأعرج عن أبي هريرة، أن النبي صلى الله عليه وسلم قال:” لما خلق الله الخلق، كتب في كتابه فهو عنده فوق العرش، إن رحمتي تغلب غضبي“
Қутайба ибн Саид бизга Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ Таоло махлуқотларни яратган пайтда Аршнинг устидаги Ўзининг хузурида бўлган китобга – Менинг раҳматим ғазабимдан устундир – деб ёзиб қўйди”.
Аллоҳ Таолонинг: “إن رحمتي تغلب غضبي” “Албатта, Менинг раҳматим ғазабимдан устундир”, деган сўзлари ва яна бошқа ривоятда келган “سبقت رحمتي غضبي” “Менинг раҳматим ғазабимдан ўзиб кетди” деган сўзлари ҳақида уламолар шундай дейишган: “Аллоҳ Таолонинг ғазаби ва розилиги, У Зотнинг иродаси маъноси билан боғлиқдир. Аллоҳнинг итоаткорни мукофотлаш ва бандага фойда келтириш иродаси У Зотнинг розилиги ва раҳматидир. Гуноҳкорни азоблаш иродаси эса У Зотнинг ғазабидир. Аллоҳ Таолонинг барча иродаси У Зотнинг азалий сифатидир… Бу ерда “устундир” ва “ўзиб кетди”, деган сўзлар Аллоҳнинг кенг раҳмати ва ҳамма нарсани қамраб олувчи марҳаматидан даракдир. Луғавий маънода “бировга марҳамат кўрсатди”, дейилганда, жуда кечиримли сифати назарда тутилади”.
Азиз биродарлар!
Аввало, махлуқотлар орасида бизни инсон қилиб яратгани учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Иккинчидан, бизни Ислом неъмати билан сийлагани учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Учинчидан, даъватни кўтариб чиқиш неъматига муяссар қилгани учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ Таоло бизларни яратиб, Ўзининг тўғри йўлига ҳидоят қилгани буюк раҳматдир. Баъзи одамлар дунё ва охиратда нафсларини ёмонликдан сақламай, ўзларига раҳм қилмаганликлари учун улар бу раҳматдан маҳрумдирлар. Нафсига раҳм-шафқат қилган киши гуноҳлар ва ёмонликлардан узоқ бўлиб, итоат билан Аллоҳга яқинлашади. Қанчадан-қанча одамлар ўзларига зулм қилиб, инсон чиқарган бошқарув низомига эргашиб кетди ва уларга бўйсуниб, бахтсиз бўлди. Шариат тошбағирлик ва шафқатсизликдан огоҳлантириб, ўзгаларга раҳм-шафқат кўрсатмайдиганларни бадбахт деб ҳисоблади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
“لا تنزع الرحمة إلا من شقي”
“Раҳм-шафқат бахтсиз инсонлардангина тортиб олинади”, дедилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёл мушук туфайли жаҳаннамга кирганини айтдилар. Шундай экан, Шомда бўлгани каби мусулмонларни ваҳшийларча ўлдирганлар ҳақида нима дейиш мумкин? Албатта, Аллоҳ Таоло бундай кишиларга раҳм қилмаслигига шубҳа йўқ. Аксинча, уларга Аллоҳнинг ғазаби бўлади. Аллоҳга иймон келтирган ва У Зотнинг ерида У Зотнинг шариатини ўрнатишга интилганларга эса, Аллоҳнинг раҳмати ёзилади. Аллоҳ Қуръон орқали ер юзида Ўзининг раҳматини топишга интилганлар билан биргадир.
Аллоҳим, бизларни солиҳ амал қилувчилардан ва яхшиликка қулоқ солиб, унинг энг яхшисига эргашувчилардан қилгин. Амин.
Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
28 Жуммадус Саани, 1446ҳ йил.
30 Декабрь, 2024м йил.