Аёлларга яхши муносабатда бўлинг

22
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Аёлларга яхши муносабатда бўлинг

Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

ورد في سنن ابن ماجه – كتاب النكاح –  حدثنا أبو بكر بن أبي شيبة حدثنا الحسين بن علي عن زائدة عن شبيب بن غرقدة البارقي عن سليمان بن عمرو بن الأحوص حدثني أبي  أنه شهد حجة الوداع مع رسول الله صلى الله عليه وسلم فحمد الله وأثنى عليه وذكر ووعظ ثم قال: ” استوصوا بالنساء خيرا فإنهن عندكم عوان ليس تملكون منهن شيئا غير ذلك إلا أن يأتين بفاحشة مبينة فإن فعلن فاهجروهن في المضاجع واضربوهن ضربا غير مبرح فإن أطعنكم فلا تبغوا عليهن سبيلا إن لكم من نسائكم حقا ولنسائكم عليكم حقا فأما حقكم على نسائكم فلا يوطئن فرشكم من تكرهون ولا يأذن في بيوتكم لمن تكرهون ألا وحقهن عليكم أن تحسنوا إليهن في كسوتهن وطعامهن

Ибн Можанинг “Сунан” китобида шундай зикр қилинади: Абу Бакр ибн Абу Шайба Сулаймон ибн Амр ибн Аҳвосдан, у эса, отасидан  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида Аллоҳга ҳамду-сано айтдиб, зикр қилганларидан кейин шундай деганликларини ривоят қилади: Аёлларингизга яхши муомалада бўлинг. Чунки улар (эркаклар оилада бошқарувчи бўлганлиги туфайли) сизнинг олдингизда асирдирлар. Улар очиқдан-очиқ фаҳш (яъни итоатсизлик, ёмон хулқ, эр ва унинг оиласига тили ва қўли билан зарар етказиш) ишларни қилмас эканлар, сизлар бундан бошқа ҳеч нарсага эга эмассиз (яъни аёлларга насиҳат қилиш ва уларга яхшилик қилишдан бошқа нарсага эга эмассиз). Агар шундай (итоатсизлик) қилсалар ётоқларингизни ажратинг. (Агар у бундан ҳам насиҳат олмаса) Уларни оғритмайдиган тарзда уринг. Агар сизга итоат қилсалар, уларга қарши бундан бошқа йўл изламанг. (Яъни, уларга ҳеч қандай босим ўтказманг. Бу аёлларга яхши насиҳат қилиш ва агар улар итоатсизлик қилса, уларни вазминлик билан жазолаш демакдир). Албатта, сизнинг аёлларингиз устида ҳақларингиз бордир. Аёлларингизнинг ҳам сизнинг устингизда ҳақлари бор. Сизнинг аёлларингиз устидаги ҳаққингиз улар сиз ёқтирмаган кишини уйингизга киритмасликларидир. (Яъни аёлларингиз сиз ёқтирмаган ҳеч кимни – у бегонами, танишми ёки эркакми, аёлми ёки маҳрамлардан бирими, фарқи йўқ – уйингизга киришига йўл қўймасликлари керак). Уларнинг сизнинг устингиздаги ҳақлари эса, уларни кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлашда яхши муомалада бўлишингиздир. (Яъни уларга бефарқ бўлмай, етарли даражада ғамхўрлик қилишингиз лозим).

Бу ҳадис Ас-Синдийнинг шарҳида “Никоҳ китоби – аёлларингизга яхши муомалада бўлинг” мавзуси билан келган. “Аёлларингизга яхши муомалада бўлинг” сўзи васиятни қабул қилишни англатади. Яъни бу “мен сизларни улар билан яхши муомалада бўлишингизни васият қиламан, улар ҳақидаги васиятимни қабул қилинг” деганидир.

Ат-Тибий айтди: “Аёлларингизга яхши муомалада бўлинг”, сўзи талабни ифодалайди. Яъни, уларга яхшилик қилишни ўзингизга буюринг ёки бир-бирингизни уларга яхшилик қилишга ва уларнинг одобсизликларига сабр қилишга чақиринг.

“عوان сўзи عانية сўзининг кўплик шакли бўлиб, асир деган маънони билдиради. “Улар очиқдан-очиқ фаҳш ишларни қилмас эканлар”, яъни, очиқ-ойдин фаҳш ишни қилмаса эрлари аёлларига яхши насиҳат қилишлари, яхши муомала қилишлари керак. Бу ерда фаҳш ишлар дегани зино маъносида эмас, балки итоатсизлик, ёмон хулқ-атвор, эрига ва унинг оиласига тили ва қўли билан зарар етказишдир. Чунки зинонинг ўзига хос жазоси бор.

“Ётоқларингизни ажратинг” сўзи “улар билан ётоқхонада бир тўшакда ётманг”, уларга яқинлашманг”, деган маънони англатади. Чунки бу жинсий алоқани олдини олишдир.

“Уларни оғритмайдиган тарзда уринг” сўзи Аллоҳ таолонинг واللاتي تخافون نشوزهن «Агар уларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз», деган сўзига мос келади. Демак бу ҳадис оятнинг тафсирига ўхшайди. Чунки бу уриш қаттиқ эмас, юмшоқ уришдир.

“Агар сизга итоат қилсалар, уларга қарши бундан бошқа йўл изламанг”. Яъни, уларни айблаб, зарар бермаслик керак. Ўрталарида бўлиб ўтган баъзи ҳодисаларга кўз юмишлиги керак. Зеро, гуноҳидан тавба қилган одам, гуноҳсиз одамдек бўлади.

“Улар сиз ёқтирмаган кишини уйингизга киритмасинлар”. Ибн Жарир ўз шарҳида “сиздан бошқа ҳеч кимни ўзига яқин тутмасинлар”, деб шарҳлаган. Чунки ҳар томонлама зино ҳаромдир.

Ал-Хаттобий айтади: “Улар сиз ёқтирмаган кишиларни уйингизга киритмасинлар”, деган сўз, “аёл кишининг бутун эркаклар билан гаплашиши тақиқланганини билдиради. Эркак ва аёл ўртасидаги суҳбат араб анъаналарининг бир қисми эди. Улар буни камчилик деб билишмасди ва шубҳали деб ҳам ҳисобламасди. Ҳижоб ҳақидаги оят нозил бўлгач, аёллар алоҳида бўлиб қолишди, улар билан гаплашиш ва бирга ўтириш ман қилинди.

“Сиз ёқтирмаган кишиларни”, яъни, сиз унинг уйга киришини ёқтирмайсизми ёки унинг ўзини ёқтирмайсизми, бу муҳим эмас. Шунингдек аёлнинг маҳрами бўладими ёки аёл киши бўладими бунинг ҳам фарқи йўқ. Эрнинг розилигисиз ҳар кимнинг уйга кириши тақиқланади. Валлоҳу аълам.

Азиз биродарлар!

Аллоҳ оилавий ҳаётни эр-хотин ҳар томонлама бир-бирига тўлиқ дўст бўлиб бир-бирлари билан хотиржам яшашлари учун яратди. Дўстлик – бу бири иккинчисининг ишончини қозонган ҳамроҳликдир. Аллоҳ Таоло бу никоҳни осойишталик ўрни қилиб қўйди ва эр-хотин бир-бирига яхши муносабатда бўлишларини буюрди.

Эркаклар аёлларига яхши муносабатда бўлишлари керак. Аллоҳ аёл устидан етакчилигини эркак зиммасига юклади ва уни ғамхўр раҳбар қилди. Аллоҳ Таоло айтади:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ

Эркаклар хотинлари устида раҳбардурлар”. (Нисо: 34).

Эрнинг аёлга ва оилага етакчи эканлигининг маъноси – у уйда мутлақ ягона ҳукмрон эканлигини ва аёл ҳар бир ишда унга сўзсиз итоат қилиши шартлигини англатмайди. Аксинча, эрнинг оила устидан раҳбарлик қилишининг маъноси – у оила ишларини тартибга солиши ва уни етакчилик қобилияти билан (фикр юритиб) бошқаришидир. Раҳбарлик оила устидан ҳокимият ўрнатиш ёки ҳукмронлик қилиш эмас. Чунки эр-хотин ўзаро дўст бўлиб, бири ҳоким, иккинчиси маҳкум эмас, бири амир, иккинчиси фуқаро эмас. Аксинча, улар умр йўлдошлардир. Яъни оила ишларини бошқаришда ва оилага ғамхўрлик қилишда бири иккинчисига бошлиқ қилинган умр йўлдошлардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оилада аёлларига дўст бўлганлар, давлат бошлиғи ва пайғамбар бўлишларига қарамай, оилада якка ҳоким ва ҳукмрон эмас эдилар.

روى مسلم في صحيحه أن أبا بكر استأذن على النبي، ودخل بعد أن أذن له ثم استأذن عمر ودخل بعد الأذن، فوجد النبي جالساً وحوله نساؤه واجماً ساكتاً فقال عمر: لأقولن شيئاً أضحك النبي e ثم قال: يا رسول الله، لو رأيت بنت خارجة سألتني النفقة فقمت إليها فوجأت عنقها، فضحك رسول الله  وقال: «هن حولي يسألنني النفقة.

Муслим ўзининг “Саҳиҳ”ида ривоят қилади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига киришга рухсат сўрадилар ва рухсат бўлганидан кейин кирдилар. Кейин Умар розияллоҳу анҳу рухсат сўрадилар ва рухсат бўлганидан кейин кирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари даврасида жим ўтирар эдилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: Бир сўз айтиб, Расулуллоҳни кулдираман”, деди. ва: Эй Расулуллоҳ, мендан бинти Хорижа (яъни, ўз хотини) нафақа сўраганини кўрсам, ўрнимдан туриб, бўйнига бир туширсам, дейман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб юборди-да: Мана булар ҳам атрофимда нафақа сўраб ўтиришибди”, дедилар.

Бундан маълум бўладики, эркакнинг аёл устидан раҳбарлик қилиши ишларга етакчилик қилиш бўлиб, бу етакчилик ҳукмдорлик ва ҳокимлик эмас, балки дўстона раҳбарликдир. Шунинг учун, аёл ҳам эрига мурожаат қилиши, ўз фикрини билдириши ва у билан баҳслашиши, муҳокама қилиши мумкин.

Бизларга тўғри йўлни кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг аҳли оиласига ва саҳобаларига солату саломлар бўлсин.

Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

14 Жуммадул Увла, 1446ҳ йил.

16 Ноябрь,                 2024м йил.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here