Жозеп Боррелнинг Қирғизистонга ташрифидан кўзланган мақсад

0
1653

Жозеп Боррелнинг Қирғизистонга ташрифидан кўзланган мақсад

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Европа Иттифоқининг олий вакили Жозеп Боррелни қабул қилди. Бу ҳақда президент ахборот хизмати хабар берди.

Хабарларга кўра, учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестициялар келажаги, энергетика ва рақамлаштириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Жапаров ўз нутқи давомида европалик инвесторларни Қирғизистонда амалга оширилаётган йирик гидроэнергетика ва транспорт лойиҳаларига қўшилишга таклиф қилди.

Ўз навбатида, Боррел ЕИнинг Қирғизистон билан икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ўзаро манфаатли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, президент Садир Жапаровнинг 25 июн куни Брюсселга ташрифи чоғида “Европа Иттифоқи ва Қирғизистон Республикаси ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги стратегик битим имзоланган эди. Ушбу ҳужжат 1999 йил Бишкек ва Брюссел ўртасида тузилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнини босади.

Изоҳ:

Европа Иттифоқи 2019 йилда Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини эълон қилган эди. Ўша йилдан бошлаб Қирғизистон билан стратегик келишувни янгилаш бўйича музокаралар фаоллашди. Ҳатто айрим ҳолларда инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги соҳасида Қирғизистонга босим ўтказди. Масалан, ўтган йили 13 июлда бўлиб ўтган Европарламент йиғилишида Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларига бўлган босимлар бўйича резолюция қабул қилинди. Ҳужжатда айтилишича, 2022 йилнинг январидан бошлаб Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашган. Бундан ташқари, Европарламент резолюцияда Қирғизистон парламентида муҳокама қилинаётган “Оммавий ахборот воситалари”, “Ноҳукумат ташкилотлари”, “Хорижий вакил” ва “Болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш” тўғрисидаги қонун лойиҳаларини бекор қилиш ҳақида огоҳлантирди. Натижада Қирғизистон ҳукумати Россия манфаати учун қабул қилинган юқоридаги қонунларнинг бир қисмини бекор қилди.

Маълумки, Европа Иттифоқи Марказий Осиёда, жумладан Қирғизистонда ўз таъсирини кучайтиришга интилмоқда. Европа Иттифоқи бу йўлда асосан “инсон ҳуқуқлари” ва “сўз эркинлиги” шиорларидан фойдаланиб, демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва таълим соҳасига маблағ ажратиш орқали ўз мақсадини амалга оширади. Шунингдек, сармоя баҳонасида Қирғизистон каби камбағал давлатларни ўз таъсирига олишни мақсад қилади. Европанинг бу мақсади маълум даражада амалга ошди. Қирғизистон ҳукумати мамлакатдаги йирик лойиҳалар учун халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб, Европа давлатларидан сармоя жалб қилишга ҳаракат қилмоқда.

Албатта, юқоридаги келишув фақат Европа Иттифоқининг босими туфайли қабул қилинаётгани йўқ. Балки бунда Қирғизистон ҳукуматининг ҳам айрим манфаатлари бор. Аниқроғи, Қирғизистон ҳукумати Хитойнинг мамлакатдаги таъсири кучайиб, ҳокимиятни тўлиқ назорат остига олмаслиги учун ташқи сиёсатда мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда.

Демак, Борреллнинг ташрифи юқоридаги стратегик келишувни амалга ошириш учун сармоя, савдо-иқтисодий муносабатлар ва инсон ҳуқуқлари баҳонасида Европанинг таъсирини кенгайтиришга қаратилган. Бу эса Марказий Осиё минтақаси, жумладан, Қирғизистон устидан мустамлакачилик учун кураш тобора кучайиб бораётганидан дарак беради. Афсуски, устимиздаги малай ҳокимлар арзимаган моддий манфаатларни қўлга киритиш ёки ўз курсини сақлаб қолиш илинжида кимни кучли деб билса ўшанинг ортидан эргашиб кетишмоқда.

Нурдин Асаналиев

NO COMMENTS