Қирғизистонда Қизил-Омпол масаласи яна долзарб мавзуга айланди
Президент Садир Жапаровнинг Иссиқкўл вилояти Тонг туманидаги “Қизил-Омпол” кони бўйича маҳаллий аҳоли билан учрашувидан сўнг мамлакатда конни ишга тушириш ёки туширмаслик масаласи қизғин муҳокама қилинмоқда. Мухолифат мазкур коннинг ишга туширмаслик масаласини кўтариб, жамоатчилик фикрини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳукумат эса конни давлат ўзи бошқаришини, даъво қилиб, қонунни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. Бу масаланинг халқаро сиёсатга боғлиқ жиҳати ҳам йўқ эмас албатта. Қуйида мана шу ҳолатлар ва қазилма бойликларга нисбатан Исломнинг позициясига тўхталиб ўтамиз.
Қизил-Омпол кони
Тонг туманидаги Қизил-Омпол кони 1951 йилда очилган. Минтақада бешта асосий кон қазиб олинадиган ҳудуд мавжуд бўлиб, уларнинг асосий қисми Тош-Булоқ ҳудудида жойлашган. 2019 йилда “ЮрАзиа” компанияси мазкур ҳудудда қидирув ишларини бошлаган. СССР даврида олиб борилган қидирув ишлари давомида унда 13 минг тонна уран борлиги тасдиқланган. Бу ерда уран бўйича юқоридаги кўрсаткичнинг атиги 3080 тоннаси ўрганиб чиқилган. Бироқ, янги тадқиқотлар натижасида Тош-Булоқ ҳудудининг ўзида 3519 тонна уран захираси борлиги аниқланган. Уран ва унинг бирикмалари асосан атом электр станцияларида реактор ёқилғиси сифатида ҳамда ядровий қурол ва бомбалар ишлаб чиқаришда портловчи моддалар сифатида ишлатилади. Унинг нархи бундан 5-10 йил аввал бир килограмми 300 долларга етган бўлса, ҳозир 100 доллар атрофида баҳоланмоқда. Украина ва бошқа бир қанча минтақаларда уруш авж олгани сабабли ураннинг нархи кўтарилиши кутилмоқда.
Қизил-Омполда торийнинг тахминий захираси 29 минг 252 тоннани ташкил этади. Шундан 6880 тоннаси ҳозирда қазиб олиниши мумкин бўлган захиралардир. Унинг 3390 тоннаси Тош-Булоқ ҳудудига тўғри келади. Бошқа маълумотларга кўра, Тош-Булоқнинг ўзида 8499 тонна заҳира бор. Торий ҳам уран каби радиоактив модда бўлиб, ўзининг юқори энергия қуввати туфайли атом энергиясининг келажаги ҳисобланади. Аниқроқ айтганда, бу модданинг бир тоннаси 200 тонна уран ёки уч миллион тонна кўмирга тенг энергия чиқаради. Ҳозирча унинг нархи, бир килограмми 100 доллар атрофида. Атом энергиясидан ташқари у металлургия, самолёт ва генератор ишлаб чиқаришда қўлланилади. Уран билан бирга космик кемалар ва сув ости кемалари учун ёқилғи сифатида ҳам ишлатилади.
Цирконий ёки циркон оксиди (диоксид) Қизил-Омполда 287 минг 636 тонна деб ҳисобланган. Бундан 94 минг 441 тоннаси қазиб олиш мумкин бўлган захирадир. Унинг 34 минг тоннаси Тош-Булоққа тўғри келади. Цирконий ҳам кўпинча атом энергетикасида уран ва бошқа радиоактив моддаларни ишлатиш учун қўлланилади. У қурилиш, тиббиёт ва металлургияда кенг фойдаланиб келинади. Уран ва торийга қараганда радиоактивлиги камроқ, аммо цирконий ҳам заҳарлидир. Турига қараб, килограмми 100 доллардан 500-600 долларгача баҳоланади.
Қизил-Омполда жами ярим миллион тонна фосфор оксиди мавжуд. Бундан 124 минг 645 тоннаси реал захирадир. Унинг атиги 10 минг тоннаси Тош-Булоқ ҳудудида жойлашган. Фосфордан асосан минерал ўғитларни бойитишда фойдаланилади. Фосфор заҳарли эмас. Аммо уран билан биргаликда бойитилса, бу ҳам радиоактив хусусиятга эга бўлиб қолади. Унинг нархи моддадан нима тайёрланишига қараб турлича баҳоланади.
Ушбу ҳудуддаги титан-магнетит миқдори эса 14 миллион тоннани ташкил қилади. Бундан атиги 2,6 миллион тоннаси қазиб олиниши мумкин бўлган захирадир. Унинг 1,6 миллион тоннаси Тош-Булоқ ҳудудида жойлашган. Титан моддаси автомобиллар, кемалар, самолётлар ва ракеталар ишлаб чиқаришда, кимёвий қурилишда, конструктив материалларда, инготларда, бўёқ олишда, радиоэлектроникада ва бошқа соҳаларда қўлланилади. Титаннинг нархи тозалигига қараб бир килограмми 5-6 доллардан 20 долларгача етади. Юқоридаги конларнинг фоиз нисбатига назар ташласак, руданинг 95 фоизини титаномагнетит, 3 фоизини фосфор, 2 фоизини цирконий, 0,22 фоизини торий, 0,17 фоизини уран ташкил этади.
Демак, ўз-ўзидан маълумки, Қизил-Омполдаги конларнинг реал фойда олиш мумкин бўлган заҳиралари жуда кам. Яъни, Бош вазир Ақилбек Жапаровнинг 300 миллиард долларгача етадиган ер ости бойликлари бор, деб оғиз кўпиртирган гаплари ҳақиқатга зиддир. Зеро, айрим чуқур конларни қазиб олиш ўз харажатини оқламаслиги аниқ.
Сиёсий жиҳат
Маълумки, Қизил-Омпол бўйича баҳслар 2019 йилда кучайди. Ўша йилда Путин бошчилигидаги рус делегацияси давлат ташрифи билан Қирғизистонга келган эди. Ташриф чоғида кўплаб очиқ ва махфий келишувлар амалга оширилди. Натижада, иқтисодий жиҳатдан барча минерал ресурслар Россияга тақдим қилиниб, ундан ортгани бошқаларга берилиши мумкин эди. Мисол учун, Қизил-Омпол конини ўрганиб чиққан “Қирғизистондаги ЮрАзиа” компанияси Канадада рўйхатдан ўтган бўлса-да, унинг 60 фоиз улуши русларга, 40 фоизи эса Қирғизистонга тегишли эди. Шу боис Қирғизистондаги АҚШ кадрлари “жарандык активисттер” номи остида халқнинг “ЮрАзиа” лойиҳасига нисбатан норозилигини оширишда фаол иш олиб боришди. Натижада Жеенбеков ҳукумати Россияга берган ваъдаларини бажара олмади. Халқнинг қаршиликлари туфайли Жеенбеков Қирғизистонда уран қазиб олишга мораторий эълон қилишга мажбур бўлди.
Бундан ташқари, мухолифатдаги сиёсатчилар бу масалага популистик кайфиятда ёндашди. Хусусан, Атамбаев тарафдорлари бўлган сиёсатчилар олдинга чиқиб, КСДП партияси конни ишга туширилишига қарши расмий баёнот берди. Аслида, фойдали қазилмаларни қидириш учун 2010 йил 18 ноябрда “ЮрАзиа” компаниясига лицензия берилган. Қидирув ишлари эса 2012 йилда бошланган. Кейин лицензия муддати 2020 йил 31 декабргача узайтирилди. Буларнинг барчаси Атамбаев ва унинг партияси ҳокимиятда бўлганида содир бўлди.
Ҳозир ҳам Жапаров ҳукумати ушбу конни ишга туширишга киришмоқда. Қизил-Омполда аҳоли саломатлиги учун хавфли моддалар мавжудлигига қарамай, унинг фойдаси эътиборга олинмоқда. “Биз рудани Қора-Балтага олиб бориб, ҳар бирини алоҳида ажратамиз. Шундан сўнг уни хомашё сифатида сўраган давлатга сотамиз. Биздаги уран хомашё бўлганлиги учун хавфли эмас”, деди Жапаров “Кабар” агентлигига берган интервюсида. Жапаровнинг сўзларига кўра, бу конда ҳам Қумтор каби бир қанча қимматбаҳо металлар мавжуд. “Қазилма бойлик топилган жойдан чиқадиган минерал ресурсларнинг таркиби фақат бир хил бўлмайди. Мисол учун, Қумторда нафақат олтин эмас, балки кумуш, мис, олтингугурт каби кўплаб элементлар мавжуд”. Бироқ, Қумтор бўйича ҳисоботлар 30 йилдан бери фақат олтиндан олинадиган фойдани ҳисоблаб келади.
Афсуски, бугунги ҳукумат ўз манфаати йўлида уран ва торий конларини ишлатиш халқ учун зарарли эканига қарамай, ўзидан олдинги раҳбарларнинг жиноятларини давом эттирмоқда. Бу ҳукуат Таласдаги “Жеруй”ни Россияга топшириш билан Қумтор бўйича сиёсий очко олиш учун қилган уринишларини бой берди. Энди эса, мораторий жорий қилинган конларни ишга тушириш йўлига ўтди. Уран конини ишга тушириш ҳақиқатан ҳам халқ учун муаммо келтириб чиқаради. Ушбу уран кони денгиз сатҳидан 1640-3000 метр баландликда жойлашган. Ер остидан уран қазиб олинса, радиацион нурланишнинг таъсир қилиш хавфи ортади. Уранни бойитиш жараёнида ундан қолдиқлар чиқади. Унинг радиациясион хавф туғдириши бир неча минг йилларгача давом этаверади. Унинг зарари сув ва шамол орқали тарқалади. Кондаги сойларнинг сувлари бирлашиб, Чуй сувига қўшилади. Кўл ҳудуди шамолли бўлгани учун кондан Балиқча томон доимий шамол эсади. Қазиб олинган хомашёни кон заводига ташиб бориш ҳам хавфлидир. Агар уран юкланган контейнерлар аварияга учраса, унинг зарарсизлигини айтиб халқни алдашади, лекин барибир халқ унинг зараридан азоб чекаверади. Барскоондаги циянид авариясида ана шундай ҳодисага гувоҳ бўлдик.
Аслида, уран ҳам, бошқа нарсалар каби, инсоният манфаати учун Аллоҳ берган неъматдир. Агар уни Аллоҳ буюрганидек фойдаланмасак, бу инсоният учун неъмат эмас, фалокат айланади. Ҳозир капиталистик тузумда бу уран конини ишга тушириш иқтисодий муаммо сифатида қаралиб, империалистларнинг хусусий ширкатларига берилмоқда. Унинг одамларга зарари эса эътиборга олинмаяпти. Уларнинг “зарарсиз усуллар билан қазиб оламиз” деган даъволари ёлғондан бошқа нарса эмас. Чунки улар учун фойда бўлса, бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламайдилар. Ислом дини эса бунга иқтисодий муаммо эмас, балки инсоний муаммо деб қарайди. Шунинг учун уран инсон учун зарарсиз бўлгандагина қазиб олинади. Бунда одамларнинг иймон ва тақвосига таянади, шунингдек, Ислом давлати буни шариат асосида амалга оширади.
Шариатда уран халқнинг умумий мулки ҳисобланади. Унинг фойдаси ҳар бир фуқарога етиб бориши керак. У атом электр станциясига ёнилғи сифатида қўлланиб, ишлаб чиқарилган энергияни халққа текинга етказиб берадими ёки Ислом давлатининг ҳайбати учун атом қуролини ишлаб чиқарадими ва ҳоказо – Ислом давлати уранни халқ учун ишлатади. Бироқ, ҳозир бундай давлат йўқ. Шунинг учун уранни кофир давлатларга ва уларнинг ширкатларига бериш ҳаром ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда капиталистик тузум фойдага асосланган, шунинг учун ҳам Уммат мулки бўлган фойдали қазилмаларни қазиб олишда одамларга зарар етиши ҳисобга олинмайди. Уларнинг зарарсиз усуллар билан қазиб оламиз, деб даъво қилишлари ёлғондан бошқа нарса эмас. Буни Қумтордаги музликларнинг вайрон бўлиши, цианиднинг сувга тўкилиши яққол кўрсатиб турибди.
Шуниндек, сиёсатчиларнинг ҳокимият учун курашларида бу муаммодан фойдаланишлари жоиз эмас. Бу ишда уларга ёрдам бериш ҳам гуноҳдир. Шунинг учун уран масаласида халқ ҳукуматни Шариат ҳукмларига биноан муҳосаба қилишлари керак.
Мумтоз Мавароаннаҳрий