بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Қуръон ҳидояти Кинона қўшинини оёққа турғазишни буюрмоқда
Дунё муҳтож бўлиб турган рошид етакчилик Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликдан бошқаси эмас
Устоз Саид Фазл
Ҳизб ут-Таҳрирнинг Миср
вилоятидаги матбуот бўлими аъзоси
2024 йил 6 апрел шанба куни «Усбуъ» газетаси ўз сайтида Азҳар бош шайхининг қуйидаги сўзларини нашр қилди:
«Ғазода гувоҳ бўлаётганимиз шафқатсиз манзаранинг қаҳрамонлари қалби қаттиқ сиёсатчи ва ҳарбий етакчилардир. Аллоҳ уларнинг қалбидан раҳмдилликни мутлақо қолдирмай олиб қўйган… Ғазода улар Европа ва Америка заводлари томонидан энг сўнгги замонавий ва қирғинбарот қуроллар билан қўллаб-қувватланган армияга етакчилик қилишяпти. Шу қуроллар ёрдамида оддий фуқароларга қарши курашишяпти. Ҳолбуки, бу фуқаролар қотил кимлигини ҳам, унга қарши қандай жанг қилинишини ҳам билмайдиган ва илгари бунчалик қон тўкилишини ҳам кўрмаган қуролсиз халқдир».
Азҳар шайхи Манора конференциялар биносида ўтказилган Қадр кечасида маъруза қилар экан, шу нуқтаи назардан, қуйидагиларни қўшимча қилди:
«Балки, бу шафқатсиз ҳодисалар шуни аниқ исботламоқдаки, инсоният ҳеч қачон Қуръони Каримнинг ва бошқа нозил бўлган китобларнинг ҳидоятига бугунги кундагидек қаттиқ муҳтож бўлмаган бўлса керак. Чунки ҳозирги замонамиз тўғри йўлдаги ҳаким етакчиликни йўқотди. У ақлсиз ва ҳикматсиз худди кўр туянинг адашишидек адашиб юрибди, тарихда мисли кўрилмаган бир жарлик сари кетмоқда, уни тўхтатиб қоладиган ҳеч ким йўқ… Булар очиқ маълум бўлиб қолди».
Азҳар шайхи туйғулардан фойдаланувчи маъруза қилди. Яъни Аллоҳ унга сўзда ҳам, амалда ҳам буюрган нарсаларни гапирмасдан, одамларнинг ҳис-туйғусини қитиқлайдиган гапларни гапирди. Ҳатто буни энг ашаддий жиноятдан ҳамда мусулмонларни қирғин қилишда иштирок этаётган, уларнинг қонлари ва тана аъзолари узра рақсга тушаётган кишилардан одамларнинг назарини чалғитувчи гап дейиш мумкин.
Қалби қаттиқ кимсалар Ғазони бомбалаб, қирғин қилаётган ва унинг аҳлини қувиб чиқараётган яҳудий қотилларгина эмас, балки Ғазо аҳлини қамал қилган ва уларни қурол-яроғсиз, ёрдамсиз, оч-наҳор, ярадор ва касал аҳволда шу йиртқич вужуд билан юзма-юз қўйиб берган, уларга тайёр ем қилиб берган ҳар бир кимса қалби қаттиқ кимсадир.
Қалби қаттиқ кимсалар Ғазони армиялардан бошқаси қутқара олмаслигини яхши билган, била туриб, фақат қоралаш билан ёки халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиш билан кифояланаётган ҳамда бу армияларни муборак заминдаги аҳлимизга нусрат беришдек Аллоҳнинг амрини бажаришга чақирмаётган кимсалардир… Сиз бугун бутун олам муҳтож бўлиб турган етакчилик, шубҳасиз, Ислом давлати, яъни Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлати эканини яхши биласиз, Халифаликнинг бўлиши шартлигини яхши тушунасиз.
Қуруқ маърузалар билан ва бундай байрам йиғилишлар билан Фаластинни на озод қилиб бўлади, на Ғазога нусрат бериб бўлади. Чунки сиз бу йиғилишни Ғазо аҳлининг қирғинига, қамалига шерик бўлганлар ва қотилларни қўллаб-қувватлаётганлар билан бирга ўтказяпсиз. Билъакс, озодлик ва нусрат аввало Ғазо ва унинг аҳлига душанлик қилаётган ва уларга нусрат беришдан бўйин товлаётганларни ажратиб олиб, сўнг армияларни даъват қилиш билан бўлади. Даъватда армияларга Фаластин заминини тўлиқ озод этиш ва ҳақиқий нусрат беришдек Аллоҳ Азза ва Жалла томонидан зиммаларига юкланган бурчларини адо этиш эслатилади. Фаластин замини хирожий ер бўлиб, Умматнинг ҳар бирига тегишли мулкдир. Ушбу замин аҳли бизга қўшни давлат аҳолиси эмас, балки оға-иниларимиздир, уларга тегишли нарсалар бизга тегишли, бизга тегишли нарсалар уларга тегишлидир. Уларга нусрат бериш ва Фаластинни тўлиқ озод этиш бутун Ислом Умматининг армияси, айниқса, қўшни давлатлар армиялари учун фарздир, Кинона армияси учун эса ҳаммаларидан кўпроқ фарздир.
Шунинг учун эй Азҳар шайхи, маърузангизни армияларга қаратишингиз керак. Уларни муборак заминни озод этишга ва унинг аҳлига нусрат беришга, ҳатто уларнинг ушбу фарзни адо этишлари олдида тўсиқ бўлаётган малай ҳукмдорларни янчиб ташлашга тарғиб қилишингиз керак.
Агар исломий юртларимиздаги ҳукмдорлар яҳудий вужудини қўллаб-қувватлашмаса эди, Америка ва Европа қуроллари яҳудийлар тарафга ўтолмас эди… Агар бу ҳукмдорлар хоҳлашса эди, ўз ҳаво йўлларини бу жирканч вужудга очиб бермасди… Агар истасалар эди, уни илдизи билан қўпориб ташлаган бўлур эдилар… Бироқ факт шуки, бу ҳукмдорлар яҳудийлар қўриқчилари, хавфсизликларини сақловчилари ва реал зирхли қалқонларидир. Демакки, Фаластинни озод этиш учун аввало мана шу ҳукмдорларни ағдариб ташлаш шарт. Фаластин озодлиги Қоҳирадан бошланади, деган инсон нақадар ҳақ сўзлаган.
Сиз айтаётган рошид етакчиликка келсак, у фақат Исломда ва Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик соясида бўлади, бошқа тузумда бўлмайди. Зеро, унга даъват қилувчиларнинг энг биринчиси ва уни барпо қилувчиларнинг энг пешқадами сиз бўлишингиз керак. Акс ҳолда, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло ҳузурида ҳеч қандай баҳонангиз топилмайди, зотан барча ишлар Унинг ҳузурида ажрим бўлади.
Эй Азҳар шайхи, Фаластин тарафида бўлинг, Кинона аҳли ва қўшини дохил фарзандларини муборак заминни озод этиш, нусрат бериш ва чегараларни бузиб ташлаб, Умматни қайта бирлаштириш сари сафарбар бўлишларига йўл кўрсатинг. Шояд, Аллоҳ сизларнинг қўлингиз билан хайрли йўлларини очиб, ўтган гуноҳларингизни кечирса ва сизларни Ислом давлати барпо бўлишига сабабчи қилса. Ислом давлатигина ўз фарзандларига ёрдам беради, шариат билан ҳукм юритади, босиб олинган ерларини ва муқаддас даргоҳларини озод этади.
Эй Кинона армиясидаги холис инсонлар!
Фаластинни тўлиқ озод қилиш сизнинг бурчингиз, Аллоҳ бу оқаётган қонларни сиздан сўрайди, бас, жавобингизни тайёрланг. Шуни билингки, раҳбарларингиз бераётган бу дунё неъмати ва жаннати Аллоҳ Азза ва Жалла наздида дўзахдир. Раҳбарларингиз, унвонларингиз, маошларингиз ва ўлчовларингиз сизга фойда бермайди, чунки уларнинг ҳаммаси ҳеч қандай қиймати йўқ бўлиб, чанг каби учиб кетади, ҳатто улар сизга охират азобини олиб келиши мумкин. Бас, уларнинг барчасидан қўлингизни ювинг ва бу ҳукмдорларнинг гуноҳидан, малайликларидан ва оға-иниларингиз қонига ботган қўлларидан жирканинг. Ғазодаги оға-иниларингизга сиз нусрат ва ҳимояда бўлинг, Умматни ҳозирги замонимиздаги зўравон татарлардан мудофаа қилувчи зирхига айланинг. Ислом тарафини сиз олмасангиз ким олади, Исломга сиз нусрат бермасангиз ким беради?! Шундай экан, ансорлар тарихини қайтаринг, динингизни янгидан татбиқ ўрнига қўйинг, шояд, Аллоҳ сиз билан ва сиз учун дарвозаларни очиб бериб, сизнинг қўлларингиз билан Ислом давлатини, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик давлатини барпо этса.
﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱسۡتَجِيبُواْ لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمۡ لِمَا يُحۡيِيكُمۡۖ وَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّ ٱللَّهَ يَحُولُ بَيۡنَ ٱلۡمَرۡءِ وَقَلۡبِهِۦ وَأَنَّهُۥٓ إِلَيۡهِ تُحۡشَرُونَ﴾
«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага даъват қилар экан, уни қабул қилинглар. Шуни билингларки, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини эгаллаб турур ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига тўпланурсизлар» [Анфол 24]
Роя газетасининг 2024 йил 10 апрел чоршанба кунги 490-сонидан