بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Афғонистон ва Эрон ўртасидаги тўқнашувларнинг сабаблари
Савол:
Афғонистон билан Эрон ўртасида икки давлат учун асосий сув манбаи ҳисобланган Ҳилманд сув омборидаги сувни тақсимлаш борасида узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган келишмовчиликлар туфайли яна кескинлик кучайган. Бу ҳақда «Deutsche Welle» газетаси ўзининг веб-сайтида 2023 йил 3 июн куни бундай хабар тарқатди: (Ўтган ҳафта Эрон ва Толибон ўртасида чегара яқинида шиддатли отишма бўлиб ўтди. Оқибатда бир қанча аскар ҳалок бўлиб, бир нечтаси яраланди. Томонлар ўртасида навбатдаги кескинлик тўлқини давом этар экан, улар биринчи бўлиб ўт очишда бир-бирларини айбламоқдалар. Отишма Қобул ва Теҳрон ўртасида ҳар икки давлатнинг асосий сув манбаи ҳисобланган Ҳилманд дарёси (ёки афғонлар тили билан айтганда Ҳирманд дарёси) бўйича келишмовчиликлар кучайган бир пайтда содир бўлди). Ал-Жазира веб-сайти 2023 йил 1 июн куни Россиянинг «Известия» газетасига таянган ҳолда бундай ёзади: (Эрон ва Толибон ҳукумати ўртасидаги муносабатларда бу каби турли кескинликлар кузатилаётганига сабаб икки мамлакат ўртасидаги мавжуд диний ва сиёсий келишмовчиликларга қўшимча Теҳроннинг Афғонистондаги фуқаролар уруши пайтида Толибон ҳаракатига мухолиф бўлган Шимолий Алянсни қўллаб-қувватлаганидир. Биз Эрон ҳудудидаги Ҳамун кўлига қуйиладиган Ҳилманд дарёсининг сув ресурслари устидаги курашни унутмаслигимиз керак. 1973 йилда имзоланган келишувларга кўра, Афғонистон Эронга ушбу дарё сувидан йилига 850 миллион куб метр сув бериши лозим. Аммо бу масала Толибон ҳокимиятга келганидан кейин янада мураккаблашди). Саволим шуки, икки томон ўртасидаги муаммо ва тўқнашувларнинг сабаблари нимада? Ишлар қаерга қараб кетяпти? Можарони кучайтирадиган ёки ундан мустамлакачилик лойиҳаларини амалга оширишда фойдаланадиган йирик давлатлар борми?
Жавоб:
Бу сабабларни ва ишлар қаерга қараб кетаётганини билиш учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:
- Fars агентлигининг 2023 йил 27 майдаги хабарига кўра, («Сасули пости яқинидаги икки давлат ўртасидаги чегара чизиғида Эрон чегарачилари билан Толибон ҳукумат кучлари ўртасида қуролли тўқнашув юз берган». Агентлик масаладан хабардор манбага таяниб «Эрон чегарачилари билан Толибон жангарилари ўртасида зиддият юзага келиб, тўқнашувга айланиб кетди», дея хабар қилади. Эрон ички хавфсизлик кучлари қўмондони ўринбосари Қосим Ризоий ўзининг биринчи расмий баёнотида қуйидаги сўзларни айтди: «Теҳрон ўзининг Афғонистон билан чегараларида бирор бир нохуш ҳодиса юз беришига йўл қўймайди. Толибон ҳаракати Афғонистон-Эрон чегарасида бир қанча хатоликларга йўл қўйган. Биз қўшни давлатларга чегараларимиз дўстлик чегараси эканини, нохуш ҳодиса юз беришига йўл қўймаслигимиз кераклигини айтиб келамиз. Бугун эрталаб Толибон кучлари Эрон томонига қарата ўт очган. Ўз навбатида Эрон чегарачилари бунга жавоб қайтарган ва тўқнашувлар бир муддат тўхтаган. Аммо кейинроқ яна авж олиб, ҳамон давом этмоқда». Қосим Ризоийнинг таъкидлашича, ички хавфсизлик кучлари бош қўмондони Аҳмад Ризо Радан «Чегарачиларга ҳар қандай чегара бузилиши ёки тажовузга қатъий жавоб беришни буюрган». Эрон расмий ахборот агентлиги IRNAнинг маълум қилишича, «Бугун 2023 йил 27 май куни чегара қўшинлари билан Толибон кучлари ўртасида содир бўлган тўқнашувда 2 нафар Толибон ва 2 нафар Эрон аскари ҳалок бўлиб, бир қанча фуқаролар яраланган».
- Афғонистон ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдунофе Такур ўзининг твиттердаги саҳифасида «Бугун чегара бўйидаги Нимроз вилоятида содир бўлган тўқнашувларда бири Эрон, иккинчиси афғонистонлик бўлган икки киши ҳалок бўлди, бир нечта киши жароҳатланди. Ислом Амирлиги қўшнилари билан бўладиган тўқнашувларни қўллаб-қувватламайди», деган. (TOLOnews маҳаллий телеканали, 2023 йил 27 май). 2023 йил 29 май куни Афғон полицияси Афғонистон ва Эрон ўртасидаги «Жисрул Ҳарир» чегара пункти икки томон ўртасида бир неча соат давом этган қуролли тўқнашувлар туфайли 2023 йил 28 май куни ёпилиши ортидан қайта очилганини тасдиқлади. Буларнинг барчаси икки давлат чегарасидаги вазият хавфсизлик нуқтаи назаридан заиф эканини ва ҳар қандай лаҳзада қайта авж олиши мумкинлигини англатади. Толибон ҳокимият тепасига келгандан сўнг икки йил давомида томонлар ўртасида ўндан ортиқ тўқнашувлар содир бўлганига эътибор берадиган бўлсак, икки томон ўртасидаги таранглик деярли ҳар доим мавжуд бўлиб келганига гувоҳ бўламиз.
- Сўнгги кунларда Афғонистон билан Эрон ўртасидаги Ҳилманд дарёсидаги сув улушини бўлишиш борасида можаролар кучайган. Айни масала борасидаги зиддиятлар икки давлат ўртасида эскидан мавжуд. Улар ўртасида 1973 йил келишув тузилган бўлиб, унда Афғонистоннинг Эронга дарёдан ҳар йили 820 миллион куб метр сув бериши кераклиги айтилган. Эрон эса бор-йўғи икки миллион куб метр сув олганини айтмоқда. Демак, икки мамлакат ўртасида энг муҳим муаммолардан бири сув муаммоси эканлиги кўриниб турибди. Сув муаммоси бир ярим аср олдин инглизлар мамлакатни бўлиб ташлаганида бошланган. Эрон ташқи ишлар вазири Сайид Мусавий 2023 йил 28 май куни ўзининг твиттердаги саҳифасида бундай деди: «Ҳушёр бўлишимиз керак. Зобул-Нимруз чегарасида содир бўлган воқеа мустамлакачилар фитнасининг давомидир… Голдсмид ўзининг фитнаси билан 1872 йилдa Систонободни ҳозирги ҳолатига келтирган эди. Унинг меросхўрлари бугун Эрон ва Афғонистонни йўқ қилмоқчи… Ҳар икки мамлакат халқи ва элитаси ҳар қандай тўқнашув икки томон учун ҳам стратегик йўқотиш эканлигини англаб етмоғи даркор».
- Воқеа Афғонистон билан Эроннинг инглиз ҳакамлик комиссиясига мурожаат қилишга рози бўлишларидан бошланган. Ўшанда генерал Голдсмид етакчилигидаги комиссия 1871 йил Эрон билан Афғонистон ўртасидаги чегараларни демаркация қилишни бошлаб, бир йил ичида якунлаган. Икки давлат ўртасидаги умумий чегара узун бўлиб, Зулфиқор бўғозидан бошланади. Шимолда Эрон, Афғонистон ва Туркманистон ўртасидаги чегара учбурчаги Maлак Сиёҳ тоғигача чўзилган. Жанубда Эрон, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара учбурчаги 945 км.ни ташкил қилади. Ҳилманд сувларини бўлишиш бўйича жанжал ўша пайтда, яъни инглизлар чегараларни демаркация қилиш жараёнида Систон ва Балужистон минтақасини Афғонистон, Эрон ва Покистон ўртасида тақсимлаб юборишгач бошланди. Мақсадлари, ўзлари босиб олган, мустамлака қилган, сўнг бўлиб ташлаган исломий ва ғайриисломий юртларнинг ҳар бирида амалга оширгани каби мусулмон юртлари саналмиш бу юртлар ўртасида ҳам сурункали можаро ўчоғини пайдо қилиш эди. Бундан, шунингдек, айни бўлинган минтақани мана шу уч давлатдан алоҳида-мустақил қилиш учун курашадиган ҳаракат мавжуд бўлгани боис, у ерда исён оловини ёқишни ҳам кўзлашган. Бу билан инглизлар учун бир туйнук очилган бўлади. Улар шу туйнук орқали ўзаро низолашаётган ва бир-бирларини ўлдираётган ушбу юртлар ишига аралашишга муваффақ бўлишади. Бинобарин, айни юртлардаги ўзларининг нуфузини сақлаб қолиб, минтақа аҳлини ўз чангаллари остидан чиқармаслик учун ёки ўз нуфузларини йўқотишган пайтда қайта тиклаб олишлари учун бу юртларни заифлаштиришга ҳаракат қилишади.
- Икки давлат ўртасидаги чегаралар бўйича келишмовчилик, айниқса, 1896 йилдa Ҳилманд дарёсининг йўналиши ўзгартирилгандан кейин ҳам давом этди. Узунлиги тахминан 1150 км.ни ташкил қилувчи бу дарё Афғонистоннинг бир неча вилоятларини, шунингдек, инглизлар томонидан Афғонистон, Эрон вa Покистон ўртасида тақсимланган Систон ва Балужистон вилоятини кесиб ўтиб, Ҳамун кўлига қуйилади. Икки давлат ўртасидаги чегаралар инглиз полковниги Генри Макмагон томонидан қайта чизилиб, дарё сувлари 1905 йилда икки томон ўртасида тақсимланди. Афғонистонга Эроннинг сув таъминотига зарар етказадиган тўғонлар қурмаслик шарт қилинди ва Эроннинг дарё сувининг учдан бир қисмини олишига қарор қилинди. Бироқ амир Ҳабибуллоҳхон даврида Афғон томони буни қабул қилмади ва буни Эрон тарафга ён босиш, деб ҳисоблади. Зиддиятлар давом этди, бир нечта ҳакамлик комиссиялари тайинланди, битимлар имзоланди, сўнг ўнлаб йиллар давомида бу битимлар бузилаверди. 1934 йилга келиб, икки давлат ўртасидаги зиддият кучайгач, томонлар 1921 йилда тузилган шартноманинг «чегара низоларида инглизларнинг ҳакамлиги»ни назарда тутувчи 10-моддасига мурожаат қилмасликка қарор қилишди. Кейин Туркия ҳакамлик комиссиясига ҳам мурожаат қилишди, аммо комиссия муваффақиятсизликка учради. Шундан сўнг 1936-1939 йиллардa томонлар ўртасида музокаралар бошланиб, эронликлар «Камолхон» тўғонига оқиб тушадиган сувнинг ярмини талаб қилишди. Аммо афғонлар бунга рози бўлмагач, музокаралар муваффақиятсизликка учради. Худди шундай 1951 ва 1958 йилдаги музокаралар ҳам муваффақиятсизликка учради. Ва ниҳоят, 1973 йилга келиб, икки давлат ўртасида сувнинг 10 фоиздан камроғини эронликларга бериш назарда тутилган келишув имзоланди. Бироқ Афғонистон парламенти келишувни ратификация қилмади. Кейин коммунистлар 1978 йилда Афғонистонда давлат тўнтаришини амалга оширди ва улар келишувни бутунлай рад этишди. Шундан сўнг 1979 йилда Россия бошчилигидаги Совет Иттифоқи Афғонистонга ҳужум қилиб, уни босиб олди ва Эрон билан Афғонистон ўртасидаги вазият аввалгидек қолди.
- Бу ҳолат руслар ва уларнинг иттифоқчилари мағлубиятга учраб, Афғонистондан шармандаларча чиқиб кетганидан ва мужоҳидлар ҳокимияти ўрнатилганидан кейин то 1996 йил ва 2001 йиллар оралиғида Толибон биринчи марта ҳокимиятга келгунига қадар давом этди. Шундан сўнг Америка Афғонистонга тажовуз қилиб, босиб олди. Бу даврда, айниқса, 2014 йилда Ашраф Ғани Ҳокимият тепасига келгач, у Афғонистондан қўшни давлатларга оқиб ўтадиган, лекин Афғонистоннинг ўзи фойдаланмайдиган мамлакатнинг ғарби ва шарқидаги 10та дарёда тўғонлар қуришга қарор қилди ва 49та тўғон қурилди. Эрон чегараси яқинидаги Нимруз вилоятида 4 йил давом этган Камолхон тўғони қурилиши якунланиб, 2021 йилнинг март ойида фойдаланишга топширилди. Бу эса Эроннинг сув улушига сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Ашраф Ғани фақат нефть эвазига сув ўтказиш ниятида эканини айтди. Толибон ҳаракати иккинчи марта 2021 йил 15 августдa ҳокимиятга келиши билан Эрон янги афғон ҳукуматидан 1973 йилги келишувга қайтишни сўради. Маълумки, Эроннинг ўзида ҳам қўшни давлатлар билан сув муаммоси мавжуд, агар мустамлакачилар ўрнатган мана шундай бўлинишлар давом этаверса муаммолар юзага келиши тайин.
- Эрон президенти Иброҳим Раисий 2023 йил 18 май куни Систон ва Балужистон вилоятидаги Чабаҳор шаҳрига қилган сафари чоғида Афғонистон раҳбарларини огоҳлантириб, («Ҳирманд (Ҳилманд) дарёсидан сув олиш Систон ва Балужистон вилояти аҳолисининг ҳаққи бўлиб, бу нарса келишув ва шартномаларда айтилган», деди. Кейин у Афғонистон ҳукмдорларига таҳдид қилиб, бундай деди: «Афғонистон ҳукмдорлари буни нормал деб ҳисобламасликлари ва бу масалага жиддий қарашлари керак. Биз уларни Покистоннинг Систони билан Эроннинг Систон ва Балужистонидаги одамларга Ҳирманд дарёсидаги ҳақларини тез фурсат ичида беришлари керак, дея огоҳлантирамиз». У яна бундай қўшимча қилди: «Ҳукумат Уммон денгизидан Эроннинг шарқий ҳудудларига сув олиб келиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда. Аммо бу лойиҳа вақт талаб қилади»… Эроннинг Олам агентлиги веб-сайти, 2023 йил 18 май). IRNA ахборот агентлиги Эроннинг Афғонистондаги элчиси Ҳасан Козимийнинг ушбу сўзларини келтирди: («Агар Кажаки сув омборида сув борлиги исботланса ва Толибон Ҳирманд дарёси сувидан Эронга улушини бермаётган бўлса, бундай ҳолатда жавобгарлик унинг зиммасига тушади. Шунда баҳс-мунозара якунланиб, Эрон ҳукумати қандай ҳаракат қилиши кераклигини билади»… Арабийя, 2023 йил 25 май). Афғонистонда хизмат қилаётган эронлик дипломатнинг бу баёнотидан икки давлат ўртасидаги айни вазият портлаш нуқтасига етиб келгани кўриниб турибди. Эрон илгари Афғонистонда америкаликлар ва уларга малай ҳукуматлар бор пайтда бундай қилган эмас, балки бу муаммо ўнлаб йиллар давомида мавжуд бўлишига қарамай, Афғон ҳукуматлари билан муносабатлари яхши эди. Эрон президенти ва бошқа Эрон расмийларининг огоҳлантирувчи ва таҳдидли баёнотларидан бу икки давлат ўртасидаги вазиятнинг яхши эмаслиги кўриниб турибди. Эрон Систон ва Балужистон вилоятидаги сув муаммосини ўзи ҳал қилмагунча, яъни Эрон президенти айтганидек, Уммон денгизидан сув олиб келиб, сўнг уни тузсизлантириб, кейин қишлоқ хўжалик ерларига бермагунича вазият таранглигича қолаверади. Афтидан, Эрон расмийлари бу масаладан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўлиб, муаммонинг сабабчиси Афғонистондан сув оқимини тўсаётган Афғон ҳукумати қилиб кўрсатмоқда. Аслида, бу муаммо бир ярим асрдан зиёд вақтдан бери мавжуд эканини унутмаслик керак. Айниқса, бу минтақа аҳолисида Эрон режимига нисбатан норозилик мавжуд бўлиб, улар эътиборсизлик ва қаровсизлик сиёсатидан азият чекмоқдалар. Минтақада Эрон режимига қарши норозилик ҳаракатлари кузатилмоқда. Бундан ташқари, ажралиб чиқишга чақирувчи ҳаракатлар ҳам бор.
- Афғонистон Ислом Амирлиги матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид 2023 йил 27 май куни ўзининг твиттердаги саҳифасида бундай ёзди: («Қобул ўз мажбуриятларини бажаришга содиқ. Аммо кучли қурғоқчилик туфайли сув сатҳи сезиларли даражада пасайган». У яна бундай деди: «Эрон томонининг бу борадаги номақбул баёнотлари икки давлат муносабатларига зарар етказиши мумкин. Шу боис, бундай баёнотларни такрорламаслиги керак»). Бу таҳдидли бўлмаган, муносиб жавоб. Лекин Раисийнинг баёнотларида келадими ёки Афғонистонга нисбатан таҳдидли баёнотлар бериб, уни паст баҳолаган бошқа расмийларнинг баёнотларидами фарқсиз, барча таҳдидларни рад этиб, ундан огоҳлантирмоқда. Бундан Афғонистоннинг Эрон билан бўлган муносабатларни кескинлаштиришни хоҳламаётгани кўриниб турибди.
- Афғонистоннинг Эрон билан бўлган чегараларида Ҳилманд, Фараҳ ва Ҳарируд каби дарёлар бор. Шунингдек, Ҳорут, Ҳасбуш, Хаш ва Будай каби бирмунча кичик дарёлар ҳам мавжуд. Уларнинг барчаси Афғонистондан оқиб ўтиб, икки давлат ўртасидаги чегарада жойлашган Бузек ва Сабри кўлларига қуйилади. Ҳилманд дарёси Систон текислигининг асосий сув манбаи ва сурункали қурғоқчиликдан азият чекаётган Систон ва Балужистон вилоятининг асосий жон томири ҳисобланади. Афғонистондаги ушбу дарёларнинг, хусусан, Ҳилманд дарёсининг икки давлат ўртасидаги муносабатларда муҳим геосиёсий роль ўйнашлиги кўриниб турибди. Афғонистон ўзининг иқтисодий ва геосиёсий мақсадларига эришиш учун сув муаммосидан Эрон ва бошқа давлатларга қарши кучли босим воситаси сифатида фойдаланиши мумкин. Чунки мазкур сувларнинг 95 фоизи Афғонистондан келади.
- Юқорида айтилганларнинг барчасидан муаммонинг илдизи инглизларнинг мусулмон юртларини парчалаб, Систон ва Балужистонни уч қисмга бўлиб ташлаш учун қилган ишларида эканлиги кўриниб турибди! Зеро, Систон ва Балужистоннинг бир қисмини Афғонистонга, бир қисмини Покистонга ва яна бир қисмини Эронга қилиб бўлишган… Шу сабабдан дарёнинг оқими ва кўлга қуйилиш оғзи учта давлат бир-бирлари билан низолашиб, ихтилофлашадиган масалага айланди. Агар бу уч давлат Аллоҳ буюрганидек бир вужуд ва битта давлат бўлганда эди, ишлар яхшиланган ва тўғриланган бўлур эди. Шу боис, Эрон ва Афғонистон ўртасидаги тўқнашувга сабаб бўлган бу муаммонинг ечими фақатгина Эрон, Афғонистон ва бошқа Ислом оламидаги вужудларни йўқ қилиб, уларни Исломга асосланган бир вужудда ҳамда ирқчилик ва мазҳабпарастликни ҳам, инглизлар томонидан чизилган чегараларни ҳам бекор қиладиган битта давлатда бирлаштиришдан иборат. Зеро, муаммонинг илдизи мустамлакачилар томонидан исломий юртларнинг бўлиб ташлангани экани барчага маълум. Мустамлакачилик олови ва унинг қолдиқлари ҳаммани куйдирган. Зотан, юқорида келтирганимиздек, буни баъзи эронлик расмийлар ҳам айтиб ўтди. Муаммо ечими мустамлакачиликдан олдин бўлган каби ушбу юртларнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлашдан ҳамда уларни Исломга асосланган битта давлатга айлантиришдан иборат. Ана шунда, сув ўз йўлида оқа бошлайди, одамлар ундан тўйиб ичади, ҳайвонлар қонади, ер юзида Аллоҳ хоҳлагандек баракотлар униб чиқади, нефть бойликлари ҳаммага тақсимланади, ҳар ким Аллоҳ неъмат қилиб берган бойликлардан ўз насибасини олиб, Ислом аҳкомлари соясида бахтли ҳаёт кечиради…
Бундан бошқа барча ечимлар иккиламчи ва вақтинчалик бўлиб, ҳар қандай вақтда портлаши мумкин бўлган вақтли бомба кабидир. Шунинг учун биз барчани мусулмон юртларининг бирлигини таъминловчи Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни барпо этиш йўлида астойдил ҳаракат қилишга даъват қиламиз. Халифалик давлатини барпо этсак, мусулмонлар Ислом билан азиз-кучли бўлиб, Аллоҳнинг ўзаро биродар бандаларига айланадилар.
Ислом бизни чақираётган ечим, яъни азизлик, фаровонлик ва гўзал ҳаёт мана шу.
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَجِيبُوا للهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ لِمَا يُحْيِيكُمْ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللهَ يَحُولُ بَيْنَ الْمَرْءِ وَقَلْبِهِ وَأَنَّهُ إِلَيْهِ تُحْشَرُونَ﴾
«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни, динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар ва билингларки, шубҳасиз, Аллоҳ ҳар бир киши билан унинг қалби ўртасини эгаллаб турур ва шубҳасиз, Унинг ҳузурига тўпланурсизлар» [Анфол 24]
27 зулқаъда 1444ҳ
6 июн 2023м