بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ҳадиси Шариф билан
Охират ғами
Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ كَانَتْ الْآخِرَةُ هَمَّهُ جَعَلَ اللَّهُ غِنَاهُ فِي قَلْبِهِ وَجَمَعَ لَهُ شَمْلَهُ وَأَتَتْهُ الدُّنْيَا وَهِيَ رَاغِمَةٌ وَمَنْ كَانَتْ الدُّنْيَا هَمَّهُ جَعَلَ اللَّهُ فَقْرَهُ بَيْنَ عَيْنَيْهِ وَفَرَّقَ عَلَيْهِ شمله وَلَمْ يَأْتِهِ مِنْ الدُّنْيَا إِلَّا مَا قُدِّرَ لَهُ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганликларини ривоят қилади: “Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига беҳожатликни солиб қўяди, ва унинг хотирини жам қилиб қўяди. Истамаса ҳам, дунё унга оқиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг кўзини камбағаллигидан бошқа нарсани кўрмайдиган қилиб қўяди ва унинг ишларини ўнгидан келмайдиган қилиб қўяди. Дунёдан ўзига белгиланганидан ортиқчасини ололмайди”.
“Жамиут Термизий”нинг шарҳи “Туҳфатул Аҳвазий”да шундай дейилади:
“Ғами” ният-мақсадни билдиради. Мишкатда “кимнинг нияти охиратга интилиш бўлса” деган жумла билан келган. “Аллоҳ унинг қалбига беҳожатликни солиб қўяди”, дегани, у дунё талабида чарчаб қолмаслиги учун қўлида бор нарсасига қаноат қилиб, рози бўладиган қилиб қўяди, деган маънони англатади. Бошқача айтганда, унинг тарқоқ ишларини ўзи билмаган ҳолда сабабларини келтириб қўйиш билан тартибга солиб, фикрларини жамлаб қўяди.
“Дунё унга оқиб келаверади” дегани унинг тақдирига ёзилган ва унга берилган нарсани англатади. “Истамаса ҳам”, яъни унга бўйсунган ҳолда келади. Уни излаш учун кўп куч сарфламайди. Аксинча, истагидан қатъи назар, унга осонлик билан келаверади.
“Кимнинг ғами дунё бўлса” деган ибора Мишкатда “Кимнинг нияти бу дунё саодатини излаш бўлса” деган жумла билан келган. “Аллоҳ унинг кўзини камбағаллигидан бошқа нарсани кўрмайдиган қилиб қўяди”, яъни яратилган нарсаларга муҳтожлигини кўз олдига келтириб қўяди. “унинг ишларини ўнгидан келмайдиган қилиб қўяди” дегани, унинг тартибли ишларини пароканда қилиб қўяди. “Дунёдан ўзига белгиланганидан ортиқчасини ололмайди” яъни, ўз истаги билан интилишига қарамай, талабига эриша олмайди.
Имом Ибнул Қайюм раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кишининг эрталабки ва кечқурунги ташвиши фақат Ёлғиз Аллоҳ бўлса, У Зот унинг барча эҳтиёжларини ҳал қилади. Ўзига тегишли бўлган ҳамма нарсани ундан олиб, қалбини Аллоҳ ишқи учун, тилини зикр учун, тана аъзоларини эса итоат учун буриб қўяди. Аммо унинг эртаю кеч ташвиши фақат дунёни топиш бўлса, Аллоҳ Таоло унинг ғам-ташвишлари ва машаққатлари билан ташлаб қўяди…”.
Азиз биродарлар!
Дунёни севиш ва у билан овора бўлиш Аллоҳ Таолога бўйсуниб, Унга чинакам ибодат қилишдан буриб қўяди. Бу ҳақда жуда кўп оятлар ва ҳадиси шарафлар келган. Юқоридаги ҳадиси шариф шулар жумласидандир. Бу ҳадиси шариф бизга унутганларимизни эслашимиз, кўнглимизни хотиржам қилишимиз, бу дунёни ва унга бўлган муҳаббатни тарк этишимиз, Аллоҳнинг ризолиги ҳамда дунё ва охират саодатини излашга ундайдиган ҳаракатлантирувчи кучни пайдо қилишимиз учун айтилган
زُيِّنَ لِلنَّاسِ حُبُّ الشَّهَواتِ مِنَ النِّساءِ وَالْبَنِينِ وَالْقَناطِيرِ الْمُقَنْطَرَةِ مِنَ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ وَالْخَيْلِ الْمُسَوَّمَةِ وَالأَنْعامِ وَالْحَرْثِ ذلِكَ مَتاعُ الْحَياةِ الدُّنْيا وَاللهُ عِنْدَهُ حُسْنُ الْمَآب
“Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой — жаннат бордир. (Яъни ўткинчи нарсаларга кўнгил бермай, ҳақиқий гўзалликни севмоқ лозим)”. (Оли Имрон: 14).
Аллоҳ Таолодан дуо қилиб сўраймизки, У Зот бу дунёни биз учун энг катта ғамга айлантириб, илмимизнинг етиб борган чегараси қилиб қўймасин.
Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
09 Жуммадул Увла, 1446ҳ йил.
11 Ноябрь, 2024м йил.