Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши 27 декабрь куни бошланади

29
0

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши 27 декабрь куни бошланади

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши 27 декабрь куни бошланади. Бу ҳақда президент Садир Жапаров 20 декабрь куни Бишкекда бўлиб ўтган Халқ қурултойида маълум қилди.

Жапаров баёнот бериши биланоқ, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўллари компанияси 20 декабрь куни инвестиция шартномасини имзолади. Битимга Қирғизистон томонидан транспорт ва коммуникациялар вазири Абсаттар Сирғабаев ва “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўллари компанияси” масъулияти чекланган жамиятининг директорлар кенгаши раиси Чжун Шэнгуй имзо чекди.

Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Бахит Туробаевнинг таъкидлашича, келишув темир йўлни лойиҳалаш, қуриш, молиялаштириш, фойдаланиш ва таъмирлаш масалаларини ўз ичига олади. Мазкур ҳужжат қабул қилиниши билан уни амалга ошириш жараёни бошланади.

Маълумки, бундан аввал Бишкекда “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли” корхонаси ташкил этилган эди. Унинг таъсисчилари сифатида Хитойнинг China Railway International ширкати, Қирғизистоннинг “Қирғиз темир йўли” давлат корхонаси ва Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти рўйхатга олинган. Қўшилган маблағларга қараб, Хитойнинг компаниядаги улуши 51 фоизни ташкил этади. Қолган 49 фоизи Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 24,5 фоиздан тақсимланади. Лойиҳа қиймати 4 миллиард 665 миллион долларни ташкил этади. Харажатлар қоплангандан кейин Темир йўл Қирғизистонга ўтади. Унинг дастлабки муддати 31 йил қилиб белгиланган. Темир йўлнинг умумий узунлиги 480 километрни ташкил этади.

Изоҳ:

Темир йўл юк ташишда нархи арзонлиги бўйича дунёдаги энг муҳим стратегик йўналиш ҳисобланиб, сув транспортидан кейинги ўринда туради. Юқоридан маълум бўлишича, темир йўл қурилиши билан Хитойнинг минтақадаги таъсири, шубҳасиз, ортади. Шу пайтгача темир йўл лойиҳаси Россиянинг минтақадаги манфаатларига зид бўлгани учун амалга ошмай турган эди. Ҳозирда Украина ботқоғига ботиб қолган Россия Марказий Осиёдаги таъсирини Хитой билан бўлишишга мажбур. Хитой ушбу лойиҳа билан чекланиб қолмай, минтақадаги бошқа давлатлар билан савдо марказларини қуриш орқали иқтисодий экспансияни оширишга ҳаракат қилмоқда.

Сўнгги ўн йил ичида Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик ўта фаол ривожланиб бормоқда. Мамлакатда Хитойнинг 300дан ортиқ корхонаси, шунингдек, 200га яқин Қирғизистон-Хитой қўшма корхоналари фаолият юритмоқда. Тоғ-кон саноати корхоналарининг 80 фоизи эса Хитой компанияларига тегишли. Хитой компаниялари ўз фаолияти тўғрисида ҳеч қандай ҳисобот тақдим этмайди, шунинг учун улар қанча миқдорда кон қазиб олаётгани ёки мамлакатдан қанча бойлик олиб чиқиб кетаётгани маълум эмас. Президентнинг мамлакатдан олтин ва бошқа нодир металл рудаларини экспорт қилишга рухсат берувчи фармони минерал ресурсларнинг яна ҳам ҳисобсиз чиқиб кетишига йўл очиши аниқ.

Демак, юқорида тилга олинган темир йўл лойиҳаси Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг иқтисодий манфаатлари учун зарур бўлса-да, бунда Хитойнинг иқтисодий манфаатларига қўшимча равишда стратегик ва сиёсий манфаатлари ҳам бор. Аниқроғи, Хитой минтақа давлатларини экспансия қилиш орқали минерал ресурслар ва хомашёга эга бўлишни ҳамда ўз товарлари учун янги бозорлар очишни истайди.

Хулоса қилиб айтганда, темир йўл лойиҳаси Хитойга қарамлигимизни янада оширади. Лойиҳадан сўнг хитой тили ва маданияти минтақада ёйила бошлайди. Бу Хитойнинг сақофий мустамлакасига айланишимизга йўл очади. Иқтисодий жиҳатдан эса, биз аллақачон савдо алоқалари орқали Хитойга қарам бўлиб қолганмиз. Шунинг учун Хитой темир йўл баҳонасида ўлкамизда ўзининг ҳарбий таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу эса Хитойнинг ҳарбий мустамлакасига айланишимизга олиб келади. Ниҳоят, Хитой ўз фуқароларини мамлакатга жойлаштириш орқали Қирғизистон фуқаролигини олиш учун шароит яратиб беради ва улар орқали сайловларга таъсир ўтказишга ҳаракат қилади. Натижада у сиёсий мустамлака қилишга интилади. Шунинг учун темир йўл лойиҳаси стратегик аҳамиятга эга. Бунинг ортидан Хитойнинг мамлакатдаги нуфузи нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки ҳарбий, сақофий ва сиёсий жиҳатдан ҳам кучаяди!

Нурдин Асаналиев

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here