Туркиядаги сайловларга бир назар

3304
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Туркиядаги сайловларга бир назар

Устоз Холид Ашқар (Абу Мўътазз Биллаҳ)

Мени ушбу мақолани ёзишга ундаган нарса кувайтлик бир даъватчининг сайловда Эрдоган эришган натижага нисбатан қолдирган изоҳи бўлди. Бу даъватчи бир-бирига яқин бўлган ва Эрдоган Қиличдорўғлидан бир оз устунлик қилган ушбу натижа ҳақида «Эрдоган тарафдорлари билан ўзининг илмонийлигини очиқ кўрсатаётган Қиличдорўғли тарафдорлари ўртасидаги бу бўлиниш халқнинг ярми ёки ярмига яқини Исломни истамаслигининг исботидир», деди. (У Эрдоганни Ислом вакили, дея ҳисоблаган). Шунингдек, бу даъватчининг Мисрдаги сайлов ҳақидаги тушунчаси Шафиқ билан Мурсий ўртасидаги натижа бўйича Мурсийнинг палласи осонгина оғир келганлиги тўғрисида бўлиб, қуйидаги саволларни ўртага ташлади. Ваҳоланки, Эрдоган ёки Мурсийга овоз бериш Исломга овоз бериш эмасми? Ахир, Эрдоганга ёки масалан Ғаннушийга овоз бермаслик Исломни қабул қилмаслик ҳисобланмайдими?!

Бу билимсизликдан холи бўлмаган чалкаштириш бўлиб, бунга нисбатан қуйидагиларни таъкидламоқчиман:

Биринчи: Кимда-ким йигирма йил ҳокимиятда бўлса-ю, лекин шунча вақт бутун жамиятни Исломни ва Ислом учун ҳаракат қилаётганларни яхши кўрадиган жамиятга айлантириш учун кифоя қилмаган бўлса ҳамда одамларни Исломни яхши кўрадиган кишиларга айлантириш учун ўзининг ҳукмронлик қилган даврини кифоя қилмайди, деб ҳисобласа, демак, Аллоҳ ундайларнинг ўзига ҳам, шунча вақтига ҳам барака бермабди! Зеро, одамларга ўз фикрлари ва тушунчаларини ўзгартиришлари учун бир неча ўн йилликлар керак бўлади, деган гап мутлақо нотўғри. Чунки Набий ﷺга одамларни юзлаб йиллар эътиқод қилиб келган ўз динлари ва тушунчаларини ўзгартириш учун бир неча йил кифоя қилган. Бунинг учун Ислом аҳкомларини одамлар устидан татбиқ қилиш ва жоҳилият қонунлари билан ҳукм юритмаслик етарли бўлган эди. Бунинг акси ўлароқ, бугунги кунда Ислом тўнини кийиб олган шахс ёки жамоалар жоҳилият қонунлари билан ҳукм юритишмоқда. Одамлар уларни данак каби туфлаб ташлаганда ёки бошқага мойил бўлиб кетишганда эса, овоз олиш учун Исломдан фойдаланишяпти!

Иккинчи: Эрдоганга овоз бермаган одамлар устидан улар Ислом бошқарувини хоҳлашмади, балки илмонийликни хоҳлашяпти, дея ҳукм чиқариш нотўғри. Партияси қарийб чорак асрдан бери ҳокимиятда қолиб, ҳали ҳам Мустафо Камол тузиб берган конституцияни жорий қилаётган экан, Эрдоган вакиллик қилаётган бу қандай Ислом?! Унинг тарафдорлари «бир неча ўн йилликлар давомида ҳукм сурган илмонийлик олдида Эрдоган ҳеч нарса қила олмайди», деган гапда нега бунчалик қаттиқ туришади?! Уларга жавобимиз шуки, Набий ﷺ Мадинаи Мунавварага кириб келганларида мусулмонлар аҳолининг атиги бешдан бирини ташкил қиларди. Шунга қарамай, ул зот биринчи кундан бошлаб Исломни татбиқ этдилар. Аммо биз Мадина аҳолисининг куфрга қаттиқ ўрганиб қолишгани ёки Исломнинг татбиқ этилишини исташмагани сабабли ул зотга қарши исён қилган, деган нарсага асло гувоҳ бўлмаганмиз!

Учинчидан: Эрдоган чорак асрлик ҳукмронлиги давомида Ислом билан ҳукм юритишни истаганда, унга ҳеч нарса тўсқинлик қилмаган бўларди. Чунки Туркиядаги одамлар Исломни яхши кўрадилар ва Ислом билан ҳукм юритилишини истайдилар. Бунга энг кучли далил бир неча йил муқаддам дунё тадқиқот марказлари томонидан Халифалик ҳақида ўтказилган оммавий сўров натижасидир. Ўшанда одамлар Халифалик давлатида яшашни афзал кўрган давлатлардан бири Туркия бўлди. Шундай бўлгач, Эрдоган ва унинг илмоний партиясига овоз бермаган инсонларни қандай қилиб Исломни хоҳлашмайди, деб айтиш мумкин?!

Тўртинчидан: Адолат ва Тараққиёт партияси ҳеч қачон ўзини исломий партия деб даъво қилмаган. Балки унинг тарафдор ва издошлари шундай деб ўйлашади. Аксинча, Адолат ва Тараққиёт партияси ўзининг илмоний партия эканини ва Туркияда Исломнинг татбиқ этишга ҳеч қачон интилмаганини кеча-ю кундуз очиқ таъкидлаб келади. Бу партия Халифаликни ағдарган динсиз, жиноятчи Мустафо Камолнинг суратисиз бирорта ҳам конференция ва учрашув ўтказмайди. Агар мактаб ва университетларда ҳижобга рухсат берган бўлса, бу унинг исломий партия бўлганлиги учун эмас, балки Ғарбнинг эркинликлар моделини татбиқ қилаётгани учундир. Адолат ва Тараққиёт партияси рухсат берган нарсага, Америка, Испания ва яҳудий вужуди ҳам рухсат беради. Шу боис, бу ердаги афзаллик қаерда?!

Бешинчидан: Эрдоган ва унинг партиясига Исломни татбиқ қилмагани учун узр йўқ. Чунки чорак аср ҳукмронлик одамларни Ислом татбиқига рози қилиш учун кифоя қилади. Шунга қарамай, унинг тарафдор ва издошлари «Эрдоганнинг Исломни татбиқ этишига тўсқинлик қилаётган нарса Туркияда салмоқли кучга эга бўлган илмонийлардир», деган даъвони қилишади! Уларга жавобимиз шуки, Эрдоган, айниқса, 2016 йилдаги инқилобга уриниш ҳодисасидан сўнг судья ва офицерлардан иборат ўзига қарши чиққан ҳар бир шахсни ҳибсга олди, қамоққа ташлади ва узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бинобарин, мамлакатнинг мутлақ ҳукмдорига айланди. Унинг бошқарувда бирорта ҳам реал рақобатчиси йўқ. Шундай экан, агар Эрдоган Исломни тўлиқ татбиқ қилишни истаганда эди, албатта татбиқ қилган бўларди. Ана шунда унинг қўллаб-қувватловчиси табиий бўлган, яъни Туркиядаги мусулмон халққа таянган бўларди. Биз шуни унутмаймизки, Туркиядаги инсонлар қирқ миллион квадрат километрдан зиёд майдонда ҳукмронлик қилган ва беш асрдан зиёд вақт мобайнида дунёнинг хўжайинлари бўлган. Улар ҳалигача ўз фарзандларига Эртугрул, Фотиҳ, Сулаймон ва Салим, деб исм қўймоқдалар… Шундай экан, Туркия ва Эрдоганга нима етишмаяпти ва уларни Исломни татбиқ этишдан нима тўсяпти?! Эрдоган ичкаридан қўрқяптими десак, юқорида буни нотўғрилигини баён қилдик… У ҳолда, хориждан қўрқяптими? Бу кимса черковни масжидга айлантиришни истаган пайтда Европадан ҳам, бошқасидан ҳам қўрқмади-ку! Туркия газ қидирув компаниялари газ конларини қидириб, Ўрта ер денгизининг шарқий қисмида кезиб юрган пайтда Эрдоган буни халқаро реакцияга умуман эътибор бермасдан амалга оширди-ку. Бас, нега Исломни татбиқ этиш ҳақида гап кетганда, унинг тарафдорлари бу мумкин эмас, деб даъво қилишади?! Ғалати парадокс шуки, Эрдоган Исломни татбиқ қилмоқчилигини, аммо бунга халқаро позиция монелик қилаётганини ёки Исломга қарши бўлган ўзининг кофир мухолафатчиларидан қутулмоқчи эканини ҳеч қачон даъво қилмаган. Хулоса шуки, бу кимсанинг Исломни татбиқ қилишга қодир эмаслиги нотўғри. Балки у Исломни татбиқ қилишни истамайди. У ўзи учун намуна қилиб олган шахс Эртугрул ёки Фотиҳ эмас, Мустафо Камолдир. Шундай экан, Эрдоган тарафдорлари подшоҳни унинг ўзидан ҳам кўпроқ ҳимоя қиладиган бўлиб олмасинлар. Чунки Эрдоганнинг ўзи ҳам, партияси ҳам илмонийдир… Тарафдор ва издошлари бунга рози бўладиларми ёки йўқми, уларнинг ҳақиқати мана шу.

Хулоса қилиб айтганда, Исломни татбиқ этиш шарафини Аллоҳ ҳар кимга ҳам, айниқса, одамлар билан намоз ўқиб, уларга хуфтонда имомлик қилувчи, сўнг муборак заминни босиб олган ва йигитлар, қариялар, аёллар ва гўдакларни ўлдираётган яҳудий вужуди президентини кутиб олувчи кимсага насиб қилавермайди… Шунингдек, Аллоҳ бу шарафни бир томондан Аё София масжидини очиб бериб, бошқа томондан «Туркияга кириш изни йўқ», деган дастак билан Шом аҳлини мамлакатга киритмай, чегараларда уларнинг ўлимига сабабчи бўлаётган кимсага ҳам ёки Рамазонда одамлар билан биргаликда ифторлик қилиб, бошқа томондан Афғонистон, Ироқ ва Шомдаги мусулмонларни қирғин қилишга самолётларини юбораётган кимсага ҳам насиб қилмайди.

Хуллас калом, эрдоганпарастларга шуни айтмоқчимизки, агар Туркия тепасига Ислом ва унинг аҳлига кеча-ю кундуз душманлик қилувчи камолчилар қайта келгудек бўлса ҳамда иккинчи босқич сайловида ютиб чиқишса, бунинг жавобгари Эрдоган ва партияси аъзолари бўлади. Аллоҳ улардан чорак аср ҳокимиятда нима қилдинг, Исломнинг қайси ҳукмини татбиқ этдинг, деб албатта сўрайди.

Туркия Эрдоган ва унинг партиясининг бўйнидаги омонат эди. Агар иккинчи турда одамлар уларнинг рақибларига овоз беришса, бу уларнинг Исломни истамаганликларини англатмайди, балки, Эрдоган ва унинг партиясининг ушбу омонатга хиёнат қилишганини ва уни суиистеъмол қилишганини англатади. Аллоҳга қасамки, эртага Эрдоган ҳам, партияси ҳам куч-қудрат ва қаҳр эгасининг ҳузурида «кошки бу омонатни бир кун бўлса ҳам кўтарганимизда эди», деб қолишлари аниқ.

Роя газетасининг 2023 йил 24 май чоршанба кунги 444-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here