Мунофиқлар ва уларнинг ёмон ишлари

0
290

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Мунофиқлар ва уларнинг ёмон ишлари

Азиз мухлислар, «Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

عن بريدة رضي الله عنه قال‏:‏ قال رسول الله صلى الله عليه وسلم‏:‏ ‏”‏لَا تَقُولُوا لِلْمُنَافِقِ سَيِّدٌ فَإِنَّهُ إِنْ يَكُ سَيِّدًا فَقَدْ أَسْخَطْتُمْ رَبَّكُمْ عَزَّ وَجَلَّ‏”‏‏.‏ ‏رواه أبو داود بإسناد صحيح‏.

Бурайда розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мунофиқни раҳбар деманг. Агар у сиз учун раҳбар бўлса, у ҳолда сиз Роббингиз Азза ва Жаллани ғазаблантирган бўласиз”. Бу ҳадисни Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилган.

Азиз биродарлар! Сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳ Таолонинг каломидир, йўлларнинг энг тўғриси эса, Унинг Росули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятидир.

Бу Ҳадиси Шариф биз билган мунофиқларга қандай муносабатда бўлишни кўрсатиб беради. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгина барча мунофиқларни номма-ном билганлар. Аммо биз айрим мунофиқларнинг сифатларига қараб таниб олишимиз мумкин. Масалан Қуръон таърифлаган, фарз амални дангасалик билан бажарадиган кимсалар каби ёки Ислом ва мусулмонларни йўлдан оздириб, ер юзида бузғунчилик тарқатаётган, бузғунчиликни яхши кўришга чорлаб, уни ҳимоя қилиш ва ҳомийлик қилиш орқали унинг тарқалишига ҳисса қўшаётган кимсалар каби. Исломга ва мусулмонларга туҳмат қилиш ҳам мунофиқлик аломатидандир.

Шундай экан, мунофиққа нисбатан тегишли чоралар кўришимиз учун шариатда нима яхши, нима ёмон эканини тушуниб, мунофиқ билан холис киши ўртасини ажрата билишимиз лозим. Ўзини Ислом ва мусулмонлар учун қайғураётгандек кўрсатиб, бироқ шариатга тўғри келмайдиган ишларни қилаётган одамлар тарафида турмаслигимиз керак, уларга эргашмаслигимиз ва уларни қўллаб-қувватламаслигимиз керак, ҳатто уларни раҳбар деб сифатламаслигимиз керак, акс ҳолда Аллоҳ Таоло биздан ғазабланади.

Биз Ислом ва мусулмонлар ҳақида энг кўп қайғурадиган инсонлар бўлишимиз зарур. Мунофиқларнинг динимиз ва халқимиз ичига кириб келишига йўл қўймаслигимиз керак. Чунки улар бугунги кунда ўзларининг кўплиги ва ҳийлакорлиги билан ўта хавфлидир. Ислом динини ушлаганларга амалларини ўлчаш учун шариат тарозисини кўрсатишимиз лозим. Чунки шариат бизни ана шундай ёвуз кимсалардан сақлайдиган қалъадир.

Аллоҳдан Ислом Умматини бундай иккиюзламачи мунофиқлардан асрашини ёлвориб сўраймиз. Аллоҳим, бизларни амалида содиқ, софдил Ислом даъватчиларидан айла ва бизларни Ўзинг севмайдиган одамлардан узоқ қил, уларнинг макрларидан ва фитнали режаларидан бизларни қутқар.

Азиз биродарлар ва опа-сингиллар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

09 Сафар, 1446ҳ йил.

14 Август, 2024м йил.

NO COMMENTS