Киргизистон мусулмонларига мурожаат!

119
0

Киргизистон мусулмонларига мурожаат!

 Мусулмонларнинг кофирларни иймонга чақириши ва мусулмон биродарларига диндаги ишларини ўргатиши – даъват дейилади. Даъват қандай қилиниши ва кимлар қилишлиги ҳақида шариатнинг ўз кўрсатмалари бор. Демак, бошқалар тарафидан кўрсатма олинмайди. Ҳозирги баҳсимиз даъватнинг хар бир мусулмон шахска тегишли томони борасида кетади.

Даъват ҳар бир мусулмон учун фарздир. Росулуллоҳ ﷺ дедилар: “Баъзи бир етказилувчи (ҳадисни ўрганиб олувчи)лар борки, улар эшитувчи (яъни Росулуллоҳ с.а.в.дан эшитиб, кейин бошқаларга ўргатувчи)лардан яхшироқ англаб етувчи бўладилар…”. Шу ва улардан бошқа даъватни фарз эканлигига далолат қилувчи оят-ҳадислар жуда кўп ва унинг фарз эканлигида уламолар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ, яъни бу қатъий хукмдир.

Масалан, сиз намоз ўқишни мужтахид Абу Ханифа роҳимаҳуллоҳ китобидан яхшилаб ўргангансиз. Энди бошқа одамларга намоз ўргатиш – Абу Ханифа роҳимаҳуллоҳга фарз бўлгани каби – сизга ҳам фарз бўлади. Сизнинг у ўрганувчига намоз ўргатишингиз худди унга Абу Ханифа роҳимаҳуллоҳ ўргаткан сингари бўлади. Хуллас, шу илмингиз сизни шу намоз масаласида олим(!) қилиб қўяди. (Бу ўринда бошқа масалалар ҳақда гап кетгани йўқ, масалан, сиз никоҳ масаласини билмайсиз ва бу борада олим хисобланмайсиз, аммо намоз борасида олим хисоблана берасиз). Демак, намоз билмаган одамларга уни ўргатиш сизга фарз бўлади ва сиз шу пайтнинг ўзида намоз ўргатишга ҳақли даъватчи хисобланасиз.

Амру маъруф ва наҳий мункар ҳам – даъват каби – ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир. Унинг фарз эканлигига далолат қилувчи оят-ҳадислар ҳам жуда кўп ва унинг фарзлигида уламолар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ, яъни у ҳам қатъий хукмдир.

Қайси бир мусулмон фарзни тарк этса ёки ҳаромни қилса, уни фарзни уддалашга буюриш, ҳаромдан эса қайтариш – амру маъруф ва наҳий мункар дейилади.

Росулуллоҳ ﷺ айтдилар-ки: «Бану Исроилга энг аввало кирган нуқсон шу эдики, бир киши бошқа кишига йўлиққан пайтда: Эй фалончи, Аллоҳдан қўрққин ва бу қилаётган ишингни ташлагин, чунки бу нарсани қилиш сен учун ҳалол-дуруст эмас, – дер эди. Сўнг эртаси куни у билан учрашган пайтда уни яна ўша ҳолатда кўрар эди. Лекин бу нарса у билан бирга еб-ичишдан, бирга ўтиришдан қайтармас эди. Бас, улар шундай қилишгач, Аллоҳ уларнинг баъзиларининг қалбларини баъзилари билан урди». Сўнгра Росулуллоҳ ﷺ ушбу оятни тиловат қилдилар:

لُعِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَى لِسَانِ دَاوُودَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ذَلِكَ بِمَا عَصَوْا وَكَانُوا يَعْتَدُونَ ۩ كَانُوا لاَ يَتَنَاهَوْنَ عَنْ مُنكَرٍ فَعَلُوهُ لَبِئْسَ مَا كَانُوا يَفْعَلُونَ ۩ تَرَى كَثِيرًا مِنْهُمْ يَتَوَلَّوْنَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَبِئْسَ مَا قَدَّمَتْ لَهُمْ أَنفُسُهُمْ أَنْ سَخِطَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَفِي الْعَذَابِ هُمْ خَالِدُونَ ۩ وَلَوْ كَانُوا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالنَّبِيِّ وَمَا أُنزِلَ إِلَيْهِ مَا اتَّخَذُوهُمْ أَوْلِيَاءَ وَلَكِنَّ كَثِيرًا مِنْهُمْ فَاسِقُونَ ۩

„Бану Исроилдан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Исо ибн Марям тилида лаънатлангандир. Уларнинг лаънатланишига сабаб қилган исёнлари ва тажовузкор бўлишганидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш! Улардан кўплари кофир бўлган кимсаларни дўст тутганларини кўрасиз. Уларга ҳавойи нафслари нақадар ёмон нарсани – Аллоҳнинг ғазабини келтирди. Энди улар абадий азобда қолувчидирлар. Агар Аллоҳга, Пайғамбарига ва унга нозил қилинган китобга иймон келтирганларида эди, уларни дўст тутмаган бўлур эдилар. Лекин улардан кўплари итоатсиз кимсалардир“. [5:78-81]

Сўнгра шундай дедилар: «Йўқ, асло, Аллоҳга қасамки, сизлар албатта яхшиликка буюрасизлар ва ёмонликдан қайтарасизлар. Сизлар албатта золимнинг қўлидан ушлаб, уни мажбуран ҳаққа бўйсундириб, ҳаққа чеклаб қўясизлар. Ёки Аллоҳ баъзиларингизни баъзиларингиз қалби билан уради, сўнгра уларни лаънатлаганидек, сизларни ҳам лаънатлайди».

Росулуллоҳ ﷺ яна бир ҳадисида дейдилар: «Сизлардан ким бирор мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар (қўли билан) қайтара олмаса, тили билан (қайтарсин). Агар (тили билан ҳам) қайтара олмаса, қалби билан (инкор қилсин. Яъни рози эмаслиги – ёмон кўрган нарсасига бўлган муносабатидек – ҳар бир ҳаракатидан, кўринишидан билиниб турсин). Бу эса энг заиф иймондир».

Даъват, шунингдек, амру маъруф ва наҳий мункар фарз амаллар экан, демак, уларни тарк қилган мусулмонлар уларга амал қилишга буюрилиши керак. Кимдир у фарзларнинг ижросига қасддан тўсиқ қўйса, куфр амалини қилган бўлади. У тўсқинлик қилувчилар наҳий мункар қилиниши фарз. Ҳатто подшоҳ бўлса ҳам наҳий мункар қилинади ва шу йўлда қатл қилинган киши шаҳидлик даражасида бўлади.

Пайғамбар ﷺ айтдилар:

«Шаҳидлар саййиди – Ҳамза ибн Абдулмуттолиб ва золим ҳокимга қарши туриб, уни (маъруфга) буюриб, (мункардан) қайтарган, натижада ўша золим ҳоким томонидан қатл қилинган кишидир».

Агар мусулмонлар амру маъруф ва наҳий мункарни тарк қилишса, у ҳолда – охират азобидан аввал – Аллоҳнинг бу дунядаги жазосидан ҳам огоҳ бўлишсин. Пайғамбар ﷺ айтдилар «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар албатта маъруфга буюриб, мункардан қайтарасизлар, акс ҳолда Аллоҳ сизларнинг устингизга Ўз даргоҳидан бир жазо юборур, кейин дуо қилаверасизлар (лекин) дуоларингизни ижобат қилмай қўяди».

Демак-ки, бир мусулмон бир мункарни кўрса-ю ва шу ишнинг мункарлигини билса, шу билиши унинг ушбу ишда олим эканлигини билдиради. Шу боис, у шу мункардан қайтаришга ҳақли олим бўлиб қолади. Қачонки шу мункар барҳам топмагунча, ундан қайтариш унинг зиммасидаги фарз бўлиб тураверади. Бунинг учун Оллоҳ олдида жавобгар бўлади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here