Қизларга ғамхўрлик қилиш

40
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Қизларга ғамхўрлик қилиш

Азиз мухлислар, «Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний “Фатҳул-Барий – шарҳу Саҳиҳул Бухорий” асарида шундай дейди:

عن عائشة رضي الله عنها، قالت: “دخلتْ امرأةٌ معها ابنتانِ لها تسأَل، فلم تجدْ عندي شيئًا غيرَ تمرةٍ، فأَعطيتُهَا إيَّاها، فَقَسَمَتْهَا بينَ ابنتيْها ولم تأكُلْ منها، ثم قامتْ فخرجتْ، فدخلَ النبيُّ، صلى الله عليه وسلم، علينا فأخبرته، فقال: “من ابْتُلِي من هذهِ البناتِ بشيٍء كُنَّ لهُ سِترًا من النار” رواه البخاري

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтдилар: “Бир аёл икки қизи билан тиланчилик қилиб келди. Лекин мен унга берадиган битта хурмодан бошқа ҳеч нарса тополмадим. Шуни бўлса ҳам унга бердим. У хурмони икки қизига бўлиб бериб, ўзи емади. Кейин аёл ўрнидан туриб чиқиб кетди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Мен унга бўлган воқеани айтиб бердим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: Кимки бу қизлар билан синалса, қизлар уларга жаҳаннамдан тўсувчи қалқон бўлади”, дедилар. (Бухорий ривояти). Ривоятчи уларнинг исмини айтмади.

Маъмар ўз ривоятида ҳадисдаги: “Лекин мен унга берадиган битта хурмодан бошқа ҳеч нарса тополмадим. Шуни бўлса ҳам унга бердим” деган сўзига “Аввалига фақат битта хурмо топиб берди. Сўнг иккита хурмо топиб берди, дея қўшимча қилади.

“Кимки бу қизлар билан синалса”, ибораси бўйича “Қизларнинг ўзлари сабабли синалишми ёки уларнинг хатти-ҳаракатлари сабабли синалишми?”, бу ҳақида қарама-қарши фикрлар мавжуд.

Синовнинг маъноси қизларга ким қандай муносабатда бўлиши, яъни уларга яхши ёки ёмон муносабатда бўлиш билан боғлиқ. Нававий раҳимаҳуллоҳ кўпинча одамлар қизларга паст назар билан қарашлари учун “Синов” сўзи ишлатилганлигини айтади. Шариат уларни бундан қайтариш учун келди ва қизларни авайлаб, уларга сабр билан яхшилик қилганларга ваъда қилинган ажрни эслатиб, уларни ўлдиришдан огоҳлантирди.

“Уларга жаҳаннамдан тўсувчи қалқон бўлади”, дегани – парда бўлади деган маънода келган.

Азиз биродарлар!

Қизлар кўпинча эркаклардан фарқли ўлароқ ўз эҳтиёжларини қондиришдан заиф бўлганлиги учун бу ҳадис уларга ғамхўрлик қилиш кераклигини тасдиқлайди. Эркаклар эса жисмонан кучлироқ бўлади ва кўпинча муаммоларни тезда ҳал қила оладилар.

Ислом аёлларни ҳимоя қилишга ва ҳаётнинг барча жабҳаларида уларга ғамхўрлик қилишга буюради. Ислом аёлга ғамхўрлик қилиб, уни ҳимоя қилишни ва барча зарурий нарсалар билан таъминлашни, оила ришталарини сақлаб, уларни ҳурмат қилишни буюради. Аёл – бу сизнинг қизингиз, опа-синглингиз, онангиз, бувингиз, жуфти-ҳалолингиз, холангиз ва аммангиздир…

Бундай улуғ неъмат учун Аллоҳга ҳамду-санолар айтамиз.

Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

3 Робиус Сани, 1446ҳ йил.

6 октябрь,         2024м йил.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here