Қирғизистоннинг қарзи етти миллиард долларга яқинлашди
2024 йил 30 сентябрь ҳисобига кўра, Қирғизистоннинг давлат қарзи 6 миллиард 617 миллион долларга етди. Бу ҳақда Молия вазирлиги маълум қилди. Бунинг 4 миллиард 526 миллион доллари ташқи қарз бўлса, 2 миллиард 54 миллион доллари ички қарздир. Умуман олганда, 2024 йилда давлат қарзининг миқдори 336,5 миллион долларга ошди. 2020 йилдан буён эса бу миқдор 2 миллиард долларга кўпайди.
Изоҳ:
Бундан аввал Миллий статистика қўмитаси мамлакатдаги энг бой қатлам камбағалларга қараганда 10 баробар кўп даромад олиши ҳақида хабар берган эди. Уч йил аввал эса бу кўрсаткич беш баробарни ташкил этарди. Айни пайтда, Қирғизистондаги молиявий ташкилотлар 2024 йилнинг тўққиз ойида (январ-сентябрь) 115 миллиард сўмдан ортиқ даромадни қўлга киритди. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга ёки деярли 24 миллиард сўмга кўпдир.
Юқоридаги барча статистик маълумотлар капиталистик иқтисодий тузимнинг натижаси эканлигига шубҳа йўқ. Молиявий ташкилотларнинг мавжуд бўлмаган пул устидан фойда орттириши ҳам шулар жумласидан. Масалан, сиз банкка қўйган миллион долларни банк ўз капиталидек бошқа шахсга фоизли қарзга беради. Натижада, сизнинг миллион долларингиз учинчи шахснинг қўлига ўтса ҳам, у банкнинг ҳисобида тураверади. Шу сабабли, виртуал пул билан нақд пул ўртасидаги фарқ мисли кўрилмаган даражада кенгайиб бормоқда. Бу доимий шишиб бораётган шарга ўхшайди. Инқироз даврида кўрилган барча чора-тадбирлар ушбу шарнинг ёрилишига йўл қўймаслик учун қилинган уриниш ҳисобланади. Давлатлар учун халқнинг қашшоқлашиб бораётгани муҳим эмас, балки капиталистларнинг манфаати учун қурилган тузумни сақлаб қолиш муҳимдир.
Инфляция доимий равишда ўсиб боришининг ягона сабаби қоғоз пул тизимидир. Инфляциянинг ўсиши биринчи навбатда оддий халқнинг чўнтагига зарар беради. Пулнинг харид қобилиятини пасайтиради ва халқни қашшоқлаштиради. Айниқса, Қирғизистон каби импортга қарам халқ учун бу ортиқча машаққатдир. Ташқи қарз ва унинг фоизларини тўлаш учун долларнинг хорижга чиқиб кетиши ҳам бу муаммони янада кучайтирадиган омил ҳисобланади.
Демак капиталистик иқтисод низоми халқни қашшоқлаштириш ва бойларнинг бойлигини орттириш асосида қурилади. Бунинг муқобилида, Исломий иқтисод низоми эса олтин ва кумуш пулларга асосланади. Унда бойлик бир ҳовуч одамларнинг қўлида тўпланиб қолишига ва улар бойликларни хазина қилиб тўплашига ҳамда судхўрлик ва қаршиликсиз қоғоз пуллар босилишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, мустамлакачи давлатлар заиф мамлакатларни қарз занжири билан боғлаб, эксплуатация қилишиша йўл қўймайди. Исломий тузумда инфляция муаммоси бўлмайди ҳамда одамларнинг нархлар ошишидан ваҳимага тушиб, ортиқча товар сотиб олишига ҳожат қолмайди. Бинобарин, бугунги кунда муаммоларнинг ортиб бориши ва маблағларимизнинг капиталистлар ва мустамлакачилар чўнтагига оқиб кетишининг асл сабаби капиталистик тузумдир.
Нурдин Асаналиев