بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ҳадиси Шариф билан
Киши ўз дўстининг динидадир
Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الرَّجُلُ عَلَى دِينِ خَلِيلِهِ فَلْيَنْظُرْ أَحَدُكُمْ مَنْ يُخَالِلُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши дўстининг динида бўлади, сизлардан ҳар бирингиз ким билан дўстлашаётганига қарасин!”, дедилар.
Жоми ут-Термизийнинг шарҳи «Туҳфатул Аҳвазий» китобида шундай дейилади:
(الرَّجُلُ) “эркак дўст” деган маънони ифодалайди.
“Дўстининг динида” дегани, одатда, дўстининг хатти-ҳаракати бўйича ва унинг йўлидан юради деган маънони англатади.
“Сизлардан ҳар бирингиз ким билан дўстлашаётганига қарасин!”, яъни ўйлаб кўрсин.
Дўст бўлиш – бу дўстлик, биродарлик, ҳамроҳлик демакдир. Ким бир кишини дўст тутаётган бўлса, демак унинг динидан ва феъл-атворидан рози бўлганини билдиради. Шунинг учун яхши ёки ёмон феъл-атвор бир дўстдан иккинчисига ўтиши мумкин бўлган сифатлар сирасига киради.
Имом Ғаззолий айтадилар: “Ғайрати кучли бўлганлар билан ўтириш кишини ҳаракатга ундайди”. Сусткашлар билан ўтириш эса ҳаётда кишини таркидунёчиликка ундайди. Чунки табиат тақлид қилиш, ибрат олиш учун яратилган. Шунинг учун табиат сезмаган ҳолда бошқа табиатдан ўғирлайди.
Ал-Қарафий айтади: “Ҳамма ҳам йўлдош, ҳамроҳ бўлишга ёки ёнма-ён юришга лойиқ эмас”.
Алкама айтади: “Агар дўст бўлсанг, сени кўкартирадиган одам билан дўст бўл. Бошинга кулфат тушса, у сен учун қайғуради, хато гапирсанг сўзингни тузатади. Сендан яхшилик кўрса оширади, ёмонлик кўрса яширади. Агар сенда камчилик кўрса, уни бекитади, фазилат кўрса, уни кўпайтиради. Агар сўрасанг, беради. Мусибатга йўлиқсанг, сенга таскин беради. Дўстнинг энг паст даражаси – ундан сенга ёмонлик келмайдигани ва унинг йўли сенинг йўлинг билан кесишмаганидир”.
Шайх Аҳмад ибн Ато айтади: Қарши фикрли одам билан ўтириш руҳнинг йўқолишга олиб келади. Ҳамфикр одам билан ўтириш эса, онгнинг ривожланиши ва ўсишини таъминлайди. Бирга ўтиришга ярайдиган кишиларнинг ҳаммаси ҳам дўст бўлавермайди. Дўст бўлишга яроқли кишиларнинг ҳаммаси ҳам сирдош бўлавермайди. Сирларни фақат омонатли, ишончли кишиларгагина айтиш мумкин.
Азиз биродарлар!
Ҳозирги кунда баъзилар ўзларининг ёки фарзандларининг аҳволига қайғу ва афсус билан қарашади. Ўзи ёки фарзандлари қандай қилиб бу даражага етганига ҳайрон қолади. Бу вазиятдан қандай қутиламан, деб ўзига ўзи савол беради. Аммо ўртоқлари ва дўстларининг кимлигига эътибор бермайди. Юқорида айтиб ўтилганлар ушбу ҳолатнинг муҳимлигини тушунтириш учун айтилди. Бундай вазиятга дуч келган ҳар бир киши шуни яхши билиши керакки, у ўз аҳволини яхшилаш учун авваламбор, Аллоҳга итоат қилишига ёрдам берадиган яхши дўстлар излаши керак. Аллоҳ Таолодан бизни доимо солиҳ инсонлар билан бирга қилишини сўраймиз.
Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
17 Жуммадус Саани, 1446ҳ йил.
19 Декабрь, 2024м йил.