Суғурта халқнинг ғазабини қўзғатмоқда
Қирғизистондаги суғурта ширкатларининг даромади сўнгги беш йилда икки баробардан ошиб кетди. Уларнинг даромади 2019 йилда 1,6 миллиард сомни ташкил этган бўлса, 2023 йил якунига кўра 3,8 миллиард сомни ташкил қилди. 2024 йилда эса, суғурта ширкатларининг даромади янада ортиши кутилмоқда. Чунки ҳозирда уй-жой ва автомобилларни мажбурий суғурта қилиш талаб қилинмоқда. 2024 йил 1 сентябргача уй-жой суғуртаси бўйича 159 минг 331 нафар шартнома имзоланган. Бу ўтган йилга нисбатан анча кўпдир. Вазирлар маҳкамасининг раиси 2024 йил охиригача барча уй-жойларни, жумладан, хавфли ҳудудларда жойлашган уйларни ҳам суғурта қилиш хақида топшириқ берди. Уй-жой ва автомобилларни мажбурий суғурта қилиш жараёни бир ойдан буён давом этиб келмоқда.
Ҳукумат Ҳозирги кунда халқларнинг норозилигига қарамай, мажбурий суғурта қилиш талаб қилмоқда. Халқни тинчлантириш учун эса уй-жой ёки автомобил суғурта қилдириш нархини паст қилиб кўрсатмоқда. Бироқ суғурта қонунлари тўлиқ амалга оширилгач, бу миқдор йил сайин ортиб, халқ учун оғир юкка айланиши турган гап.
Бугунги кундаги халқнинг қонини сўрувчи капитализм тизимида суғурта тўловлари ва солиқларни кўпайтириш орқали иқтисодий тараққиётга эришишга ҳаракат қилинади. Шу боис мажбурий суғурта жорий этилиб, солиқларнинг янги-янги тури ва миқдори ортиб бормоқда. Хусусий ширкатлар одамларнинг уй-жойларини суғурталаш орқали катта фойда кўраётган бўлса, давлат эса, суғурта тизими орқали солиқлар билан бюджетни тўлдиришга ҳамда табиий офатдан жабр кўрган одамларга ёрдам бериш масъулиятидан қутулишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳам етмагандай, амалдорлар халқни келажакдаги фалокатлардан кўрқитиб, уларни суғурта қонунига риоя қилишга мажбурлаш билан, ҳам давлат ширкати орқали, ҳам ўз шахсий ширкатлари орқали халқнинг орқасидан бойлик тўплашмоқда.
Энг муҳими, мажбурий суғурта мусулмонлар учун ҳаромдир. Авваламбор бу битимдир. Чунки бу икки томон ўртасидаги шартнома бўлиб, таклиф ва қабул қилишни ўз ичига олади. Таклиф суғурта қилдирувчи томонидан, қабул эса суғурта ширкати томонидан бўлади. Демак, бу битим шариатга тўғри келиши учун битимнинг шартлари шаръий бўлиши керак. Шаръий битим нарсанинг ўзи ёки манфаати асосида тузилади. Аммо давлат илгари сураётган суғурта мажбурий бўлганлиги учун ҳайдовчилар бундан манфаатдор эмас, улар буни таклиф ҳам қилмаган.
Шундай экан, Қирғизистон ҳукумати мусулмонларнинг маблағларини капиталистларга топшириш ўрнига саноатга, ишлаб чиқаришга, завод ва фабрикалар қуришга йўналтириши лозим! Бундан ташқари, суғурта ширкатлари товон пулини осонгина тўлаб бермайди. Товон пули берилиши учун бахтсиз ҳодиса шартномада кўрсатилган шартларга тўғри келиши керак. Шу сабабдан суғурта тизими мавжуд мамлакатларда суғурта ширкатларини судга бераётганлар жуда кўплаб топилади.
Аслида, Аллоҳ Таоло ҳукмдорларга халқни ғамхўрлик билан бошқаришни буюрган. Бу капиталистик ҳукуматлар эса халқ манфаатларига қарши, ҳукм юритиб, халқнинг бор-будини тортиб олишмоқда.
Аллоҳ Таоло айтади:
وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنزَلَ اللَّهُ فَأُوْلَئِكَ هُمْ الظَّالِمُونَ
“Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар золимлардир”.
Ҳорун Абдулҳак