Боррелл: Ғарбнинг ҳукмронлик даври тугади

3732
0

Боррелл: Ғарбнинг ҳукмронлик даври тугади

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили Жозеп Боррел Ғарб ҳукмронлиги даври ниҳоят якунига етганини билдирди. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги маълум қилди. Боррельнинг фикрича, Украинадаги уруш ва Ғазо секторидаги можаронинг бошланиши Ғарб позициясини заифлаштирган.

“Агар ҳозирги геосиёсий кескинликлар Ғарбни дунёнинг қолган қисмига қарама-қарши қўйишда давом этса, Европа ўз хавфсизлигига таҳдидлар нуқтаи назаридан қоронғу келажакка дуч келади. Ғарбнинг ҳукмронлик даври ҳақиқатдан ҳам тугади. Гарчи биз буни назарий жиҳатдан тушунсак ҳам, бу янги воқеликдан ҳар доим ҳам амалий хулосалар чиқармаймиз”, деди Боррель. Унинг таъкидлашича, жаҳон жанубидаги кўплаб давлатлар Ғарбни “икки томонлама стандартларда” айбламоқда.

Изоҳ: Ҳақиқатдан ҳам Украина жанги ва Ғазо аҳлининг қирғин қилиниши Ғарбнинг иккиюзламачи сиёсатини фош қилди. Россия қўшинлари Сурияда мадрасалар, шифохоналар, мактаблар ва аҳоли пунктларини вайрон қилиб, тақиқланган фосфорли бомбалар билан мусулмонларни қирғин қилганда БМТ ҳам, халқаро ҳамжамият ҳам, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳам одатдагидек бу қирғинлардан кўз юмишди. Аммо худди шу рус қўшинлари Сурияда амалга оширган қирғинларининг ўндан бирини ҳам Украинада амалга оширмай туриб, БМТдан ториб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларгача, бутун Ғарб олами дод солишни бошлади. 

Айниқса яҳудий вужудининг Ғазони қирғин қилиши Ғарб оламининг иккиюзламачи сиёсатини инкор қилиб бўлмайдиган даражада очиб ташлади. Ғазода қисқа муддат ичида ваҳшийларча ўлдирилган ёш болаларнинг сони Украинада 2 йил ичида ўлдирилган болалар сонидан ортиб кетди. Лекин на Ғарб олами ва на инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, ҳеч бири бу ҳақида оғиз очиб қўйишмади. Бу ҳам етмагандай, АҚШ бошчилишидаги Ғарб олами, 145 кун ичида қарийиб 30 минг кишини қатл қилган ва 70 мингдан ортиқ кишини майиб-мажруҳ қилган яҳудий вужудини дунё кўз ўнгида қўллаб-қувватлашдан тап тортмади. Бир сўз билан айтганда “Болалар ҳуқуқлари”, “аёллар ҳуқуқлари” ва “инсонлар ҳуқуқлари”, дея дунёга жар солиб келган АҚШ бошчилигидаги халқаро тизим ва Ғарб олами очиқчасига террорчи яҳудий вужудини ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан ўзларининг иккиюзламачи сиёсатини намоён қилди. Бу эса, Ғарб олами қабул қилган ва манфаатлар ўзгариши билан муносабатлар ҳам ўзгариб қоладиган капиталистик мафкуранинг асл башарасини фош қилди. Бу мафкура моддий қадриятдан бошқа қадриятларни тан олмаслигини ва у учун инсоний, ахлоқий ва маънавий қадриятларнинг ҳеч қандай эътибори йўқлигини ўша мафкурани қабул қилиб у асосида яшаётган халқлар ҳам ҳис қила бошлади. Натижада Ғарб ҳазоратининг қулаётганидан дарак бериб турган баёнотлар ғарб аҳолисининг ўзларининг тилларидан янраётгнига дунё гувоҳ бўла бошлади. Бу эса Жозеп Боррел таъкидлаганидек, ҳазорати қулаган Ғарбнинг ҳукмронлик даври ҳам тугаганлигини англатмоқда.

Зоҳид Заргар

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here